Рақамлаштириш иш унумини янада оширмоқда
Сув ресурсларидан тежаб, оқилона фойдаланиш юқори самара беришини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу боис мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экин майдонларига сув етказиб бериш натижадорлигини ошириш мақсадида соҳада инновацион технологияларни жорий қилиш борасида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам мавжуд сув ресурсларини онлайн режимда бошқаришга ўтилиши ижобий самара бермоқда.
Сув хўжалигида энг муҳим жиҳат фойдаланилаётган сув ҳисобини тўғри ва аниқ юритишдир. Соҳада жорий қилинаётган рақамлаштириш тизими айтиш мумкинки каналлар ва муҳим сув объектларида ягона онлайн ҳисоб юритиш тизими орқали инсон омилини камайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
[gallery-21815]
Масалан, Қарши гидроузели вилоятдаги муҳим сув тарқатиш иншоотларидан бири ҳисобланиб, Қарши шаҳри, Қарши ва Косон туманларидаги жами 24 минг гектар майдондаги қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлайди. Айтиш мумкинки, иншоот бугун тўлиқ рақамлаштирилиб, жараёнлар илғор компьютер технологиялари орқали бошқарилади. Бу эса бевосита сарфланаётган сувнинг аниқ онлайн ҳисобини юритишга яқиндан ёрдам бермоқда.
– Илгари сув ўтказувчи дарвозалар қўл кучи ёрдамида очиб ёпиларди ва бу анчагина ноқулайликлар туғдирарди. Айниқса қиш ойларида, – дейди Қарши гидроузели бўлим бошлиғи Аҳрор Бердиев. – Ўтган йилда қурилмалар тўлиқ автоматлаштирилди. Видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Ҳозирги кунга келиб икки киши хонада ўтириб пульт орқали буни бемалол бошқара олади. Ҳар бирига сенсорли датчиклар ўрнатилган. Эндиликда туманларга бериладиган сувни автоматлашган тизимда тўлиқ лимитга ўрнатиш ва тунги навбатчилик қисмдагилар видеокузатув мосламасига қараб, назорат қилиш имконига эга бўлди. Жами 19 та дарвоза бор. Шундан 6 таси ювувчи галерея. Улар келадиган чўкиндиларни ювиш вазифасини бажаради. 6 та дарвоза сел сувларини ўтказиш учун мўлжалланган. Қолганлари туманларни сув билан таъминлашга хизмат қилади. Гидроузелга асосан Чимқўрғон сув омборидан сув келади. 550 минг куб сув ўтказиш қобилиятига эга.
Гидроузелдаги бу янгиланиш у ерда куну тун турувчи гидротехникларнинг иш унумдорлигини ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
– 8 йилдан бери ишлайман тизимда, – дейди муҳандис гидротехник Азамат Чориев. – Илгари бу ишлар қўлда бажариларди, ҳозир автоматлаштирилган. Хонада ўтириб бажарамиз. Иш унумдорлиги ошди. Авваллари сув ҳисобини юритишда аниқ миқдорни олишнинг имкони камроқ эди. Энди эса бу янада осонлашди.
Таъкидлаш лозимки, бугун Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида марказлашган диспетчерлик маркази ташкил этилган бўлиб, айни пайтда марказда ақлли сув платформаси орқали вилоятдаги сув ҳавзалари, дарё ва каналлардаги сув сарфи онлайн кузатиб борилмоқда. Тизимда ақлли сув ўлчаш қурилмалари жорий этилиши бу борадаги муҳим янгиликлардан бири бўлди.
– Кейинги йилларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, – дейди бош диспетчер Шохиста Шукурова. – Жумладан, Ақлли сув ўлчагичлар 1 минг 527 та, дайвер қурилмалари 1 минг 129 та нуқтада ўрнатилди. Шунингдек, Австралиянинг “Рубикон” компанияси томонидан Касби туманидаги “Миришкор” ҳамда “Қамаши” каналларида сув сатҳини ўлчайдиган онлайн бошқарув қурилмалари ўрнатилди. Диспетчерлик пунктидан туриб уларнинг қанча сув сарфи борлигини ҳамда сатҳи бўйича маълумотларни онлайн кузатиб туриш имкониятига эгамиз. Ҳамда бу ўрнатилаётган қурилмалар сувни мукаммал бошқаришимизда, сув ресурсларидан тежаб тергаб фойдаланишимизда, лимит асосида қўйилган сувни жойида ўтириб бошқариш имконига эга бўляпмиз. Бу эса сувнинг кунлик, ойлик ва йиллик ҳисобини аниқ шакллантиришга ёрдам бермоқда. Илгари ушбу маълумотлар телефон орқали масофадан олинарди ва баъзан чалкашликлар келиб чиқарди. Ҳисоботлар ҳам онлайн юритилмоқда. Аниқлик масаласида ҳам анча қулайлик бўляпти. Вақт масаласида ижобий натижалар бор. Масалан, қаергадир бериладиган сув Сув хўжалиги вазирлигининг хабарномасига кўра очилади. Ҳозирги кунда шу хабарнома келиши биланоқ сувни очиш имконимиз бўляпти. Илгари шу жараён бироз вақт оларди.
Қайд этиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида сарфланаётган сувнинг ҳисоби ва ҳисоботи тўлиқ юритилишини таъминлаш мақсадида магистрал каналлар ҳамда муҳим сув объектларида сувнинг ягона онлайн ҳисобини юритиш тизими жорий этилишига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада амалий ишлар давом эттирилмоқда. Мақсад сувдан фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, каналларда сув йўқотилишининг олдини олиш бўйича замонавий ва самарали ёндашувларни амалиётга жорий қилишдир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари