Раҳбарлик – ҳам фазилат, ҳам санъат
Умр довонлар оша илгариланма ҳаракатдир. Инсон ўз ақл-идроки, билим-қобилияти, ишонч ва эътиқоди билан ҳаёти мобайнида бу довонларни ишғол этиб келади.
Инсон табиати ва тийнатидаги ҳалоллик ва ростгўйлик, адолатпарварлик ва самимият, ўзаро ишонч ва ҳурмат, ёр-дўстлари ва касбига садоқат туйғуси ана шу довонлар оша муваффақиятларнинг кафолатидир.
Педагогика фанлари доктори, профессор Рузимурат Чориев юқоридаги фазилатларни ўз фаолиятида акс эттира олган юрт ишига фидойи, таълим-тарбия тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол инсонлардандир. Ҳозирда педагог “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Раҳбарга хос фазилатлардан бири жамоада фаолият юритувчи ҳар бир ходимнинг қобилиятига яраша вазифани юклаш ва ундан шуни талаб этишдир. Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида ректор лавозимида ишлаган пайтларида таълим тизимини фаоллаштиришда ўзига хос ижобий ва ижодий ишларга бош-қош бўлди. Ўқитувчиларнинг ўз касбига масъулият ҳиссини оширишда муносиб ҳисса қўшгани ҳам рост.
Рузимурат Чориев ҳар ойда 144 соатлик дастур асосида ўз малакасини оширишга келган турли фан ўқитувчиларидан 600 тасига маънавий–маърифий тадбирлар уюштириш, уларнинг касбига меҳри ва муносабатини кучайтириш бобида ибратли ишларнинг ташаббускори ва ташкилотчиси бўлганди. Республикамизда таниқли бўлган сиёсатшунос, шоир, ёзувчи ва машҳур санъаткорлар билан маърифий учрашувларни ташкил этар эди. Абдулла Орипов, Омон Матжон сингари улуғларимиз билан ташкил этилган учрашувлар эндиликда тарихга айланди.
Р.Чориевнинг синчков раҳбар сифатида ҳар бир ходимдаги илмий имконият, ижодий ва педагогик қобилиятни сеза олиш иқтидори, турткиси, мотивацияси боис бир неча олимлар ва ўқитувчилар илмий даража ва унвонларга эга бўлишгани ҳам рост.
Рузимурат Чориев Музработ тумани қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш техникумини битиргандан сўнг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтида таҳсил олди. Устозлари эътиборига тушгач, шу таълим муассасасининг ёшлар ташкилоти котиби, касаба уюшмаси қўмитаси раиси ўринбосари, сўнгра эса тарбиявий ишлар бўйича проректори лавозимларида фаолият олиб борди. Хўжалик хизматлари марказлашган бошқаруви бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази бошқармаси бошлиғи каби ишлаган кезларида ҳам инсонларга яхшилик қилишни биринчи ўринга қўйди.
У Халқ таълими аълочиси, Республика Олий таълим муассасалари 1-проректорлари кенгаши раиси, Халқаро Педагоглар академияси аъзоси, ҳозирда Миллий тадқиқот университетимизнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори вазифасида ишлар экан, ана шу ҳаётий шиорида содиқ ва собитдир.
Унинг ташкилотчилиги ва ташаббускорлигини Халқ демократик партиясининг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман кенгаши депутати сифатидаги фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Унга тегишли бўлган маҳаллалар билан Миллий тадқиқот университети жамоасининг ҳамкорлигини йўлга қўйган.
Илмга, таълимга эътибор инсонга, жамиятга, Ватан тараққиётига эътибор демакдир. Илф – фан тараққий этган мамлакатларда ҳар томонлама ривожланиш бўлганига тарих шоҳид. Ёшлар онги ва дунёқарашини ўстириш, маънавий-маърифий ишларнинг тарғиботи юзасидан турли механизм ва услублар устида ишлашдан ташқари у кенг қамровли олим сифатида дуал таълимнинг асослари ҳамда касбий фаолиятга тайёрлаш омиллари борасида ҳам кенг изланишлар олиб борди.
Унинг “Касб-ҳунар таълими назарияси ва методикаси” ихтисослиги бўйича “Инженер-педагогларнинг касбий-методик малакаларини шакллантириш” мавзусидаги номзодлик, кейинчалик эса техника олий таълим муассасаларида “Касб таълими” йўналиши мисолида “Кaсб тaълими мутaхaссислaрини дуaл тизими aсосидa кaсбий фaолиятгa тaйёрлaш методикaсини тaкомиллaштириш” мавзусидаги докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилгани юқоридаги
фикрларнинг асосидир. Бу эса айни пайтда Президентимиз ғояларига содиқлик, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” талабларига камарбасталикнинг нишонасидир.
У томондан яратилган 5 та дарслик ва монография, 10 га яқин ўқув ва услубий қўлланма, 5 та монография, 10 га яқин услубий ишланма ва рисолалар, 100 дан ортиқ илмий мақола ва тезислар, шундан 20 дан ортиқ хорижий илмий журналларда чоп этилган ишлари, шу билан бирга 3 та дастурий таъминот бўйича Патент ва муаллифлик гувоҳномаси мавжуд бўлиб, ҳозирда республика олий ва орта махсус таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнида фойдаланиб келинмоқда.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
“ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети профессори
ЎзА