Бирозгина тобимиз қочса, дунё кўзимизга кўринмай қолади.
8 ноябрь – Тиббиёт ходимлари куни
Бирозгина тобимиз қочса, дунё кўзимизга кўринмай қолади. Аллақандай ташҳислар ҳам қўйгандек бўламиз. Бироқ шифокорларсиз аҳволимиз ўнгланмаслигини билиб, дарҳол шифокорларни эслаб қоламиз. Уларнинг кўмагига, маслаҳати, йўл-йўриғи, парвариши, тавсиясига таянамиз.
Улар ўзини хатарга қўйиб бўлса-да, доим саломатлигимиз, ҳаётимизга қалқон бўлиши бор гап. Гўё ўзимиз бир нарсани қойил қилгандек, тиббиёт ходимларини бефарқликда, баъзан эса билими саёзликда айблаганимиз ҳам ёлғон эмас-ку.
Бутун дунёга панд берган пандемия шифокорларнинг нечоғли фидойи, матонатли, ўз ҳаловатидан кечиб бўлса-да, бошқалар ҳаётини асраб қолишга қодир бўлган, меҳридарё одамлар эканини яна бир карра амалда намойиш этди.
Рости, инсоният бошига тушган кутилмаган бу синовда Ўзбекистоннинг позицияси халқаро миқёсда жуда юқори баҳоланди. Оз фурсатда янги, замонавий шифо масканлари, илғор технологиялар асосидаги даволаш марказлари бунёд этилди. Аҳолининг заиф қатламлари муттасил моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Эҳтиёжманд оилалар доимий эътиборда бўлди. Салгина ўзини нохуш сезган ҳамюртимиз борки, оилавий поликлиника ходимлари томонидан ҳатто уйимизнинг остонасигача керакли дори-дармонлар етказиб берилди. Дорихоналарда зарур препаратларнинг тақчил бўлишига йўл қўйилмади.
Бу жараёнда саломатлигимиз посбонлари – шифокорларнинг чинакам қаҳрамонлиги яна бир карра намоён бўлди. Айни пайтда давлатимиз томонидан тиббиёт ходимларининг меҳнатини эъзозлаш, уларни муносиб тарзда рағбатлантириш борасида ғоят салмоқли маблағ, имконият, шароит сафарбар этилди. Бундай эътиборли жараёнга тиббиёт муассасаси, ўқув даргоҳи, илмий марказларнинг раҳбарларидан то жонкуяр ва изланувчан шифокорларгача, зийрак лаборантлар, куйди-пишди ҳамшираю кичик тиббиёт ходими, тез ёрдам ҳайдовчиларигача қамраб олингани соҳа ходимлари меҳнатининг юртимизда нечоғли юқори баҳоланаётгани, ардоқланаётганининг амалий исботидир.
Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида мамлакатимиз тиббиёт ходимларининг катта гуруҳи юксак мукофотлар билан тақдирланди. Фидокорона, сидқидилдан, астойдил бажарилган меҳнат эъзоз ва эътибор, қадр топди. Бу эса соғлиқни сақлаш тизими мисолида халқимиз саломатлигини асраш борасидаги амалий ғамхўрликнинг яққол далилидир.