Рақамлаштиришга оид инновация яратилди
Ўзбекистонда аҳоли сони 38 миллион кишига яқинлашмоқда. Янги истиқомат пунктлари пайдо бўлиши, яшаш ҳудудлари кенгайиши, ўз навбатида, экологик муаммоларни янада самарали ҳал этиш, айниқса, чиқиндиларни ташиш тизимини такомиллаштиришни тақозо қилмоқда.
Яшаш ҳудудларидаги чиқиндиларни ташиш тегишли ташкилотлар томонидан махсус жадвал асосида амалга оширилади. Бироқ бу график тизими самарадорлик жиҳатидан камчиликлардан ҳоли эмас. Масалан, чиқинди идишлари ҳали тўлмаган бўлса ҳам, махсус автотранспорт воситалари ортиқча вақт, ёқилғи, ишчи кучи сарфлаб режадаги манзилларга боришга мажбур. Ёки аксинча, чиқинди қутилари тўлганига анча вақт бўлган бўлса ҳам, ташиш хизмати графикда қайд этилмагани туфайли кечикади. Бу эса чиқиндиларнинг атмосферани бир неча кун давомида ифлослантиришига, турли ҳашаротларнинг кўпайишига сабаб бўлади.
Наманган давлат университети “Инновацион клуб” раҳбари Улуғбек Турдалиев раҳбарлигида клуб аъзоси, физика йўналиши талабаси Севинч Турсуналиева томонидан “2025 – Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури ижросига ҳамоҳанг ишлаб чиқилган маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш тизимини рақамлаштириш лойиҳаси айни шу муаммони ҳал қилишга қаратилган.
Лойиҳа лазер детекторлар орқали чиқинди идишларининг тўлиш даражасини аниқлаш ва бу ҳақда марказий серверга маълумот жўнатишни кўзда тутади. Ушбу қурилма чиқинди ташиш билан шуғулланадиган ташкилотларга чиқиндиларни самарали бошқариш имконини беради.
– Лойиҳамизнинг кўпгина афзаллик томонлари бор. Масалан, масофа датчиги чиқинди идишини доимий кузатиб боради ва у тўлганда, марказий серверга “Чиқинди қутиси тўлган!”, деган хабарни юборади, – дейди Севинч Турсуналиева. – Агар идиш тўлмаган бўлса ва бошқа муаммо юзага келган бўлса, махсус тугма орқали “Чиқинди қутиси тўлган ёки бошқа муаммо бўлиши мумкин!”, – деган маълумот серверга узатилади. Дарвоқе, бу жараёнда “GSМ” модуль ёрдамида чиқинди идишининг жойлашуви ҳам марказий серверга етказилади, натижада автотранспорт воситалари тўпланган чиқиндиларни қисқа вақт ичида ташиб кетиши мумкин бўлади.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида нафақат ресурслардан самарали фойдаланилади, балки аҳоли зич жойлашган ҳудудларда чиқиндилар узоқ вақт тўпланиб қолиши, натижада атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, нохуш ҳидлар тарқалиши ва турли бактериялар тарқалиши, шунингдек, фуқаролар норозилигининг олди олинади.
Яратган лойиҳани ҳозирча Наманган шаҳри миқёсида амалга татбиқ этиш режалаштирилган. Келгусида лойиҳа янада такомиллаштирилади ва бошқа ҳудудларда ҳам фойдаланиш имкони яратилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА