Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Театр безаги рангтасвири кафедраси ўқитувчиси, ёш истеъдодли рассом Фурқат Бозоровнинг “Сув узра само” номли ижодий кўргазмаси очилди.
Кўргазмани Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раҳбари Иброҳим Валихўжаев очар экан, бугун юртимизда бадиий ижод, тасвирий санъат ривожига берилаётган эътибор ва ғамхўрлик юксак даражада эканлигини, бунинг натижасида санъатга истеъдодли ёш авлод кириб келаётганини қайд этди.
– Бадиий ижодда айрим ижодкорларнинг ўзи, номи таниқли, аммо бирорта асарини билмайсиз, – деди Иброҳим Валихўжаев. – Аммо шундай вакиллар борки, ўзини танимайсиз, асарларини танийсиз, эшитгансиз, ижод намуналари орқали сизга таниш – бу ижод аҳли учун яхши ҳолат, албатта. Фурқат Бозоров ҳам ана шундай меҳнаткаш, асарлари орқали танилаётган ижодкорлардан. Рассом Фурқат Бозоров ҳам ижодкор, ҳам олийгоҳдаги устозлик фаолияти билан ёшларни ўз ортидан эргаштириб, янги ижодкор рассомлар авлодини тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшади.
Дарҳақиқат, рассомнинг яратган ҳар бир асарида унинг борлиққа бўлган муносабати, ўй-фикрлари, дунёқараши акс этади. У ўз ижодида қайсидир маънода ўзини ва ўзлигини, дунёни қандай кўраётганини ва қандай кўрмоқчи эканлигини намоён этади. Томошабин эса ушбу картинага ўз дунёсидан келиб чиқиб нигоҳ ташлайди. Шунинг учун ҳам яратилган асарлар турлича талқин қилинади, ҳар кўрганда янгича жилоланаверади.
Фурқат Бозоровнинг ижодида фалсафий ва халқ оғзаки ижодига асосланган мавзулар етакчилик қилади. У атрофдаги воқеликни кўринганидек эмас, балки бундан чиқарилиши лозим бўлган хулоса билан биргаликда ифодалашга интилади. Асарларида инсонлар ҳаёти, турмуш тарзи, миллий қадриятларга муносабат яққол сезилади. Мазкур кўргазмадаги асарларида ҳам айни шу мавзу етакчи ўрин эгаллаганига гувоҳ бўламиз.
– Ижодимда рамзийлик устуворлик касб этади,– дейди рассом Фурқат Бозоров биз билан суҳбатда. – Минимализм, яъни кам нарса билан кўп маънони англатишга ҳаракат қиламан. Картиналаримда ортиқча нарсанинг ўзи йўқ, иложи борича нима тасвирланган бўлса, шуни гапиртиришга интиламан. Кераксиз элементларни олиб ташлайман. Асарнинг доим икки томони бўлади – муаллифнинг айтадиган гапи ва томошабин кўрадиган томони. Мен учун муаллифнинг айтадиган гапи муҳим. Аммо томошабиннинг асарга эътиборини жалб қилиш, ҳайратлантириш ҳам жуда қийин. Уларни ҳайратлантириш учун ноодатий нимадир ўйлаб топиш, асарга чақира олиш муҳим. Томошабинни чақира олсангиз, демак, иккинчи қадамни қўйиш, яъни айтадиган гапингизни етказиш имкони пайдо бўлади. Асарларимда миллий руҳни акс эттиришга ҳаракат қиламан. Чунки миллийликдан узилиб, бирор иш қилиб бўлмайди. Ҳар бир рассом асарларининг миллати бўлиши лозим. Асарни кўрган инсонда “бу европалик ёхуд осиёлик” деган хулоса пайдо қила олиш керак. Шу маънода миллийлик ўз-ўзидан ҳар бир асаримда ўз ифодасини топади.
Рассом ўз ижоди билан бир қанча халқаро ва республика кўрик-танловларида ғолиб бўлган. Ижодкорнинг асарлари Aнглия, Франция, Туркия, Германия, Россия каби хорижий давлатларнинг коллекцияларида сақланмоқда.
Фурқат Бозоровнинг ижоди театр ва кино билан боғлиқ,у кўплаб кинофильмларда рассом сифатида фаолият олиб борган. Жумладан, “Зарб”, “Шунқорлар”, “Омадли юриш”, “Садоқат” каби бадиий фильмлардаги бош рассом сифатидаги фаолиятини рассом ижодининг энг юқори чўққиси деб аташ мумкин. Шунингдек, “Ўзбекистон” телеканалида “Ибратли ҳикоялар” лойиҳасига ишланган иллюстрациялар муаллифи ҳамдир.
Раҳимжон Ризомуҳаммедов, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Театр безаги рангтасвири кафедраси доценти:
– Фурқат Бозоровни 15-20 йилдан бери биламан, у жуда меҳнаткаш, серқирра ижодкор. Кино ва театр билан боғланган ҳолда ижод қилади. Ижодида уйғунлик бор, ҳақиқатга интилиш, кекса авлодга ҳурмат бор. У ҳар бир асарнинг ўз колоритини, рангини, мусиқасини топади. Ранг – бу рассом учун мусиқадир. У ўз қўшиғини ҳеч кимга тақлид қилмасдан ёза олади. Бир асаридаги ранглар бошқасида такрорланмайди.
[gallery-2317]
Муҳтарама Комилова, ЎзА