Рақамли асрда ҳақиқат учун кураш
Биз яшаётган давр инсониятга янги имкониятлар тақдим этибгина қолмай, жиддий муаммоларни ҳам ўзи билан бирга олиб келмоқда. Ахборот ишлаб чиқариш ва тарқатиш тезлигига етишиш қийин бўлган асримизда коммуникациялар экотизими туб ўзгаришлар жараёнини бошдан кечиряпти. Аммо бу ўзгариш жараёни фақат ижобий ривожланишни ўз ичига олмай, ахлоқий, маданий ва инсоний синовларни ҳам биргаликда олиб келаётгани айни ҳақиқат.
Технология тез ривожланаётган, бу мураккаб ва янги даврда кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланган сунъий интеллект ва алгоритмлар энди фақат восита бўлиб қолмай, куч мувозанатини қайта белгилайдиган омилга ҳам айланди. Ҳақиқат ва ёлғон ўртасидаги чегара кундан-кунга хиралашиб бораётган ва инсоният “ҳақиқат инқирози” деб аташ мумкин бўлган ноаниқликлар гирдоби билан курашаётган бир пайтда, биз катта синовлар билан юзлашяпмиз ва бу муаммоларни енгиб ўтишнинг ягона йўли самарали мулоқот стратегияларини ишлаб чиқиш эканини яхши биламиз.
Технология билан ўзгараётган коммуникация экотизимининг имкониятлари ва хавф-хатарларини жамият манфаатлари йўлида таҳлил қилиш ва бошқариш бизнинг энг асосий вазифамиз бўлиши лозим. Юз бераётган ўзгаришлар жамиятларнинг мулоқот соҳасидаги одатларини ўзгартириб, рақамли оммавий ахборот воситалари ҳаётимизнинг муҳим қисми сифатида ажралиб чиқмоқда. Бу ўзгаришнинг энг ҳайратланарли жиҳати эса, сунъий интеллектнинг коммуникация жараёнларидаги таъсири билан намоён бўлмоқда.
Сунъий интеллект воситалари дунёни ва барча соҳаларни тезлик билан ўзгартираётганини кўриб турибмиз. Бугун сунъий интеллект стратегик коммуникацияда ўйин қоидаларини ўзгартирувчи куч сифатида олдимизда турибди. Маълумотларни таҳлил қилиш, контент яратиш ва инқирозларни бошқариш каби соҳаларда тақдим этаётган имкониятлари бир неча йил олдингина тасаввур қилиб бўлмайдиган тезлик ва самарадорликни таъминламоқда. Яқин яқингача фақат илмий-фантастик филмлардагина тасаввур қилинган ғояларга бугун ҳар бир инсон осонлик билан фойдаланиши мумкин бўлган даражага етди.
Афсуски, технологиянинг бу ижобий ривожланиши нотўғри мақсадларда қўлланилганда, рақамли қуролга айланиш эҳтимолини келтириб чиқармоқда. Deepfake технологияси ёрдамида сунъий интеллект асл контентни сохта контентдан ажратиб бўлмас даражада ўзгартириб, жамиятларнинг ишончига путур етказмоқда ва ҳақиқат инқирозини чуқурлаштирмоқда. Бу эса дезинформация, манипуляция ва ахлоқий бузилишларнинг ҳалокатли натижаларини сезиларли даражада оширмоқда. Алгоритмлар назорати остидаги дунёда, одамларнинг фақат “акс-садо хоналари”да қамалиб қолишига, жамиятнинг бўлинишини кучайтириб, ҳақиқат ўрнини манипуляция эгаллашига олиб келмоқда. Бу ҳолат, сунъий интеллектнинг ахлоқий тамойиллар билан бошқарилиши шартлигини яна бир бор кўрсатди. Сунъий интеллектнинг рақамли соҳада қўлланилиши жавобгарлик, шаффофлик ва ахлоқий тамойилларни ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда.
Яқинда Ғазода юз берган фожиалар пайтида барчамиз сунъий интеллект ёрдамида дезинформация халқаро жамоатчиликни чалғитиш учун қандай қўлланилганига гувоҳ бўлдик. Ижтимоий тармоқлардаги дезинформация алгоритмлар томонидан тез тарқалиб, тўғри маълумотларга эга бўлишга тўсқинлик қилди. Оқибатда юз бераётган воқеалар ва инсон ҳуқуқлари бузилишларига оид ҳақиқий маълумотларни оммага етказиш қийинлашди. Технологик ва рақамли имкониятнинг инсониятга тақдим этаётган катта фойдаларини албатта инкор этиб бўлмайди. Худди, шу имкониятларни ғаразли мақсадлар учун ишлатаётганларнинг мавжудлиги глобал хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётгани ҳақиқатини инкор этиб бўлмайдиганидек.
Биз Туркия ҳукумати сифатида бу каби ҳалокатли таъсирларга қарши стратегик коммуникация механизмларимиз орқали нотўғри маълумотларнинг олдини олиш, ҳақиқатни ҳимоя қилиш ва халқаро жамоатчиликнинг тўғри маълумотга эришишини таъминлаш учун жиддий саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. Рақамли таҳдидлар бўйича хабардорликни ошириш ва медиа саводхонлигини ривожлантириш бугунги куннинг турли хил хавфлари билан курашишда бизнинг устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Кенг кўламли рақамли трансформацияни бошқариш учун глобал ҳамкорликнинг аҳамияти кундан-кунга кўпроқ сезилмоқда. Туркия ҳақиқат курашида халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдиган фаолиятини давом эттиряпти.
Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг “Туркия асрининг мақсадлари” шиори доирасида ҳозирги ўзгариш даврида стратегик ёндашувни кўрсатяпмиз. Технологияни инсониятнинг хизматига тақдим этиш, ижтимоий фойдани устувор қўйиш ва ҳақиқатни марказга олган коммуникация тушунчасини асосий тамойил сифатида белгиладик. Бу янги асрда стратегик коммуникацияни – ноаниқликларни бошқариш ва ишончни таъминлашнинг калити деб биламиз. Мамлакатимиз миллий ва халқаро миқёсда бу соҳада самарали рол ўйнамоқда.
Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси томонидан олиб борилаётган дезинформация билан курашиш саъй-ҳаракатлари, узоқ вақт давомида ҳақиқат инқирозига қарши қатъият билан фаолият юритмоқда ва шу доирада самарали ечимлар ишлаб чиқмоқда. Рақамли даврнинг ўзгариш шамолларини яққол сезаётган бир даврда 2024 йил 13-14 декабрь кунлари ўтказиладиган “СТРАТCОМ: Халқаро стратегик коммуникациялар форуми” барча имконият ва хавфни глобал миқёсда чуқурроқ муҳокама қиладиган етакчи платформа ҳисобланади. Дунёнинг турли ҳудудларидан давлат сектори, оммавий ахборот воситалари, академия, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакилларини бир жойга жамлайдиган мазкур форум стратегик мулоқот экосистемасининг келажагига йўл кўрсатувчи фикрларнинг уйғунлашган марказига айланиши кутилмоқда.
«СТРАТCОМ»ни фақат форум сифатида баҳолаш тўғри эмас. “СТРАТCОМ: Халқаро стратегик коммуникациялар форуми” шу билан бирга рақамли даврнинг қийинчиликларига ва ҳақиқат инқирозига қарши умумий ироданинг шаклланишига имкон берадиган глобал бир даъватдир. Ушбу глобал даъватнинг аҳамиятини, сунъий интеллект ва стратегик мулоқотда юз бераётган инқилоблар билан бирга зиммамизга катта масъулиятлар ҳам юклаётганини кўряпмиз. Биз инсониятнинг умумий келажаги учун ҳақиқат, виждон ва адолат тамойилларидан воз кечмасдан ҳаракат қилишимиз кераклигини англаб етганмиз. Туркия, ушбу тушунчадан келиб чиққан ҳолда нафақат ўз минтақасида, балки глобал миқёсда ҳам намуна бўлишда давом этади.
Фахреттин АЛТУН,
Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги
Коммуникация бошқармаси бошлиғи, профессор,
ЎзА