Радарга тушганлик жаримаси ҳақидаги қарор қайси ҳолларда ўз кучини йўқотади?
Ҳуқуқий муносабат
Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган ҳолларда жарима солиш ва уни тўлаш тартиби хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагиларни маълум қилди.
–Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган ҳолларда жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари қўлланилган ҳолда олинган материаллар илова қилиниб, электрон ҳужжатни қоғоздаги ҳужжатга айлантириш йўли билан тайёрланади ҳамда мазкур қарор чиқарилган кундан эътиборан уч кун ичида буюртма почта жўнатмаси тарзида ҳуқуқбузарга юборилади.
Лекин, агар маъмурий жазо қўлланиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб уч ой мобайнида ижрога қаратилмаган бўлса (қарор нусхаси ҳуқуқбузарга топширилмаган, ҳуқуқбузарнинг ишлаш, яшаш жойига ёки давлат ижрочисига юборилмаган бўлса ва ҳ. к.), у ҳолда бундай қарор ижро этилмайди.
Ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилади ва айбдор мансабдор шахсга нисбатан тегишли интизомий чора кўрилиб, у ҳақидаги маълумот маъмурий иш ҳужжатларига қўшиб қўйилади.
Кўриб турганингиздек, агар сизга 3 ой ичида жарима солиш тўғрисидаги қарор етказиб берилмасагина, сиз ушбу жаримани тўламасангиз бўлади. Аммо 3 ойгача сизга қарор етказиб берилса, ушбу жаримани тўлашга мажбурсиз.
Гулноза Бобоева, ЎзА