Рақамли божхона коррупциянинг олдини олади
Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси томонидан журналистлар ва блогерлар учун «Рақамли божхона: Тошкент вилоятининг «Масофавий электрон декларациялаш» божхона пости фаолиятига назар» мавзусида пресс-тур ташкил қилинди.
Сўнгги йилларда божхона маъмурчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, «рақамли божхонани» шакллантириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 10 сентябрдаги «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали фаолият самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжат билан жорий йилнинг 1 октябрь санасидан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида божхона тартиботларини масофавий бошқариш орқали инсон омилини кескин қисқартириш борасида янгича тизим – “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари ташкил этилди. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг бошқа ҳудудий бошқармаларида ҳам мазкур турдаги божхона постлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, бу каби амалиёт бир қатор хорижий давлатларда, жумладан, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи, Жанубий Корея, Япония ва Туркияда йўлга қўйилган. Хусусан, Россияда 2018-2020 йилларда синов тариқасида 600 та расмийлаштирув постлари ўрнига 16 та электрон декларациялаш марказлари ташкил этилиб, ҳозир улар томонидан 99 фоиз юклар расмийлаштирилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постларининг босқичма-босқич жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, коррупция омилларига барҳам бериш, божхона органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, божхона ходими ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасида мулоқотни кескин қисқартиришга хизмат қилади.
Тадбир аввалида журналистларга «Рақамли Ўзбекистон божхонаси» кўргазмали тақдимоти ва соҳадаги ислоҳотларга бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди.
Сўнгги 5 йилда мамлакатимиз давлат божхона хизмати органлари фаолияти ҳам тубдан янгиланди. Энг аввало, тизимга «Рақамли божхона» тамойилининг кенг жорий қилинаётгани ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг вақти ва ортиқча харажатларини тежашга хизмат қилмоқда. Кенг миқёсда жорий қилинаётган «Хавфларни бошқариш», «Ягона дарча» каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар кўмагида божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақт қисқармоқда. Божхона назоратида илғор технологияларни татбиқ этилиши натижасида божхона декларациясини расмийлаштириш вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда эса 1,4 баробарга қисқарган. Шу билан бирга, 76 фоиз БЮДлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, бу кўрсаткич экспортда 84 фоизни ва импортда 74 фоизни ташкил этади.
Бироқ, таҳлиллар илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Пресс-турда журналистлар Тошкент вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган «Масофавий электрон декларациялаш» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида яратилган шароитлар, бу ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Айни пайтда «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постида 31 нафар ходим хизмат қилади. Ўтган давр мобайнида божхона постида божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, улар бўйича 701,5 миллиард сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган. Мазкур пост орқали тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган салкам 445 миллион доллардан зиёд маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган. Тадбир иштирокчилари вилоят божхона бошқармасининг фойдаланишга топширилган янги биносида яратилган шароитлар билан ҳам танишди.
Икки йил аввалэзгу ниятлар билан Нурафшонда Тошкент вилояти бўйича божхона бошқармасининг янги маъмурий биносига илк тамал тоши қўйилган бўлса, ўтган қисқа вақтда замонавий маъмурий бино бунёд этилди. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган мазкур бино божхоначилар учун чинакам байрам туҳфаси бўлди.
Тошкент вилояти бўйича божхона бошқармасидан туриб барча ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постларидаги вазиятни кузатиб бориш ва ўзаро ахборотлар алмашиш янада такомиллашди. Божхона объектларидаги юзлаб, минглаб видеокузатув камералари бу ерда ягона нуқтага жамланади ва тасвирларни исталган вақт ва масштабда кузатиб бориш мумкин.
Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Мусаев,ЎзА.