Рақамли авлод IT ҳафталиги – соҳада янги истеъдодларни кашф этди
Пойтахтимизда жойлашган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган мактабда “Рақамли авлод IT ҳафталиги” ҳамда “Microsoft Community Conf 2024 Uzbekistan” конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда IT соҳасига қизиқувчи 3 мингдан зиёд ўғил-қиз, жумладан, мамлакатнинг турли ҳудудларидан ўқувчи ва талабалар қатнашди.
Ёш авлоднинг IT соҳасидаги қобилиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг технологик ютуқларини оммага таништириш ҳамда инновацион ихтироларни рағбатлантириш мақсадига қаратилган ҳафталик давомида қатор тадбир ва мусобақалар ташкил этилди.
Хусусан, “DG Contest”, “Robo Sumo”, “Robo Football”, “Robo Racin” танловларида дастурлашга қизиқувчи ёшларнинг билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди.
Фойдали ихтиролар йўналишида эса инновацион ишланмалари ва ижодий ғоялари билан ажралиб турувчи ёш ихтирочиларнинг лойиҳалари тақдимот қилинди. Ушбу йўналиш мамлакатимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшувчи илмий ва технологик ютуқларни ривожлантиришга йўналтирилган.
“Microsoft Community Conf 2024 Uzbekistan” – “Microsoft” ҳамжамиятининг Ўзбекистондаги йирик анжумани бўлиб, унда иштирокчилар халқаро ва маҳаллий спикерлардан дастурлашдаги янги технологиялар билан танишиш ва ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлди.
Конференция доирасидаги семинар ва тренинг-машғулотларда IT соҳасидаги маҳаллий мутахассислар билан бирга, 10 дан зиёд халқаро спикер ва эксперт иштирок этди.
Якунда ҳафталик давомида ўтказилган танловлар ғолиблари, фаол иштирокчилар диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-20631]
Ҳафталик ёшларнинг рақамли технологияларга бўлган қизиқишини кучайтириш, янги истеъдодларни кашф этиш, уларни келажакда талаб юқори бўлган касбларга йўналтиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этди.
Камола ЮСУПОВА,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат) ЎзА мухбирлари