Бухоро шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Бухоро филиалида “Рақамли авлод қизлари” танловининг вилоят босқичи бошланди.
Танловнинг очилиш маросимида Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Тўев иштирок этиб, замонавий билим ва инновацион ғоялар билан майдонга чиққан иштирокчи қизларга самимий тилаклар билдирди. Рақамли технологияларни эгаллаган, ташаббускор ва билимли қизлар юртимиз келажагининг мустаҳкам пойдевори эканини алоҳида таъкидлади ҳамда барча иштирокчиларга омад тилади.



Танлов доирасида жами 74 та инновацион лойиҳа тақдим этилган. 16–20 ёш тоифасида 58 нафар ўқувчи, 21–30 ёш тоифасида 16 нафар иштирокчи ўз билим ва салоҳиятини намоён этмоқда. Танлов ғолиблари хорижга таълим саёҳати имкониятини қўлга киритади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.