Наманган давлат техника университетида республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида “Infoteach-2025” форуми ташкил этилди.
Анжуманда бир қатор олий ўқув юртлари ва компаниялар вакиллари, таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган уч юзга яқин информатика фани ўқитувчилари, ахборот-коммуникация технологиялари йўналиши масъуллари қатнашмоқда.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида республика Рақамли технологиялар вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов ёш авлоднинг “IT” соҳасидаги ютуқлари, бевосита замонавий технологияларни чуқур ўрганишга боғлиқлигини таъкидлади. Бу борада педагогларнинг меҳнати юксак баҳоланиб, жамият ривожида муҳим ўринга эгалиги алоҳида қайд этилди.

Форум доирасида “Сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари”, “График дизайннинг замонавий тенденциялари”, “Робототехника соҳасидаги инновацион ёндашувлар”, “Рақамли таълим воситаларининг самарали қўлланилиши” каби мавзуларда тақдимот ва муҳокамалар ўтказилди.
Мазкур форум ўз ишини икки кун давомида Чуст ва Учқўрғон туманларида давом эттириб, уларда ҳар икки ҳудудда иш олиб бораётган тегишли педагоглар фаол иштирок этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА