Рағбат ва эътироф муваффақиятлар сари етаклайди
Наманган вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони сўнгги олти йил ичида 16 мингтадан 31 мингта етиб, қарийиб икки баробарга ошди. Тадбиркорлар томонидан қиймати 52 триллион сўмлик 5 минг 600 дан зиёд лойиҳалар ишга туширилиб, 96 мингта янги иш ўрни яратилди. Кичик ва йирик бизнес вакиллари ишлаб чиқарган саноат маҳсулотлари ҳажми эса 4 триллион сўмдан бугунги кунда 15 триллион сўмга етказилиб, уч баробарга кўпайишига эришилди. 500 га яқин экспортёр корхоналар дунёнинг 35 та давлатига маҳсулотларини етказиб бериши асносида вилоятнинг экспорт ҳажми 150 миллион доллардан 700 миллион долларга ёки салкам 5 баробарга ортди.
Бу “Тадбиркорлар куни” муносабати билан вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали маросимда алоҳида эътироф этилиб, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган тадбикорлар муносиб рағбатлантирилди.
Президентимиз фармойишига асосан иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли учун иш ўринлари ярашиш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллийлаштириш дастурини ҳаётга татбиқ этишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган тадбиркорлар қаторида олти нафар наманганлик кичик бизнес вакили “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига муносиб кўрилди. Байрам тадбирида уларга юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди. Бундан ташқари, иқтисодиёт, саноат, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, текстиль каби йўналишларда ўзининг истиқболли лойиҳалари билан элимиз турмуш тарзини яхшилашга беқиёс ҳисса қўшаётган бир гуруҳ тадбиркорларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари берилди.

– “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони берилгани нафақат менга, балки жамоамизда хизмат қилаётган барча ходимларга ҳам бағоят хурсандчилик бағишлади, – дейди Косонсой туманидаги текстиль маҳсулотларига ихтисослашган "Barkas–teks" МЧЖ раҳбари Анвар Абдулхаев. – Жорий йилда туманимиздаги “Намуна” кичик саноат зонасида сочиқ ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳамизни ишга тушириб, 300 та иш ўрни яратдик. Йил якунига қадар ишчилар сонини 600 нафарга етказиш режалаштирилган. Бу билан жами ишчи-ходимларимиз сони 2 мингтага етади. Бугунги кунда корхонамизнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 25 миллион долларлик экспорт маҳсулотини ташкил этади. Жорий йилнинг ўзида 15 миллион долларлик маҳсулотларимизни МДҲ мамлакатлари ва Европа давлатлари бозорига етказиб бердик. Яқин икки йиллик режаларимиз амалга ошиши билан, йиллик экспорт ҳажми имкониятини 35 миллион долларга етказамиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.