Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рамазонга ҳозирлик: хавфсизлик ва ҳамжиҳатлик

Муборак Рамазон ойи — қалблар покланадиган, меҳр-оқибат ва саховат туйғулари янада юксаладиган улуғ айём. Бу ойда масжидлар нурга тўлади, таравеҳ намозларида минглаб мўминлар бир сафда туриб, юрт тинчлиги ва фаровонлиги учун дуо қилади. Ана шундай муборак дамларда осойишталикни таъминлаш эса алоҳида масъулият талаб этади.

Жиззах вилоятида Рамазон ойига тайёргарлик масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Вилоят ҳокимлиги, ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамкорлигида масжидлар атрофлича ўрганилди. Хусусан, автотураргоҳлар ҳолати, тунги ёритиш тизими, видеокузатув камералари ҳамда ёнғин хавфсизлиги воситалари кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича манзилли чоралар белгиланди.

Жорий йилда вилоятдаги 172 та масжиднинг 170 тасида таравеҳ намозлари адо этилиши режалаштирилган. Бу — минглаб фуқароларнинг кечки ибодатларга ташриф буюриши демакдир. Шу боис 112 та масжидда доимий автотураргоҳлар мавжуд бўлса, қолган ҳудудларда вақтинчалик автотураргоҳлар ташкил этилмоқда. Барча масжидларнинг видеокузатув камералари билан жиҳозлангани эса хавфсизликни таъминлашда замонавий ёндашув устувор аҳамият касб этаётганидан далолат беради.

[gallery-27630]

Мутахассислар таъкидлашича, Рамазон ойида фуқароларнинг кечки пайтлардаги ҳаракати кескин ошади. Шу боис савдо марказлари, бозорлар ва бошқа гавжум жойларда ҳам жамоат тартибини сақлаш учун қўшимча куч ва воситалар жалб этилган. Бу чоралар нафақат тартиб-интизомни таъминлаш, балки фуқаролар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган.

Маълумки, юртимизда виждон эркинлиги кафолатланган бўлиб, фуқароларнинг ибодат қилиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилинади. Шу билан бирга, диний маросимларни хавфсиз ва уюшқоқ тарзда ўтказиш — барчамизнинг умумий вазифамиздир. Рамазон ойида амалга оширилаётган бу каби тизимли ишлар ҳамжиҳатлик ва масъулият туйғусининг амалий ифодасидир.

Зеро, тинч ва осойишта муҳитда адо этилган ибодат — қалбларга хотиржамлик, жамиятга эса барқарорлик бахш этади. Рамазон файзи юртимизга файзу барака, хонадонларимизга нур олиб кирсин.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА