Рақамлар ортидаги ривожланиш: Янги Ўзбекистон қандай ўзгармоқда?
Ҳамма нарса таққослаш ва солиштиришда, қиёслаганда яққол аён бўлади. Бугун мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг натижадорлиги, уларнинг жаҳон рейтингларидаги ўрни қандай? Мазкур натижалар мамлакатимиз ҳаётида қандай аҳамиятга эга?
Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаев ЎзА мухбирига бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:
– Бугунги глобаллашган дунёда давлатларнинг нуфузи фақат географияси, табиий бойликлари ёки ҳарбий қудрати билан эмас, балки улар ҳақида шаклланган тасаввур — ишонч, шаффофлик ва барқарорлик билан ҳам ўлчанади. Бу тасаввурни шакллантиришда халқаро рейтинг ва индекслар алоҳида ўрин тутади. Улар замонавий дунё ойнаси каби. Ҳар бир мамлакат унда ўз аксини кўради — баъзан ёрқин, баъзан эса камчиликлари билан намоён бўлади.
Халқаро рейтинг ва индекслар давлатларнинг сиёсий-ҳуқуқий тараққиёти, ислоҳотлар суръати ва институционал салоҳияти ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантирувчи муҳим ахборот воситасига айланди. Ана шундай манбалардан бири — Қонун устуворлиги индекси (Rule of Law Index) бўлиб, у World Justice Project (WJP) томонидан тайёрланади. WJP ўзини қонун устуворлигини глобал миқёсда илгари суришга қаратилган мустақил, кўп тармоқли ташкилот сифатида тавсифлайди. Ташкилотнинг расмий маълумотларига кўра, 2025 йилги индекс 143 мамлакат ва ҳудудни қамраб олган, баҳолаш 8 та омил ва 44 та субомил асосида тузилган ҳамда 215 мингдан ортиқ аҳоли сўрови ва 4 100 дан зиёд ҳуқуқшунос ҳамда эксперт жавобларига таянган. Демак, бу ҳисоботга енгил-елпи эмас, жиддий таҳлилий манба сифатида қараш лозим.
2025 йилги WJP ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 143 давлат орасида 81-ўринни, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида 15 давлат ичида 8-ўринни эгаллаган. Энг муҳим жиҳати шундаки, глобал миқёсда давлатларнинг 68 фоизида қонун устуворлиги кўрсаткичи пасайган бир шароитда Ўзбекистон натижаси яхшиланган кам сонли мамлакатлар қаторида қайд этилган. Ҳисоботда яна “Тартиб ва хавфсизлик” (Order and Security) омили бўйича мамлакат 17-ўринни, минтақада 1-ўринни эгаллагани, “Коррупциядан холилик” (Absence of Corruption) бўйича 67-ўрин, фуқаролик ишлари бўйича судлов тизими (Civil Justice) бўйича 73-ўрин, жиноят ишлари бўйича судлов тизими (Criminal Justice) бўйича 68-ўринда қайд этилгани кўрсатилган. Яна бир муҳим жиҳати, ҳисоботда кўплаб давлатларда суд ҳокимияти мустақиллигига босим ўтказилаётгани ва фуқаролик ишлари бўйича суд тизими заифлашаётгани қайд этилган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда бундай салбий ҳолатлар кузатилмаётгани алоҳида эътироф этилган.
Шу нуқтада энг муҳим масалани тўғри қўйиш зарур: гап фақат “Ўзбекистон нечанчи ўринда?” деган саволда эмас. Асосийси “бу ўрин ортида қандай сиёсий, ижтимоий ва маданий манзара турибди?” деган саволдир. Чунки ҳар қандай индекс, ҳатто профессионал ва пухта методологияга эга бўлса ҳам, барибир муайян назарий ёндашувга таянади. WJPнинг ўзи ҳам ўз методологиясида индекс мамлакат ҳолатининг тўлиқ манзарасини эмас, аниқ танланган омиллар орқали қонун устуворлигининг муайян қирраларини ўлчашини кўрсатади. Шунинг учун бундай рейтингни мутлақ ҳукм сифатида эмас, таҳлил учун муҳим сигнал сифатида қабул қилиш тўғрироқ бўлади.
Бундай ёндашув, аслида, халқаро кун тартибининг ўзига ҳам мос келади. БМТнинг 2030 кун тартибида барқарор ривожланиш мақсадлари барча давлатлар учун умумий экани, бироқ уларни амалга оширишда “турли миллий реалликлар, имкониятлар ва ривожланиш даражалари” ҳисобга олиниши, миллий сиёсат ва устувор йўналишларга ҳурмат сақланиши лозимлиги аниқ қайд этилган. Бошқача айтганда, халқаро ҳамжамиятнинг ўзи ҳам тараққиётни бир хил қолип билан эмас, миллий шароит, институтлар ва жамиятнинг ички хусусиятлари билан бирга баҳолаш зарурлигини тан олади. Демак, Ўзбекистонни фақат ғарбда шаклланган сиёсий-ҳуқуқий мезонлар орқали ўлчаш ҳар доим ҳам тўлиқ ва адолатли манзара бермайди.
Айниқса, давлат бошқарувининг очиқлиги (Open Government), асосий ҳуқуқ ва эркинликлар (Fundamental Rights), фуқаролик иштироки (Civic Participation), фикр ва сўз эркинлиги (Freedom of opinion and expression), йиғилиш ва бирлашиш эркинлиги (Freedom of assembly and association) каби мезонлар турли жамиятларда турлича намоён бўлади. Ғарб мамлакатларида фуқаролик иштироки кўпроқ нодавлат ташкилотлар, оммавий акциялар, мустақил медиа ва лоббичилик маданияти орқали кўринса, Марказий Осиёга хос жамиятларда эса у маҳалла, оила, қўшничилик, жамоавий маслаҳат ва ижтимоий ҳамжиҳатлик орқали ҳам шаклланади. Шунинг учун барча мамлакатларни ягона сиёсий-маданий мезонлар асосида баҳолаш ҳар доим ҳам тўлиқ ва холис манзарани ифода этмаслиги мумкин.
Хорижий давлатлар тажрибаси ҳам шуни кўрсатадики, рейтингда юқори ўрин эгаллаш автоматик равишда мукаммал ҳолатни англатмайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистоннинг энг муҳим устунликларидан бири — хавфсизлик ва жамоат тартиби соҳасидаги амалий натижалар. WJP ҳисоботининг ўзи мамлакатни “Тартиб ва хавфсизлик” (Order and Security) бўйича 17-ўринга, минтақада эса 1-ўринга қўймоқда. Бу шунчаки статистик рақам эмас. Бу — кундалик ҳаётда нисбатан барқарор муҳит, тинч маҳалла, жамоат тартиби ва давлатнинг базавий хавфсизлик функциялари ишлаётганининг муҳим индикатори. Дунёда эркинлик ва институтлар ҳақида кўп гапирилади, аммо хавфсизлик ҳам инсон қадрининг ажралмас шарти.
Янги Ўзбекистон тажрибасининг яна бир кучли жиҳати — ислоҳотларнинг қоғозда эмас, фуқаро ва тадбиркор ҳаётида сезиларли бўла бошлаганидир. 2026 йил апрель ҳолатига келиб, давлат хизматларини соддалаштириш, тадбиркорлик муҳитини енгиллаштириш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантиришга қаратилган ислоҳотлар амалий натижалар бераётгани янада яққол кўринмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йил 1 апрель ҳолатида Ўзбекистонда 577,2 мингта корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда. Шундан 421 минг 969 таси тадбиркорлик субъектлари, 417 минг 250 таси эса кичик бизнес субъектларидир. Айни пайтда, хорижий инвестициялар иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 19 минг 72 тага етган бўлиб, уларнинг 4 минг 392 таси қўшма корхона, 14 минг 680 таси эса хорижий корхоналар ҳисобланади. Бу рақамлар янги Ўзбекистонда маъмурий тўсиқларни қисқартириш, тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш ва ташқи капитални жалб қилишга қаратилган ислоҳотлар 2026 йилда ҳам изчил давом этаётганини кўрсатади.
Ўзбекистоннинг яна бир ўзига хос кучи фуқаролик иштирокининг миллий шаклларига таянишидадир. БМТнинг Ўзбекистон бўйича 2025 йилги умумий мамлакат таҳлили (Common Country Analysis) ҳужжатида Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси тузилгани ва у 9 000 дан зиёд маҳаллаларни бирлаштиргани қайд этилган. Ҳужжатда ҳар бир маҳаллада “Маҳалла еттилиги” шакллантирилиб, у жамоа манфаатларини ифода этиш, ҳамкорликни кучайтириш, маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли иштирокини оширишга хизмат қилиши таъкидланган.
Бу ҳолат шуни кўрсатадики, фуқаролик иштироки ҳар доим ҳам фақат ғарбча сиёсий фаоллик шакллари орқали эмас, балки маҳалла, қўшничилик ва жамоавий маслаҳат орқали ҳам самарали таъминланиши мумкин. Бу миллий қадриятлар ва замонавий бошқарув ўртасидаги ўзига хос уйғунликдир.
Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар халқаро ташкилотлар томонидан тан олинган амалий натижалар билан ҳам мустаҳкамланмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 2022 йилда Ўзбекистон пахта соҳасида тизимли болалар меҳнати ва тизимли мажбурий меҳнат барҳам топганини эълон қилди. ХМТнинг расмий материалларида 2021 йилги пахта теримида иштирок этганларнинг 99 фоизи ихтиёрий меҳнат қилгани, барча вилоят ва туманларда мажбурий меҳнат ҳолатлари жуда кам ёки деярли йўқ даражага тушгани қайд этилган. Бу жуда муҳим факт. Чунки у мамлакатдаги ислоҳотлар фақат ички сиёсий баёнот эмас, балки ташқи мониторинг ва халқаро аудит олдида ҳам натижа берганини англатади.
Ҳуқуқий пойдеворнинг мустаҳкамланиши ҳам янги Ўзбекистон ислоҳотларининг муҳим қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Конституциясининг янгиланган матнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас экани, уларни суд қарорисиз чеклаш мумкин эмаслиги, энг муҳими, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши аниқ белгиланган. Шу нормага кўра, қонунлар, давлат ва ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятининг мазмуни айнан шу ҳуқуқлар билан белгиланади. Бу — ҳуқуқий давлатчилик масаласи мамлакатда ташқи имиж учун айтилган шиор эмас, балки конституциявий тамойилга айланаётганини англатади. Албатта, қонун билан ҳаёт ўртасида масофа доим бўлади. Аммо ана шу масофани қисқартириш учун ҳуқуқий асос яратилгани ислоҳотлар самарасини баҳолашда эътиборга олиниши шарт бўлган муҳим омилдир.
Хулоса шуки, бугун дунёда кўплаб мамлакатлар анъана ва модернизация, эркинлик ва барқарорлик, миллий давлатчилик ва глобал стандартлар ўртасида мувозанат изламоқда. Янги Ўзбекистон тажрибаси ана шу мувозанатни амалий шаклда қидираётган ва қуришга ҳаракат қилаётган модель сифатида аҳамиятлидир. Унинг қатор жиҳатлари — хавфсизликни жамоат осойишталиги билан уйғунлаштириш, давлат хизматларини рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупция хавфини камайтириш, маҳалла орқали фуқаролик иштирокининг миллий механизмини ривожлантириш, меҳнат соҳасида халқаро эътироф этилган ислоҳотларни амалга ошириш, конституциявий кафолатларни кучайтириш — халқаро миқёсда диққат билан ўрганишга арзийди.
Шу маънода, янги Ўзбекистонни фақат рейтинглар жадвалидаги бир рақам билан эмас, балки иш бераётган амалий ривожланиш модели сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади. Айниқса, ўз миллий қадриятларини сақлаган ҳолда замонавий ислоҳотлар ўтказишни истаган давлатлар учун бу тажриба тайёр андоза эмас, аммо жуда муҳим сабоқ ва қўллашга арзийдиган ёндашувдир.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова ёзиб олди.