Жорий йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сони ўттиз етти ярим миллиондан ортди. 14-30 ёш оралиғидаги ёшлар эса қарийб ўн миллионга яқинлашгани қувонарли ҳол. Яъни жамиятдаги аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этмоқда.
Бу демографик кўрсаткичлар мамлакатимизда рақамли технологиялар ривожланиши учун кучли асосни яратмоқда. Datareportal.com маълумотларига кўра Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 70 фоиз қисми интернет фойдаланувчиси ҳисобланади. Аҳолининг 18 фоиздан зиёди турли ижтимоий тармоқлардан фойдаланади.

Бундай имкониятлар орқали ёшлар ўртасида рақамли китобхонлик соҳасида ҳам сезиларли ютуқлар кузатилмоқда. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишга туширилган “Мутолаа” мобиль иловаси ёшлар ўртасида китоб ўқиш маданиятини ривожлантиришда муҳим роль ўйнамоқда. Ушбу платформа орқали минглаб адабий асарлар, илмий китоблар ва замонавий нашрлар бепул тақдим этилмоқда. “Мутолаа” иловаси анъанавий китобхонлик ва рақамли технологияларни муваффақиятли уйғунлаштириб, ёшларнинг билим олиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди.
Ахборот технологиялари соҳасида ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ўз самарасини бермоқда. Давлат томонидан IT соҳасида 300 минг нафар ёшларни халқаро компаниялар талабига мос дастурлар асосида тайёрлаш ва иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бу уларга нафақат маҳаллий, балки халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиш имконини беради.
Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларида ҳам рақамли технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентабрдаги “Рақамли Ўзбекистон–2030” стратегияси тўғрисидаги фармони ҳамда 2024 йил 2 февралдаги “Рақамлаштириш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорини айтиш мумкин.
Маълумки, технологиялар ривожланган даврда ёшу қари ундан фойдаланади. Айнан гаджетлар ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурди. PISA сўровномаси дастлабки таҳлилига кўра, Ўзбекистонда шахсий телефони бор ўқувчилар телефони бўлмаган ўқувчиларга қараганда барча тест синовларида баландроқ балл олган: математикадан ўртача 11 балл, табиий фанлардан ўртача 8 балл ва ўқишдан ўртача 6 балл. Яъни телефондан таълим ресурси сифатида фойдаланиш таълим натижасига ижобий таъсир ўтказган. Шунга ўхшаш тарзда, уйида телефон китоби бўлган болалар ҳам китоби бўлмаган болаларга қараганда юқорироқ балл олган. Лекин уларнинг фарқи юқорида келтириб ўтилган (телефон мавжуд бўлган болалардаги) фарқдан анча каттароқ: математикадан ўртача 31 балл, табиий фанлардан ўртача 30 балл ва ўқишдан 35 балл олган. Шундай экан, ўқувчиларнинг рақамли ресурслардан оқилона фойдаланишни тарғиб қилиш, уларга меъёрларни тушунтириш зарур.
Сунъий интеллект, нейротармоқлар, робототехника ва бошқа сунъий онг асосидаги технологиялар ҳаётимизда тобора кенг ўрин эгаллаб бормоқда. Айниқса, глобаллашув шароитида бундай воситаларнинг долзарблиги янада ортиб бормоқда. Улар нафақат ишлаб чиқариш, балки кундалик ҳаётда ҳам катта ёрдамчи бўлиб қолмоқда. Сунъий интеллект инсоният ҳаётини тубдан ўзгартириши кутилмоқда. Бугунги кунда у турли автоматлаштирилган тизимлар, роботлар, алгоритмлар асосида фаолият юритмоқда. Сунъий интеллект ёрдамида автомобиллар бошқарилиши, шифокорлар ишини енгиллаштириш, ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш, ҳатто ижодий фаолият – мусиқа, расм чизиш ёки мақола ёзиш ҳам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда ҳозирги мавжуд маълумотлар манбаларидан сунъий идрок маълумотлар базасини шакллантириш ва улардан самарали фойдаланиш мумкин.
– Идентификациялаш ягона тизими: data.gov.uz
– Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар портали: data.gov.uz
– Давлат хизматлари агентлиги маълумотлар базаси: davlatxizmat.uz
Илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий этиб бораётган шароитда дунёнинг ривожланган мамлакатларида давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт, саноат, ижтимоий ҳимоя, таълим, тиббиёт, бандлик ва бошқа соҳаларда замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллеcт имкониятларидан кенг фойдаланиш урфга кирмоқда.
Айнан ёшларга қаратилаётган эътибор ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Ёшлар академияси кабилар ҳар томонлама катта имкониятлар эшигини очмоқда. Мисол учун, Ёшлар академияси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, иқтидорли ва ташаббускор ёшлар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш ҳамда уларни мамлакатнинг етакчи олимлари ва ишбилармонлари билан ҳамкорлигини таъминлаш каби муҳим вазифаларни амалга оширмоқда.
Рақамли технологиялар ҳаётимизни енгиллаштиргани билан бирга, ёшлар учун янги муаммоларни ҳам юзага келтирмоқда. Энг аввало, ижтимоий тармоқларга ҳаддан ташқари боғланиш рақамли қарамликни кучайтирмоқда. Шунингдек, кибербуллинг, онлайн зўравонлик ва ёлғон ахборотларнинг кенг тарқалиши ёшларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, кўпларида реал ҳаёт билан виртуал дунё ўртасида мувозанатни сақлашда ҳам жиддий муаммолар юзага келмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ёшлари ҳозирги рақамли даврда катта имкониятларга эга. Давлат томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли дастурлар, замонавий таълим тизими ва технологик инфратузилманинг ривожланиши самаралар майдони сифатида хизмат қилмоқда.
Нигора АБДУЛЛАЕВА,
Америка технологиялар университети ректори маслаҳатчиси,
Сардор ТЎХТАЕВ,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия универиситети,
талабаси.
ЎзА