Рамиз Аскер: “Бобурга бўлган эҳтиромим чексиз”
14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун
Рамиз Аскер – миллий адабиётимизнинг наинки туркий дунёда, балки бутун жаҳондаги фаол, заҳматкаш, беминнат тарғиботчиси. Озарбайжонлик фидойи олим, навоийшунос, филология фанлари доктори Рамиз муаллимни дунё адабий жамоатчилиги моҳир публицист, таржимон, мумтоз адабиётга меҳри баланд инсон сифатида қардлайди.

Боку давлат университети профессори, Рамиз Аскер мамлакатимиздаги халқаро адабий симпозиумлар, форумлар, анжуманларнинг фаол иштирокчиси. Юзга яқин китоб, бир ярим мингдан ортиқ адабий-илмий мақола муаллифи. Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг озарбайжон тилига таржима қилган. Туркий адабиёт ривожига қўшган ҳиссаси учун Рамиз муаллим Озарбайжоннинг “Шуҳрат”, “Ватан олдидаги хизматлари учун”, Ўзбекистоннинг “Дўстлик” орденлари, туркий давлатларнинг 22 та мукофоти билан тақдирланган.
Рамиз Аскернинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари озарбайжон тилига таржимасига оид фикрлари билан қизиқдик.
– Жаҳон адабиётида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўз ўрни, аҳамияти бор, – деди озарбайжонлик олим ва таржимон Рамиз Аскер. – Маълумки, Бобурнинг машҳур “Бобурнома” асари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Бу беназир асар айрим тилларга бир неча марта таржима қилинган. Ушбу таржималарга эҳтиёж шундаки, маданий-маърифий, бадиий нуқтаи назардан уларнинг ҳар бири ўзига хосдир. Бунда тарихий вақт алоҳида роль ўйнайди. Агар биринчи таржимадан кейин узоқ вақт ўтган бўлса, тил луғати ва ўқувчиларнинг дидида маълум ўзгаришлар юз берган бўлса, унда иккинчи таржима юзага келади. Баъзан иккинчи таржиманинг пайдо бўлиши таржимоннинг асарга ва унинг муаллифига бўлган муҳаббатига боғлиқ. Бу бизнинг Озарбайжонда содир бўлди.

Ўша пайтда Боку давлат университетининг туркий халқлар адабиёти кафедраси мудири сифатида ҳамиша туркий дунёнинг Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Султон Ҳусайн Бойқаро, Андалиб, Озодий, Махтумқули, Мулла Нафас, Абдулла Тўқай, Тўхтагул ва бошқа энг таниқли шоирлари ва ёзувчиларининг асарлари билан боғлиқ баъзи долзарб масалаларни ҳал қилиш йўллари ҳақида ўйлардим. Ўз даврида шўролар адабиётшунослиги ва социалистик реализм усули нуқтаи назаридан ёндашилгани сабабли дарсликлар аллақачон эскирган ва талабларга жавоб бермай қолган эди. Шоирларнинг асарлари ҳеч бўлмаганда оригинал тилда кутубхоналарда йўқ эди. Шунингдек, уларнинг таржималари ҳам йўқ эди.
90-йиллардан бошлаб, яъни Озарбайжон давлат мустақиллигининг деярли биринчи кунларидан энг керакли китобларни она тилимизга таржима қилиш билан шуғуллана бошладим.
Буюк Бобурнинг ижоди мени ўзига мафтун этди. Гап шундаки, Алишер Навоий асарларидан фарқли ўлароқ, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бирор асари илгари бизнинг тилимизга таржима қилинмаган эди. Аввало, унинг танланган асарларини таржима қилишга қарор қилдим ва китобни шундай номладим: «Seçilmiş əsərləri» (Боку, 2011, 328 бет). Озарбайжон тилига ўгириб, чоп этган китобимда шоирнинг “Кобул девони” ва “Ҳинд девони”, яъни ғазаллар, маснавий, рубоий, туюқлари, қитъа ва байтлари, Бобурнинг бир неча рисолалари ўрин олган.
Шоирнинг ҳаёти, ижоди ва шахсияти таҳлил қилинган китобга 20 бетлик батафсил муқаддима ёздим. Нашр якунида мураккаб сўзларнинг катта луғати келтирилган.
Озарбайжон илмий ва адабий жамоатчилиги Бобурнинг биринчи китобини катта мамнуният билан кутиб олди. Бу мени яна бир муҳим китоб – “Бобурнома” асарининг таржимасига илҳомлантирди. Иш бошлашдан олдин қўлимда “Бобурнома”нинг ўзбек, турк, рус ва немис тилларидаги таржималари бор эди. 2011 йилда “Бобурнома” менинг тажримам асосида икки марта нашр этилди.
Орадан тахминан олти ой ўтгач, “Бобурнома”нинг профессор Баят Фузулий томонидан яратилган янги таржимаси нашр этилди. Бу буюк сўз устаси – Заҳириддин Муҳаммад Бобур закосига бўлган чексиз муҳаббат ва эҳтиромнинг амалдаги намунаси эди.

Таржимамни икки нусхада Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга юбордим. Кейинчалик аён бўлдики, бу нашрнинг қўшимча нусхасини Андижондаги Бобур халқаро жамоат фондига тақдим этибди. Андижонда Президент маслаҳатчиси, таниқли бобуршунос адиб Хайриддин Султонов иштирокида озар тилидаги мазкур нашрнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бир мунча вақт ўтгач, мен Андижонга Бобур халқаро мукофоти лауреати сифатида таклиф этилдим ва ушбу мукофот билан тақдирландим.
Буюк Бобур ҳақида бир қанча мақолалар ёздим. Масалан, Измирда “Ege Güneşi” журналида Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида турк тилида мақола чоп этдим. Жумладан, Андижон ва Кожаэли (Туркия)да Бобур ва “Бобурнома”га бағишланган халқаро симпозиумларда иштирок этиб, ёрқин шоир ва улуғ ҳукмдор Бобур ҳақида маърузалар ўқидим. Шунингдек, “Туркий адабиёт тарихига оид очерклар” китобимда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига алоҳида боб бағишланган. Буюк Бобур ижодини ўрганишда, ўргатишда ва тарғиб қилишда давом этавераман. Чунки ул зотга бўлган эҳтиромим, ҳурматим ва муҳаббатим чексиздир.
Бобур – ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласининг асосчиси, темурий шоҳ бўлган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Бобурнинг 540 йиллиги ўтган йили Ўзбекистонда кенг нишонланди. Шоир ҳаёти, асарлари, фаолиятига бўлган эътибор ортди. Унинг ижоди ғоят серқирра, бетакрор ва шу сабабли ҳам шоир мероси дунё олимлари эътиборида бўлиб келмоқда.
Айтиш керакки, Озарбайжонда буюк ўзбек шоирлари Алишер Навоий ва Бобур ижодига қизиқиш катта. Аллома шоирлар ижодига бағишлаб шу йилнинг 15 февраль куни Озарбайжон Миллий илмлар академиясида бўлиб ўтадиган анжуман фикримнинг ёрқин далилидир.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова ёзиб олди.