Рақамлаштириш натижалари таҳлил қилинди
Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги миссияси, Европа ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EuroUz), Европа бизнес ассоциацияси (AEB), Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Парк ҳамкорлигида “Ўзбекистонда рақамлаштириш ҳолати” мавзусида онлайн вебинар ташкил этилди.
Тадбир ЕИ билан янги иқтисодий алоқа кўпригини яратиш, 2023 йил давомида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ёритишга қаратилган “Ўзбекистон: рақамлардан ташқари” шиори остидаги тадбирларнинг бир қисмидир.
Анжуманнинг юқори даражали маърузачилари яратилган қулай имкониятга мос равишда мамлакатимизда хорижий компаниялар иштироки ортиб бораётганини эътироф этди. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳукумат томонидан Ўзбекистонни тарк этмаган ҳолда Европанинг исталган компанияси учун аутсорсинг иш ўрнида ишлаш кўникмасига эга бўлажак битирувчилар гуруҳини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатни алоҳида қайд этди.
Ахборот технологиялари соҳасида ЕИ компаниялари учун кенг қамровли тадбирлардан бири ҳисобланган мазкур вебинарда онлайн иштирок этган 100 дан ортиқ Европа компанияси тадбирни ижтимоий тармоқда тўғридан-тўғри кузатиб борди.
ЎзА