Рамазон ўгитлари
Бу саволга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири Ғуломиддин Холбоев шундай жавоб беради:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Шариатимизда Рамазонда туғилган болага рўзага мослаб исм қўйиш шартлиги ҳақида кўрсатма йўқ. Баъзиларнинг: “Бола Рамазон ойида туғилса, Рамазон, Рўзи ва Ҳайит исмини қўйиш керак” деган ва яна шунга ўхшаш гаплари асоссиз ва динимизга алоқаси йўқдир. Мусулмончилик анъаналарига кўра, Аллоҳ таолога бандалик маъносини ифодаловчи, пайғамбарлар, саҳобалар, алломалар, солиҳ кишилар ва тақволи оналаримизнинг исмларини қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Унутмайлик, рамазон – Қуръони карим нозил бўлган ой бўлгани учун айнан шу ойда Қуръони каримни кўпроқ ўқиш тавсия қилинади. Зеро, Қуръони карим энг улуғ, энг афзал зикрдир. Бундан ташқари тасбиҳ (Субҳааналлоҳ), таҳлил (Лаа илааҳа иллаллоҳ), истиғфор (Астағфируллоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳам энг афзал зикрлар саналади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА