Рағбат – самарали меҳнатга билдирилган ишонч
Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги тантаналари юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. Давлат идоралари, ташкилотлар ва корхоналарда ушбу сана кўтаринки руҳда байрам қилиниши баробарида фаол ишчи-ходимлар ва фахрийлар рағбатлантирилди.
Ана шундай тантана “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва унинг тизимидаги корхоналарда ҳам давом эттирилди. Айниқса, жамият раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллиги ҳамда Нефть ва газ саноати ходимларининг касб байрами муносабати билан 200 нафардан ортиқ ишчи-ходим фахрий ёрлиқ ва бир ойлик маош миқдоридаги пул мукофоти берилиши уларга билдирилган катта ишонч бўлди.
“Uzbekistan GTL” компанияси мутахассиси Шоҳрух Холматовнинг маълум қилишича, “GTL” заводи ва Шўртан газ кимё мажмуасидан 52 нафар ишчи-ходим ана шундай эътиборга сазовор бўлди.
– Жамоамиз учун қўшалоқ байрам бўлди. Биз давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги ва ҳар сентябрь ойининг биринчи якшанбасини Нефть ва газ саноати ходимлари куни сифатида нишонладик. Шу байрамлар муносабати билан ходимларимиз тақдирланди. Хусусан, Президентимиз тегишли фармони асосида “Uzbekistan GTL” компанияси бош директори Фахриддин Абдурасулов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Бу жамоамиз учун катта қувонч, ишонч ва рағбатдир, – деди Ш.Холматов.
Маълумот ўрнида, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қад ростлаган “Uzbekistan GTL” МДҲ доирасидаги энг йирик замонавий заводдир. У Жанубий Африка, Малайзия ва Қатар каби давлатлардаги “газдан-суюқликка” технологияси бўйича саноқли юқори технологик заводлар қаторидан жой олгани билан янада аҳамиятлидир.
Бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “Шўртан газ-кимё комплексининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА