«Рақамли авлод IT ҳафталиги» якунланди
Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан "Google“ компанияси ҳамда ”Digital Generation Uzbekistan“ нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ахборот технологиялари соҳасига қизиқиш билдирган ёшлар учун ташкил этилган «Рақамли авлод IT ҳафталиги» якунланди.
Янги Ўзбекистон университетида мазкур ҳафталик якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ҳафталик доирасида "Robo Labirint", "Robo Futbol", "DG Contest", "Cyber sport" йўналиши бўйича мусобақалар ва "GDG Google Devfest" тадбири ташкил этилди. «Рақамли авлод IT ҳафталиги»нинг якуний тадбири сифатида "Google Developer Groups" компанияси билан биргаликда "Devfest -2022" фестивали ҳам ўтказилди.
Ушбу IT тадбирда ўз соҳаси бўйича таниқли бир қатор хорижий мутахассислар иштирок этди. Улар орасида «Angry birds» ўйини яратувчиси Питер Вестербака ҳам онлайн машғулот ўтди.
Яна бир муҳим жиҳат – "Google Developer Groups" компаниясининг "Devfest-2022" тадбири "Google" компаниясининг Марказий Осиёдаги платформасида тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилинди.
– Ўзбекистон ёшларининг ахборот технологияларига бўлган қизиқиши ва бу соҳада билим олишга бўлган интилиши мени жуда ҳайратга солди, – деди "Google Developer Groups" компаниясининг илмий ишланмалар бўйича муҳандис-эксперти Саяк Пол. – Айни пайтда ёшларнинг бу қизиқишлари давлатингиз томонидан фаол қўллаб-қувватланаётганининг гувоҳи бўлдик. Ҳафталик доирасидаги анжуманда "Google Cloud Platform" дастурлари бўйича маъруза қилдим.
– Дастурлаш соҳасига жуда қизиқаман, – деди Тошкент шаҳридаги 222-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Мустафо Эркинов. – Лекин бу соҳада ҳали кўп ўқиб, ўрганишим кераклигини биламан. Ҳафталик доирасидаги машғулотлар ахборот технологияларига оид билимларимизни янада бойитди.
Ҳафталик якунида турли мусобақалар, танловларда фаол қатнашган ёшлар тақдирланди.
Назокат Усмонова, ЎзА