Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жаҳон мобил конгресси (MWC) доирасида Хитойнинг етакчи компаниялари — ZTE ва Huawei раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда ZTE компаниясининг бош вице-президенти Жеймс Чжан, шунингдек, Huawei компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича президенти Филин Ган ҳамда компанияларнинг халқаро ва минтақавий вакиллари иштирок этди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш, замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, сунъий интеллект асосидаги ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий дата-марказлар лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ZTE билан ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
Учрашувлардан сўнг вазир Шерзод Шерматов ZTE ва Huawei компанияларининг кўргазма стендлари билан танишди. Унда янги авлод телекоммуникация инфратузилмаси, дата-марказлар учун замонавий ускуналар, 6G технологиялари, Wi-Fi 7 ва Wi-Fi 8 ечимлари, сунъий интеллект ҳисоблаш инфратузилмаси, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш платформалари ҳамда тармоқларни интеллектуал бошқаришга қаратилган технологиялар намойиш этилди.

Жумладан, “Intelligent WAN” технологияси асосида тармоқларни интеллектуал бошқариш, маълумотлар трафигини оптимал тақсимлаш ва киберхавфсизликни кучайтиришга хизмат қилувчи ечимлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА