Давлат ва жамоат арбоби Рафиқ Нишонов 95 ёшни қаршилаш арафасида. У Бўстонлиқ туманида туғилган. Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаган, тарих фанлари номзоди.

ЎзА гурунги

Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси, СССРнинг Шри-Ланка, Мальдив Республикаси, Иордания Қироллигидаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб хизмат қилган. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири, Республика Олий Совети Президиумининг раиси, Ўзбекистон КП Марказий қўмитаси биринчи котиби лавозимларида ишлаган.

- Ҳурматли Рафиқ Нишонович, суҳбатимизни узоқ яшаш “сир”ларидан бошласак. Салкам 100 йил ҳаёт кечириш учун қандай маслаҳат берган бўлар эдингиз?

- Мен Ўзбекистоннинг энг гўзал қишлоқларидан бирида туғилганман. Уйимиздан унча узоқ бўлмаган жойда Чирчиқ дарёсининг чуқур тоғ оқимидан сув олардик. Ўша музли сувнинг мазали таъмини ҳеч қачон унутмайман. Бу хотира менга бахт ҳиссини бахш этади.

Ўзбекистонда ҳавоси ажойиб, шифобахш булоқлар кўп. Витаминларга бой бўлган, ширин қовун, тарвуз, узум, хурмо, анжирнинг Ўзбекистондагидек кўп хил нави тарқалган жой дунёда кам.

Қишлоғимизда уч юзга яқин фермер хўжалиги бўларди, уларнинг ҳар бирига колхоз йигирма сотихдан ер ажратганди. Биз картошка, маккажўхори, буғдой етиштирардик. Албатта, қовун, тарвуз, сабзавот, нўхат ва кўкат ҳам ўсарди. Кўк чой, иссиқ кулча ва узум анъанавий нонуштамиз эди. Ёшлигимдан Самарқанднинг 95-нав кўк чойи эсимда қолган. Бундай фойдали жиҳатлари кўп чойнинг таъмини ҳеч ҳам унутолмайсиз. Ўзингиз биласиз, узоқ умр кўриш фақат тоза ҳаво, сув ва тўғри овқатланишга боғлиқ эмас. Бу, энг аввало, ҳаёт тарзига, самарали меҳнатни оқилона дам олиш билан уйғунлаштириш қобилиятига боғлиқ. Бекорчилик эса парадоксал кўриниши мумкин бўлса-да, соғлиққа фақат зарар келтиради. Яхши кайфиятда юриш, ғам-ташвишни унутишни ҳам маслаҳат берардим. Ҳар бир нарсада ғалабага интилиш, муваффақиятга эришиш керак.

- Сизнингча, республикамизнинг бугунги ютуқлари нималарда акс этмоқда? Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур қиласиз?

- Аввало, шуни таъкидлашни истардимки, Президент Шавкат Мирзиёев чинакам «тинч» инқилобни амалга оширди. У эски кўрсатма ва тушунчалардан қатъият ва хотиржамлик билан воз кечиб, Ўзбекистоннинг янада изчил ривожланиши учун шароит яратди. Президент БМТ Бош Ассамблеясидаги таъсирли нутқида, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида янги ғояларни шакллантирди ва Ўзбекистонни стратегик ривожлантиришнинг аниқ йўлларини таклиф қилди. Давлат раҳбарининг қўшни мамлакатлар билан яқин, дўстона муносабат ўрнатишга қаратилган шахсий ташаббуси минтақада янги сиёсий ҳақиқатни шакллантирди. Капитални ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар ва бошқа янгиликлар бизнесга нисбатан ишонч кучайишига ва жиддий инвестициялар оқимига олиб келди. Масалан, юртдошимиз, Ўзбекистоннинг чинакам ватанпарвари, истеъдодли тадбиркор Aлишер Усмонов пандемия туфали жорий этилган карантин пайтида одамларни қўллаб-қувватлаш, йирик корхоналарни реконструкция қилиш, янги иншоотлар қуриш, жумладан, кўркам Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш учун маблағ ажратмоқда. Унинг кўплаб лойиҳалари республикада таълим, маданият, туризм ва спортни ривожлантиришга қаратилган.

- Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида жиддий ўзгаришлар юз берди. Сизнингча “Ўзбекистон ренессанси”, "Янги, янгиланаётган Ўзбекистон", деган иборалар нимани англатади?

- Ўзбекистон, шубҳасиз, қайта тикланмоқда. Ўзбекистонни олдинда нафақат янгиланиш, балки чинакам юксалиш, ренессанс кутмоқда. Бу мени чексиз қувонтиради, чунки айни фикр асоссиз эмас. Ватанимизда тараққиёт учун барча имконият бор: меҳнатсевар ва истеъдодли инсонлар, бебаҳо табиий бойликлар. Ҳозир шу имкониятларнинг бари, иложи борича, тўғри бошқариляпти, қўшни мамлакатлар, жумладан, МДҲнинг барча мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада ривожланяпти, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар билан алоқалар жаддалашди. Ишонаманки, тез фурсатда иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, аҳоли фаровонлигини оширишда улкан натижаларга эришилади.

Ренессансга келсак, Ўзбекистон тарихида икки бор Ренессанс бўлган. Аввалгиси IХ-XII асрлардаги Шарқ Ренессанси бўлса, кейингиси Темурийлар даври Ренессансидир. Биринчи - Шарқ Ренессансида Мовароуннаҳрнинг буюк олимлари – Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий ва бошқа алломаларимиз томонидан қадимги, кўҳна илм, билим, аниқ фанлар, урф-одатларимиз қайта тикланди. Антик даврнинг бой меросини янгидан ижодий ўрганиш, таҳлил қилиш натижасида жаҳон аҳамиятига молик ҳақиқий илмий юксалиш, янгиланиш содир бўлди. Бу юксалишсиз кейинги тараққиётни тасаввур қилиб бўлмайди.

Чингизхон қўшинларининг босқини ва содир этилган вайронагарчиликлардан кейинги Темурийлар Ренессанси, деб ном олган даврда эса қарийб барча соҳалар: санъат, касб-кор, меъморчилик, шеърият, адабиёт, дунёвий фанлар юксалди.

Шуни алоҳида таъкидлаб айтиш жоизки, Ўрта асрлардаги биринчи ва иккинчи Ренессанс даврида ўлкамизда дунёга машҳур фан арбоблари пайдо бўлган бўлса, бугунги Ренессанс ёшлардан тортиб, то қарияларга қадар, жамиятимизнинг барча қатламларини қамраб олиши лозим ва у иқтисодиёт, фан, техника, технологияларнинг жиддий ривожланишига олиб келиши даркор. Мен шундай ҳисоблайман.

- Баъзилар сизни Шароф Рашидовнинг дўсти, шогирди, деса, бошқалар тескари фикр билдиришади. Ўзингиз нима деган бўлар эдингиз?

- Шароф Рашидович таниқли сиёсатчи, давлат арбоби, 20 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатни жуда самарали бошқарган. Камтарин, ишбилармон, шу билан бирга талабчан раҳбар эди, ҳеч қачон овозини кўтармасди, сўкинмасди. У Тошкент шаҳри Октябрь райкомпартияси биринчи котиби лавозимига менинг номзодимни кўрсатган, сўнг Тошкент шаҳар ижроия қўмитасини бошқаришни таклиф қилди. Бир неча йил ўтгач эса, ўша норасмий лаҳзани яхши эслайман, менга қўнғироқ қилиб, бир дақиқага келиб-кетишимни айтди ва "Рафиқ Нишонович, эртага биринчи рейс билан Москвага учасиз, эрталаб ЦК КПССда бўлишингиз керак.", деди. Ўшанда бир қатор расмий учрашувлар Леонид Ильич Брежнев ҳузурида жуда қизиқарли суҳбат билан якунланди. У охирида шундай деди: “Шароф Рашидович сизни Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси котиби лавозимига тавсия қиляпти. Биз у кишининг тавсиясини қўллаб-қувватлаймиз ва сизга муваффақиятлар тилаб қоламиз”.

Шараф Рашидович билан елкама-елка етти йил дўстона руҳда олиб борилган меҳнат фаолиятим самарали кечди. Унинг вафотидан сўнг КПСС МК котибияти босими остида чақирилган Ўзбекистон Компартияси МКнинг июнь ойи пленуми бўлиб ўтди. Минбардан туриб Ўзбекистон КП МК биринчи котиби И.Б.Усмонхўжаев ўзидан аввалги раҳбарни нотўғри бошқарув услуби, пахтачиликдаги ҳолатлар учун қаттиқ танқид қилди. Ўшанда Шароф Рашидовични, деярли, ҳамма амалдор танқид қилган бўлса керак...

Аслида, айб Москвада эканлиги кўпчиликка аён. Брежневнинг ўзи Рашидовни мажбурлаб турган бўлса, у нима қила оларди?! Ўтган аср 60-йиллари охирида Москвадан қайтиб келаётган Ш.Рашидов менга: «Пахта кўрсаткичларини яна ошириб кўрсатиш керак. Сиёсий бюро аъзоларининг тушлиги пайтида Леонид Ильич мендан “Нега тўрт миллион тўққиз юз минг тонна пахта ёзилган, деб, режани беш миллионга етказиш кераклигини айтди. Мен шунчаки хўрсиниб, ҳамманинг олдида Брежневга эътироз билдиролмадим», деган эди. Нотўғри ҳисоб-китоб, камчиликлар, ачинарли хатоларга қарамай, мен Ш.Рашидовни буюк шахс ва ажойиб раҳбар, деб биламан. Унга бўлган муносабатим, умуман олганда, жуда ижобий, чунки ўшанда номзодимни юқори дипломатик хизматга тавсия қилиб, Шароф Рашидович мени республиканинг ўша пайтдаги бутун раҳбарияти дуч келган бўлажак тўқнашув, хатоликлардан қутқариб қолди. Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, билмаганлар ҳар хил гапларни айтаверади.

- Айтингчи, ўша авторитар совет даврида сиз каби раҳбарларга бирон-бир босим ўтказилганми? Ўзингиз истамаган нарсани қилишга мажбур бўлганмисиз?

- Мен буни босим демаган бўлардим. Совет сиёсатининг ўзи шунақа эди. Юқори минбардан туриб бир гап айтиларди-да, амалда мутлақо бошқа иш қилинарди. Реал ҳаётда эса учинчиси содир бўларди.

Ўша сиёсат “ижодкорлари” орасида ўзим ҳам бўлишимга қарамай, ҳозир мана, кекса пайтимда совет сиёсатининг бу ғалати, ғайриоддий томонлари ҳақида кўп ўйлайман. Яширмайман, у ёки бу катта масалани ҳал қилишда халқнинг оммавий шижоати, сафарбарлиги ҳам бисёр эди. Афсуски, ягона партиянинг нуфузли съездларида эълон қилинган тарихий шиор, чақириқлар қоғозда қолиб кетди.

Айтайлик, партиянинг машҳур тарихий ХХII съездида эълон қилинган: “Ҳозирги ёшлар авлоди коммунизмда яшайди” деган шиор узоққа бормади, амалга ҳам ошмади, боз устига алдов, ёлғон бўлиб чиқди. Айни даврда мамлакат аҳолиси озиқ-овқат муаммосига дуч келди. Ёдимда, Тошкентда одамлар эрталабдан дўконлар олдида нон учун навбатга туришарди, менинг онам ҳам жўхори унидан нон ёпган.

- Рафиқ Нишонович, кекса авлод вакиллари сизнинг Тошкентдаги мажлислардан бирида сўзлаган нутқингизда анчагина салбий маънода "шарафрашидовшчина" иборасини ишлатганингизни эслашади. Бундай дейишингизнинг асл сабаби нимада?

- Бу саволингизга жавоб бериш учун ўша кунлар муҳитига қайтишимиз керак бўлади. Бутун мамлакат бўйлаб “қайта қуриш” давом этарди. Бизда Гдлян ва Иванов бошчилигида тергов гуруҳи иш олиб борган. Ҳар куни у ёки бу кишини, баъзан жуда ҳалол, ҳурматли одамларни ҳибсга олишарди. Бошқа томондан эса ҳужжатларда номутаносибликларга йўл қўйилган, ҳар хил ҳуқуқбузарликлар содир этилган.

Октябрь инқилоби байрами тўғрисидаги маърузам билан Олий Совет Президиумининг раиси сифатида нутқ сўзлар эканман, мен ушбу атамани биринчи марта ўша пайтда Ўзбекистонда, бутун Иттифоқдаги каби бошқаришнинг авторитар услуби ҳукм сурган вазиятни тасвирлаш учун ишлатганман. "Шарафрашидовшчина" ибораси шу қадар кенг қўлланилишини ҳеч ўйламагандим. Нутқимни қўллаб-қувватлаганлар, муносабатимга қўшилганлар бўлди. Шу билан бирга “Нима учун мавзуни кескинлаштиряпсиз, бўлиб ўтган ишни эслаш шартми?", деганлар ҳам бўлди.

Aлбатта, Марказ томонидан ўзбек халқига нисбатан ишлатилган "Ўзбеклар иши" ибораси мени ҳам қақшатарди. Аниқланмаган тўғри-нотўғри фактларни бутун бир халқ номи билан аташ мумкинми, ахир?! Бундан ташқари, содир бўлаётган воқеа-ходисаларнинг асосий қурбони одамлар бўлган. Aввало, ёвузлик айнан халққа қарши қаратилган, пахтакорларга тўланмаган пуллар ҳам республикада, ҳам Москвада порага ишлатилган, уларга "Волга" автомобиллари, дабдабали қасрлар, тақинчоқлар олинган.

Қайта қуриш жамиятни соғломлаштиришни англатарди. 1989 йил декабрь ойида СССР халқ депутатлари иккинчи қурултойида мазкур тергов гуруҳи ишини текшириш бўйича комиссия ҳамраиси, депутат В.A. Ярин қуйидаги маълумотларни айтиб ўтди: Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари саккиз юздан ортиқ жиноий ишни тергов қилдилар. Беш мингдан ортиқ киши, жумладан олти юз раҳбар ходим, ўн нафар Социалистик Меҳнат Қаҳрамони судланди. Aйбланувчиларнинг юз миллион сўмлик пул ва қимматбаҳо буюмлари мусодара қилинди.

Нима, фақат Ўзбекистонда ўғирлик ва порахўрлик бўлганми? Ошириб, қўшиб ёзиш, деярли, барча республикаларда бор эди. Масалан, Кавказ ортида чой етиштиришдаги кўзбўямачилик. Иш яхши битиши учун ҳар куни у ёқдан пул, коньяк ва бошқа қимматбаҳо совғалар Давлат режалаштириш қўмитаси ва Молия вазирлигига олиб келинган. Менинг фикримча, Ўзбекистон бошқаларга намуна қилиб кўрсатиш учун танланган. Гдлян ва Иванов тергов гуруҳи ишининг дастлабки босқичида мен мамлакатда бўлмаганман, аммо шуни тан оламанки, аввалига мен кино қаҳрамони Глеб Жегловнинг: "ўғри қамоқда ўтириши керак", деган фикрига қўшилиб, уларга ишонганман. Шунга қарамай, иложи борича, ҳамма нарсанинг тагига ўзим етишни истаганман.

Вақт ўтиши билан мен ўзим учун кўп нарсаларни тузатдим, тўғриладим. Юқори амалдорларнинг ҳақиқий жинояти, шубҳасиз, нафратга лойиқ, бироқ терговнинг аста-секин ошкор қилинган баъзи усуллари менга ёқмади. Мен шу пайтда кенг тарқалган аввал одамни қамоққа ташлаб, кейин унинг айбини исботлаш амалиётини жирканч, деб билардим. Тез орада яна кимнингдир қамоққа тушиши учун тергов жараёнида ким кимгадир пора берганини тан олиши етарли эди. Қонунчиликда гумондорни уч кундан ортиқ бўлмаган муддат давомида ушлаб туриш белгиланган. Улар эса ётоқ жиҳозлари, ҳаммом бўлмаган, овқати ёмон бўлган, вақтинча сақлаш жойларида одамларни бир неча ой ушлаб туришган. Гувоҳлик қандай олинган, ҳибсга олинганларга жисмоний таъсир кўрсатилганми ёки йўқ, билмайман, лекин Гдлян ва Иванов гуруҳи кучли психологик босим қўллагани аниқ. Қамоқхоналарда кўплаб қариндошлар, қариялар, ногиронлар, кўп болали оналар бор эди. Мен ўн бир ёки ўн икки болали аёллар ҳибсга олиниб, уларни рецидивистлар билан бир камерага қамаб, устидан кулишган, ҳақорат қилишган ҳолатларни биламан. Кейин "жиноят таркиби йўқлиги сабабли" соғлиғи ёмонлашган, қўрқитилган, шундан кейин руҳий тушкунликка тушган одамларни уйига қўйиб юборишган. Бу кейинги қамоққа олишларни ҳам тўхтата олмади.

Кўплаб ҳалол ватандошларимиз “Нега энди ҳеч қандай суриштирувларсиз ҳибсга олишлар давом этмоқда?”, дея эътироз билдиришарди. Нималар бўлаётганидан хўрланиб, менинг олдимга таниш-нотаниш кишилар келарди. Мен Олий Совет Президиуми раиси бўлганимдан сўнг бундай мурожаатларнинг катта оқими кела бошлади. Ҳибсга олинган механизаторлар, бухгалтерлар, усталар, омбор мудирларининг хотинлари, оналари ва фарзандлари хатларининг охири кўринмасди. Уларга муносабат билдирмасликнинг иложи йўқ эди, чунки улар орасида кам таъминланган, кўп болали оилалар, боқувчисини йўқотган, зўрға кун кечираётганлар кўп эди.

Ҳужжатлар нотўғри тўлдирилган раҳбарни судламоқ бошқа, бошлиқларининг хоҳишига бўйсунишдан бошқа иложи бўлмаган оддий, ярим саводли, уятчан деҳқонни судлаш бошқа, нега бунинг фарқига боришмайди, деб қаҳрим келарди. Президиум аъзолари билан маслаҳатлашиб, комиссия тузишга қарор қилдик. Бунинг учун ким нимага лойиқлигини англаш, минглаб маҳкумларнинг ҳар бирининг айбдорлик даражасини текшириш, аниқлаш керак эди. Олий Советда афв этиш ваколати бор эди. Айримларнинг жазо ўташ муддатини камайтирдик.

Баъзида, деярли, геноцид билан таққосланадиган ўзбек халқининг фожиасида ким айбдор? Гдлян ва Иванов ўзларининг ҳаракатлари иккинчи ва учинчи даражали шахсларга қарши қаратилмаганини айтишдан чарчамаган. Шубҳасиз, республикада улар катта шахсларга қизиқишган, улар орқали Марказга, сиёсий бюро аъзоларига етиб боришни хоҳлашган. Москва амалдорлари кимни нишонга олишидан қатъи назар, жуда кўп одамлар, хоҳлайдими, йўқми терговга дучор бўлди.

Ш.Рашидов аввалига тажрибали, обрўли раҳбар сифатида гдлянчиларга қаршилик кўрсатишга, ниманидир исботлашга уринди, аммо Марказга қарши тура олмади. Марказнинг босими ҳеч бир жойда иқтисодиётга ва табиий равишда турмуш даражасига Ўзбекистондагидек кучли таъсир қўрсатмади. "Мамлакат “оқ олтин”га муҳтож! Социалистик лагердаги дўстларимиз пахта толасига эҳтиёж сезмоқда", деган тарғибот сўзлари қайта-қайта такрорланиб, ерни вайрон қилишга, Орол денгизини тўлдирадиган Aмударё ва Сирдарё сувини ваҳшиёна истеъмол қилишга, ишчи кучи етишмовчилигини талабалар, мактаб ўқувчилари ҳисобидан тўлдиришга мажбур қилинди.

- Республикани фақат "пахта иши" ларзага келтирмади, ўша пайтда бошимизга бошқа офатлар ҳам тушганди. Масалан, Фарғона воқеалари...

- 1989 йил, СССР халқ депутатлари биринчи қурултойи сессияларининг иккинчи ҳафтаси давом этаётган эди. 3 июнь куни кечқурун меҳмонхонада ҳаётимдаги энг даҳшатли қўнғироқлардан бири янгради. Фарғонада Тошлоқ, Комсомолский қишлоқларида, Марғилон шаҳрида фалокат содир бўлганини айтишди. Қароқчиларнинг уюшган тўдаси уйларга бостириб кириб, талон-тарож, шафқатсиз қотилликлар амалга ошириб, биноларни ёқиб юрган экан.

Шу кечанинг ўзида Москвада бўлган халқ депутатлари - Республика Вазирлар Маҳкамаси Раиси Ғ.Х.Қодиров ва Фарғона обком партияси биринчи котиби Ш.М.Йўлдошевлар Ўзбекистонга учиб кетишди. Қодиров республика ҳукумат комиссиясини бошқарди.

Эрталаб қурултойда ваҳима: нима бўлади, ўйлаб тагига ета олмайман. Горбачёв менга ўгирилиб: «Нима маълум қила оласан”, деб сўради. Менда вазиятнинг таҳлили у ёқда турсин, комиссия аъзоларидан ишончли маълумотлар ҳам йўқ эди. Бу ҳақда минбарга чиқмасдан, ўтирган жойимдан айтдим. Кейин маълумотларимга кўра, тартибсизликлар бозорда кучли жанжал - месхети турк ўзбек сотувчиси билан уришиб, бир товоқ қулупнайини ағдариб ташлагани натижасида келиб чиққан, дея қўшимча қилдим. Яқин атрофдаги бир гуруҳ ўзбеклар аёлни ҳимоя қилди. Можаро қонли жангга айланиб, маҳаллий йигитнинг ўлими билан якунланди. Кейинчалик бу гапим учун мени қаттиқ танқид қилишганди. Мени содир бўлган ҳодисанинг кўламини тушунмаганликда айбладилар. Мен-ку ҳаммасини тушундим: кундалик можаро бундай аянчли оқибатларга олиб келиши учун одамларнинг қалбида қанча қаҳр, ғазаб сақланиб қолган эди.

Шунга қарамай, мен шошилинч баёнотлар беришни истамадим. Ўзбекистонда ҳам телевизор кўришарди. Республика раҳбарининг битта эҳтиётсизлик билан айтган гапи янги тажовуз тўлқинини келтириб чиқариши мумкин эди. Шу ҳақда гап кетаёган экан, майли айтаман: “баҳона” (бу ўз-ўзидан тасодифий, бемаъни бўлиб, фожиага олиб келиши мумкин) ва ҳеч қачон тасодифий бўлмайдиган "сабаб" ўртасидаги фарқни тушуниш лозим. Ўшанда мен чуқур жараён тўғрисида шошилинч ва бепарволик билан гапиришни тўғри деб ҳисобламадим.“Комиссия учиб кетди. Барчасини ўрганиб чиқиб, ҳаммаси ҳақида батафсил маълумот берамиз”, дедим. Кейинги кун СССР ички ишлар вазири В.В.Бакатин билан Фарғонага жўнаб кетдим.

Кетишим арафасида Қодиров билан боғландим. Ўша вақтга келиб СССР Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари бўлинмалари республикага кўчирилган эди, 4 июнь куни кечки соат 9 дан комендант соати ўрнатилганди. Ғайрат Ҳамидуллаевич вазият қисман назоратга олинганини хабар қилди.

Вадим Викторович билан мен зарар кўрган ҳудудларни кўздан кечираётганимизда қўлларида таёқ ва “молотов коктейли” ушлаган йигитлар бўлган юк машиналарига дуч келдик. Бу ички қўшинлар жангчилари бўлганига қарамай содир бўлаётган эди. Биз билан бўлган соқчиларни кўриб, юк машиналари тўхтаб қолишди, ёшлар машинадан чиқиб ҳар қаёққа тарқалиб кетишди.

Йўлда Бакатин билан маслаҳатлашиб, Ички ишлар вазирлиги кучларини кўпайтириш керак, деган хулосага келдик. Республиканинг илтимосига биноан, қўшинлар сони ўн уч минг кишига етказилди. Месхети турклари учун Тожикистоннинг Ленинобод вилояти, Aшт туманида шошилинч равишда лагерлар ташкил этилди. Одамлар ўша ёққа олиб кетила бошланди, палаткалар қўйилди, озиқ-овқат олиб келинди, вақтинчалик аҳоли пунктлари кучайтирилган хавфсизлик остига олинди. Мен Горбачев билан ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун Москвага бир кунга учиб кетдим.

Шу ўринда месхети-турклари қандай қилиб Ўзбекистонга келиб қолганини эслатиш керак. Маълумки, уруш кетаётган 1944 йили СССР чегаралари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Грузиянинг Туркияга чегарадош Месхетия ҳудудида яшаётган 100 мингдан ортиқ месхети туркларининг ҳар биридан “ўз ихтиёрим билан кўнгилли равишда келдим”, деб тилхат олиниб, оммавий равишда Ўзбекистонга мажбуран кўчириб келтирилган эди. Ватанини соғинган месхети турклари бир неча ўн йиллар мобайнида ўз юртига қайтарилишини сўраб Шўро ҳукуматига қилган кўплаб мурожжатлари мутлақо эътиборсиз қолди. Собиқ иттифоқ маъмурияти масалани сиёсий ҳал қилишдан ўзини четга оларди. Москванинг қарори билан Ўзбекистонда мажбуран ушлаб турилган месхети турклари озодлик йўлида ҳамма нарсага тайёр эдилар. Боз устига “қайта қуриш” даврида пайдо бўлган айрим деструктив кучлар вазиятдан фойдаланиш пайига тушдилар. Натижада Фарғона бозорида “бир тоғора қулупнай” жанжали, Қувасойдаги пивохона олдидаги муштлашиш, Паркент воқеалари содир бўлди. Ҳаммасига чидаш мумкин эди, лекин месхети-турк ёшлари томонидан ўзбек аёли зўрлангани тўғрисидаги хабар ўзбекларнинг сабр косасини тўлдириб юборди. Воқеалар Фарғона, Қўқон, Қувасойда ёмон акс-садо берди. Тўполонларда қон тўкилди. Халқни тинчитиш мумкин бўлмай қолди. Грузия ҳукумати эса месхети-туркларини ўз ватанига қайтариб олишдан воз кечди. Шунда 45 йил муқаддам зўрлик билан депортация қилинган месхети-турклари Шўро ҳукумати қарори билан Ўзбекистондан Россиянинг ноқоратупроқ ҳудудига олиб чиқиб кетилди.

Фарғонага яна бир бор СССР Министрлар Советининг Раиси Рижков билан келдим. Тартибсизликларни тугатиш ва месхети турклар билан нима қилиш кераклигини аниқлаш керак эди. Николай Иванович билан биргаликда месхети туркларини эвакуация қилиш энг мақбул усул бўлиб кўринди.

1991 йилда СССР Олий Советида ишлаганимда депортация "давлат даражасидаги туҳмат ва геноцид сиёсати" дея тан олинган "Қатағон қилинган халқларни реабилитация қилиш тўғрисида"ги қонунни тайёрлашда бевосита иштирок этганимдан фахрланаман.

- Ўзбекистоннинг ҳозирги ташқи сиёсати тўғрисида қандай фикр билдирасиз?

- Бир кекса сиёсатчи сифатида айтадиган бўлсам, менга республиканинг халқаро муносабатлардаги ҳозирги позицияси ёқяпти. Ўзбекистон дунёга очилди ва кўплаб мамлакатлар билан дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда. Ўзбекистон ҳарбий блокларга қарши чиқиб, минтақавий ва глобал миқёсда бунёдкор бирлашмалар ишида иштирок этишга тайёр. Таржибамдан келиб чиқиб айта оламанки, ҳақиқий дўстлик ва ўзаро англашув муҳитини ўрнатиш учун, бу, айниқса қўшни давлатлар билан алоқаларда жуда муҳимдир.

- Ёши улуғ инсондан сўраш бироз ноқулай бўлса ҳам айтсангиз, айни дамда нималар билан машғулсиз?

- Ватаним - Бўстонлиқ, Ўзбекистон ҳақида китоб ёзяпман. Мен хотиралар, айниқса, яқин дўстларим, таниқли дипломатлар ва сиёсатчилар мемуарларини мириқиб ўқишни яхши кўраман. Aлбатта, вақт, муҳит одамга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди, лекин ишонасизми, 80 ёшдан ошганимда ҳам менга иш бўйича таклифлар келарди. Назаримда, агар инсонда қатъият, мустаҳкамлик чегараси, мияни "қайта форматлаш"га тайёрлик мавжуд бўлса, уни йиқитиш қийин. Кишиларда айни хислатларни қадрлайман, шу фазилатларни фарзандларимга сингдиришга ҳаракат қилдим. Улар олти нафар, катталари аллақачон мустақил. Энди набираларим, яна олти нафар эварамга сингдиряпман. Оиланинг ёш авлоди йиғилганда, кимдир албатта, "Келинг, бобомиз тарихини кўрамиз", дейишади. Бизда кўп йиллар давомида тўпланган бой видеоархив бор. Ушбу қадрлардан, лавҳалардан улар завқланишади.

Фарзандлари билан

- Халқлар дўстлиги ва миллий қадриятлар ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик.

- Халқлар дўстлиги ҳам, умуминсоний қадриятлар ҳам ниҳоятда эъзозланадиган, қаттиқ туриб ҳимоя қилинадиган муҳим, муқаддас тушунчалардир. Гап шундаки, илгари шўро даврида биз халқлар дўстлигига кўпроқ эътибор бериб, халқларимиз миллий қадриятларини унута бошлаган эдик. Энди кўпроқ миллий манфаатларга эътибор бериляпти. Аслида, бу икки тушунчани бир-бирига ҳеч ҳам қарши қўйиб бўлмайди. Уларни бирдай эъзозлаб, бирини иккинчисидан устун қўймай изчил олиб бориш даркор. Айтганча, бу борада ҳам Ўзбекистон ўрнак кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақасида муҳит ўзгарди, ҳаво тозаланди, деса бўлади. Қадимги қадриятлар, қардошлик, қўни-қўшнилик муносабатлари тикланди. Бу фақат яхшиликка, эзгу ниятлар амалга ошишига олиб келади. Қўшнинг дардини, муваффақиятини худди ўзингникидек қабул қилишга нима етсин?!

Ўзбекистондаги байналминаллик руҳи ҳамон кўпчиликнинг ҳавасини келтиради. Биз ҳам 2000-йилларда халқаро миқёсда байналминал жамғарма ташкил қилганмиз. Мақсадимиз жаҳондаги таниқли бизнесменлар билан ўз юртимиз ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшиш эди. Мен йирик ишбилармон Алишер Усмоновга мурожаат қилдим. Ҳамкорликда кўп мамлакатларда анча ишлар қилдик, афсуски, ўз ватанимизда эмас. Турли тўсиқлар мавжудлиги, ҳатто, энг кичик қурилиш объекти учун ҳам ўнлаб тасдиқлар талаб қилиниши, вагонлар ойлаб божхона омборларида тўхтаб қолиши, миллий валюта конвертация қилинмаслиги ишимизга халақит берди. Ўша пайт ва ўша шароитда биз ҳеч нима қилолмасдик. Ш.М.Мирзиёев ушбу масалаларни, биринчи навбатда конвертация масаласини қисқа вақт ичида ҳал қилди. Энди банкнинг энг олисдаги филиалида ҳам пулни истаганча конвертация қилиш мумкин.

Биласизми, ёшимга қарамай, республикадаги ишлардан жуда яхши хабардорман, замонавий технологиялар бунга имкон беради. Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг яна бир ютуғи мажбурий меҳнатга барҳам бергани. Ҳозир пахта хом ашёсини теришда бирон-бир ташқи иш кучи жалб қилинмаётгани жуда қувонарли. Шу нуқтаи назардан, ўтган асрнинг 60-йилларини эслайман. Ўшанда ўқувчилар ва талабалар учун пахта териш мавсумини, ҳатто, октябрь ойидан бошлаб, бир ойгача чеклаш таклифини илгари суришга уриниш ҳам бефойда эди. Бундан кейин илм-фан, техника, технологиялар кенг жорий қилиниб, пахтакор ўз ҳосилини ўзи йиғиб олади.

- Болаларни ёшликдан меҳнатга ўргатиш-чи?

- Мен бунга асло қарши эмасман. Ўзим ҳам ёшлигимдан комсомолда ижтимоий фаолиятим бошлангунга қадар далада ишлардим. Aгар ота-она, оиладаги оқсоқоллар билан шахсий томорқа ёки фермер хўжалигида ишланса, яхши. Aсосийси, номаълум кимса учун ишлашга мажбурланмаса, ишнинг зарари ўқишга тегмаса бўлди. Ёшлар ўқиши керак. Бу энг асосий вазифа. Қисқаси, иқтисодиётни ривожлантиришда тўғри йўналиш танланган ва вақти келиб ҳаммаси яхши бўлади.

Шавкат Миромонович сиёсатида менга ёқадиган яна бир жиҳат, бу оммавий ахборот воситалари эркинлигидир. Бизнинг давримизда бу ҳақда фақат орзу қилиш мумкин эди. Энди, менимча, ҳукумат фақат бир нарсани талаб қилмоқда - фақат танқид қилмасдан, муаммоларни ҳал қилиш йўлларини таклиф этиш, қонунларни бузмаслик, рақибни ҳурмат қилиш, ҳақиқатни ёзиш. Демак, Шавкат Мирзиёевнинг тўғри стратегик йўналиши бор, халқ уни қўллаб-қувватламоқда ва менимча Ўзбекистон, албатта, катта муваффақиятларга эришади.

- Рафиқ Нишонович, очиқ, батафсил ва қизиқарли жавобларингиз учун раҳмат.

Жаҳоннинг биринчи фазогири Ю.А.Гагарин билан

Ирисмат Абдухолиқов

ва Раҳимжон Султонов суҳбатлашди.

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рафиқ Нишонов: Ўзбекистоннинг истиқболи порлоқ, у қайта тикланмоқда