Рақамли божхона тамойили асосида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Амударё соҳиллари бўйида қайта реконструкция қилинган бу манзилнинг номи – “Айритом” чегара-божхона пости. Мамлакатимизни Афғонистон Ислом Республикаси билан боғлайди. Илгари мазкур пост замонавий талабларга жавоб бермас эди. Энди эса бутунлай ўзгача манзарага дуч келасиз!
Аслида соҳа инфраструктурасини тубдан янгилашни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Аҳамият беринг, 2020 йилда пост орқали 108 888 нафар фуқаро ҳаракатланган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич салкам 2 баробарга ортиб, 196 563 нафарни ташкил қилди. Пост орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони эса ўтган йили 2020 йилга нисбатан қарийб
16 фоизга ортди. Бинобарин, авваллари божхона постининг ўтказувчанлик имконияти кунига 246 та автотранспорт воситасини ташкил қилган бўлса, энди бу кўрсаткич 285 тага етди. Шунингдек, 2021 йилда пост орқали ҳаракатланган юкли темир йўл вагонларида ташқи савдо айланмаси
11,168 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Бу вазиятда эса божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтни қисқартириш, тирбандликларга йўл қўймасликнинг ягона йўли – соҳани рақамлаштириш, замонавий илғор ахборот технологияларини кенг миқёсда жорий қилиш ҳисобланади. Эътиборлиси, эндиликда мазкур божхона пости орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари ҳақидаги маълумотларни республикамиздаги бошқа божхона пости ходимлари ҳам онлайн тарзда олиши мумкин.
[gallery-5572]
“Айритом” чегара божхона постини реконструкция қилиш билан бирга фуқаролар учун янги замонавий ўтиш заллари, шу жумладан, VIP залларни қуриш, чегара божхона постини замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилди. Айниқса, Марказий Осиёда ягона бўлган, автотранспорт воситаларини назоратдан ўтказиш учун мўлжалланган “Z-portal” сканер қурилмалари келтирилгани айни муддао бўлди. 30 сантиметргача қалинликдаги пўлат ортини ҳам кўра оладиган бу ускуна автотранспорт воситаси юкхонасини очмасдан, унга ортилган товарларни туширмасдан туриб, божхона кўригини саноқли дақиқаларда ўтказиш имконини беради.
Пост ҳудудида радиация назорати қурилмалари билан жиҳозланган ускуна ҳам ўрнатилган бўлиб, ушбу қурилмалар чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ёки автотранспорт воситаларида ноқонуний радиоактив моддаларни аниқлашда қўлланилади. Body сканер қурилмаси эса инсон тана аъзоларини сканерлаш орқали ички органларга яширган ҳолда гиёҳванд моддалар, заргарлик буюмлари ва бошқа моддий қимматликларнинг олиб ўтишга бўлган уринишларни фош қилади.
Бу ерда божхона ходимлари махсус техник воситалар билан бир қаторда кинология хизмат итлари кўмагида ҳам божхона кўригини амалга оширадилар.
Энг катта янгиликлардан бири – “Айритом” чегара божхона постида Ситуацион назорат маркази ташкил қилинди ва у Давлат божхона қўмитасининг Бош ситуацион назорат марказига уланган.
Дарвоқе, коронавирус пандемияси даврида ҳам “Айритом” ўз фаолиятини узлуксиз амалга оширди. Республикамизга кириб келган ҳайдовчилар шу ернинг ўзида коронавирусни аниқлаш юзасидан тест топшириш имконига эга бўлдилар.
Қолаверса, бепул Wi-Fi зонаси ташкил қилингани, Она ва бола хонаси очилгани, бож олинмайдиган савдо дўкони, банк шохобчаси йўлга қўйилгани ҳам йўловчилар учун қатор қулайликлар яратади.
Янгиланган, рақамли божхона тамойили асосида фаолият юритаётган “Айритом” чегара-божхона пости эндиликда ўз имкониятлари билан мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти, инвестиция жозибадорлиги ҳамда туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА