Рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик кенгаяди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жаҳон банки вакили Рита Алмейда билан учрашув ўтказди.
Учрашувнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг IT-таълим ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотлари ва Жаҳон банкининг қўллаб-қувватлаш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат эди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг IT-таълим ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотлари, ҳамкорлик истиқболлари ва кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистоннинг таълим тизимидаги ютуқлари ва рақамли кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган дастурлари ҳақида ижобий фикрлар билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг рақамли трансформация жараёнидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди. Жаҳон банки вакиллари бу жараённи янада ривожлантиришда ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирди.
Ўз навбатида, вазир Ш.Шерматов Ўзбекистоннинг таълим тизимидаги ислоҳотлари, хусусан, инглиз тили ва IT-таълимига қаратилган дастурларни кенгайтиришга доир чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар ва IT соҳаларида кадрлар тайёрлаш бўйича эришган ютуқлари таъкидланиб, инновацион методологияларни жорий этиш орқали талабалар учун зарур кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётини ривожлантиришда кучли рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва уларни халқаро меҳнат бозорида талабга жавоб берадиган малакага эга қилиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ютуқларига қизиқиш билдирди ва ҳамкорликнинг келгуси истиқболларини муҳокама қилди. Вазирлик ҳамда Жаҳон банки вакиллари рақамли иқтисодиёт ва IT-таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА