Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлигининг ахбороти эшитилди. Унда Давлат дастурининг рақамлаштириш йўналишидаги бандлари ижроси юзасидан ахборот берилди.
Таъкидланганидек, бугун ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан самарали фойдаланиш натижасида давлат бошқаруви тизими тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Бу борада 2024 йил якунига қадар Ягона портал орқали кўрсатилаётган хизматлар ва сервислар сонини 700 тага етказиш белгиланган. Бугунги кунда ушбу хизматлар сони 646 тани ташкил этмоқда, 72 та давлат хизматлари ва сервислари рўйхати шакллантирилиб, уларни ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий ярим йил давомида ахборот технологиялари соҳасида экспорт ҳажми 254,4 млн. АҚШ долларига етказилган. Аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш доирасида республика бўйлаб 21,5 минг км. оптик толали алоқа линиялари ташкил этилган. Халқаро аҳамиятга эга магистраль автомобиль йўллари бўйлаб юқори тезликдаги мобил интернет қамров даражаси 85 фоизга етказилган. Йил якунига қадар 90 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижроси таъминланаётганини алоҳида қайд этди. Якунда соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилиб, ушбу масалалар юзасидан самарали парламент назоратини тизимли давом эттиришга келишиб олинди.
М.Комилова, ЎзА