Раҳбар ва ёшлар учрашуви ўтказилди
Нукус шаҳридаги “Оқ қуш” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатовнинг қорақалпоғистонлик ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек сўнгги йилларда ёшларга қаратилаётган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб, шу асосда уларнинг ўз қобилиятини юзага чиқариши, чуқур билим олиши, илғор фикрли ва она Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган фидойи инсонлар бўлиб камол топишига барча имкониятлар яратилмоқда. Бу борада жойларда раҳбар ва ёшлар учрашувлари ташкил этилиб, уларнинг хоҳиш-истакларини эшитиш ишлари тизимли йўлга қўйилган.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда ёшлар мамлакатимиз тараққиёти йўлида хизмат қиладиган қатор янги ғоя ва ташаббусларини билдирди. Ўз навбатида барча фикрлар инобатга олиниб, кўтарилган муаммоларга жойида ечим топиш чоралари кўрилди ва ёшларнинг барча ташаббуслари қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида юртимизда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш борасида фаоллик кўрсатаётган бир қатор ёшлар, шунингдек умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Энг яхши иншо” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири