Рамиз муаллим Ўзбекистоннинг чин дўсти эди
Рамиз муаллим билан мамлакатимиздаги адабий форум ва анжуманларда, китоб тақдимотларида учрашиш бахтига муяссар бўлгандим. Кейинчалик домланинг мумтоз шеъриятимиз намояндалари Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини, таниқли адиб Хайриддин Султон ва бошқа ёзувчилар асарларини озарбайжон тилига таржима қилгани сабабли суҳбатлашишга муваффақ бўлдим.
Устоз ижодкор куннинг қайси пайти бўлса ҳам кўмакка доим шайлиги, билимдонлиги, бағрикенглиги, ўзининг қимматли фикр ва мулоҳазаларини доим баҳам кўришга тайёрлиги хизмат юзасидан вазифаларни осонлик билан уддалашимда жуда асқатган эди. Рамиз Асқарнинг Ўзбекистонга, унинг бебаҳо адабиётига, меҳнатсевар халқига меҳри жуда юқори экани ҳар бир сўзи, ҳамюртларимизга бўлган муносабатидан яққол сезилиб турарди. Икки қардош халқ ўртасидаги адабий, маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашда, янги-янги ижодий ғояларни ўртага ташлашда Рамиз муаллим доим ташаббускор эди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси, таниқли турколог ва таржимон Рамиз Aсқар 70 ёшида бу ёруғ дунёни тарк этгани ҳақидаги хабар адабиёт ихлосмандларини ларзага солгани рост.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маълумотларига кўра, Рамиз Aсқар 1954 йилда Aрманистоннинг Aмаси туманидаги Aзизбек қишлоғида туғилган эди. 1975 йилда Боку давлат университетининг журналистика факультетини, 1978 йилда Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.
Рамиз муаллим узоқ йиллар Озарбайжон оммавий ахборот воситаларида ишлаган. 2002 йилдан ўз илмий фаолиятини бошлаган. Боку давлат университети туркология кафедрасида, Озарбайжон муҳожир адабиёти ва бадиий таржима лабораториясида, туркий халқлар адабиёти кафедрасида меҳнат қилган эди.
Рамиз муаллим Боку давлат университетининг туркий халқлар адабиёти кафедраси мудири сифатида туркий дунёнинг Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Султон Ҳусайн Бойқаро, Андалиб, Озодий, Махтумқули, Мулла Нафас, Абдулла Тўқай, Тўхтагул ва бошқа энг таниқли шоирлари ва ёзувчиларининг асарлари билан боғлиқ баъзи долзарб масалаларни ҳал қилиш устида изланишлар олиб борган эди.
2004 йилда “Қутадғу билиг” асарининг тил хусусиятлари мавзусида номзодлик диссертациясини, 2009 йилда “Девону луғотит-турк” асарининг тил хусусиятлари мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган. У 150дан ортиқ илмий мақола, 70 дан зиёд китоб чоп эттирган, шуларнинг 54 таси таржимадир.
Рамиз Aсқар ўзбек мумтоз адабиётининг фидойи таржимони ва тарғиботчиси, буюк мутафаккири шоир Aлишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарини, “Хамса” достонларини тўлиқ озарбайжон тилига таржима қилиб, Боку шаҳрида чоп эттирган.
Фидойи таржимоннинг озарбайжон тилига ўгирган “Бобурнома” асари 2011 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга совға қилинган.
Рамиз Aсқар 2020 йил февраль ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо этиб қабул қилинган.
Ўзбек адабиётини тарғиб этишдаги хизматлари, ўзбек ва озарбайжон адабий алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 2022 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди.
Ижодкор шунингдек, "Озарбайжонда хизмат кўрсатган журналист" унвони соҳиби ҳам эди. Рамиз Асқар туркий давлатларнинг 22 та мукофоти билан тақдирланган эди. Жумладан, 2014 йилда Озарбайжоннинг “Шуҳрат” ордени билан мукофотланган. “Турк дунёси олдидаги хизматлари учун” (Туркия), “Олтин аср” (Туркманистон), Бобур (Ўзбекистон) мукофотлари, “Маданият соҳасидаги ютуқлари учун” медалига (Татаристон) сазовор бўлган эди.
Рамиз Асқар Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг, миллий адабиётимизнинг чин дўсти, меҳрибон, оқкўнгил, софдил, яхшиликка хайрихоҳ устоз ижодкор сифатида қалбимизда мангу қолади!
Н.Усмонова,
ЎзА