Раҳбар аёлларнинг ўқув машғулотлари бошланди
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ёш иқтидорли раҳбар аёллар захирасидаги 50 нафар раҳбар аёлларларнинг ўқув машғулотлари бошланди.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, ўқув машғулотлари 2 ой давом этади ва тингловчиларга академиянинг профессор-ўқитувчилари дарс беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори А. Бекмуродов тадбирни очиб, бу ўқув курсларининг аҳамияти ҳақида қисқача маълумот берди.

Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З. Маҳкамова турли соҳаларда фидойилик билан фаолият юритаётган иқтидорли хотин-қизлар давлат бошқаруви учун ниҳоятда муҳимлиги ҳақида тўхталди.
Раҳбар аёл адолатли, маърифатпарвар, салоҳиятли ва маданиятли бўлиши давр талаби. Тингловчилар халқаро стандартлар асосида Давлат бошқаруви ва хизмати, Ўзбекистон Республикасининг сиёсий тизими ва давлат бошқарувининг ҳуқуқий асослари, Ўзбекистонда хотин-қизларга оид давлат сиёсати, лойиҳавий бошқарув, натижадорликка йўналтирувчи бошқарув каби модуллар асосида таҳсил олишади.
Фанлараро модуллар бўйича таълим бериш жараёнига ва компетенцияларни ривожлантиришга қаратилган тренингларга тегишли соҳалар бўйича хорижда малака оширган етук олимлар билан бирга амалиётчи мутахассислар жалб этилади.
ЎзА