Аксарият хорижий давлатларда йўллар равон, радарлар эса фуқарога ёрдамчи. Йўл белгилари аниқ, чизиқлар тўлиқ – ҳаммаси очиқ ва тушунарли. Мақсад ЙТҲларининг олдини олиш, одамларни огоҳлантириш. Биздачи?
Тегишли ҳужжатларга кўра, радарлар турадиган жой олдида махсус огоҳлантирувчи белги бўлиши зарур. Бундай белги бўлмаган жойда ўрнатилган радарлар орқали ҳайдовчининг қоидабузарлиги аниқланса, нима қилиш керак? Ҳайдовчи бунинг учун жарима тўлашга мажбурми?
– Мобил радарлар кузатуви асосидаги йўллар фото-видео қайд қилиш, 5.43 радар ва 7.19 қўшимча ахборот белгилари билан таъминланиши керак, – дейди Тошкент давлат транспорт университети профессори Анвар Назаров. – Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги қарорига кўра, йўл патруль ходими ўз хизмат вазифаларини махсус аудио ва видео қайд этиш қурилмалари билан жиҳозланган транспорт воситаларида хизматни яширин олиб бориши тақиқланади. Йўл ҳаракати қоидаларининг иккинчи иловасидаги 5.41 фото-видео қайд қилиш, 5.43 радар, 7.19 фото-видео қайд қилиш йўл белгилари ҳайдовчига олдиндан стационар радарлар, мобил радарлар, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини кўзда тутадиган камералар борлиги ҳақида ахборот бериши керак. Радар борлигини билдирадиган белги бўлмаса, жарима тўлашга шошилмаган маъқул. Шунингдек, радар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 апрелдаги 232-сонли қарорига мос равишда ўрнатилган бўлиши зарур.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги йўлларга кўплаб фото ва видео мосламалар ўрнатилган. Бир муддат олдин мульти, яъни автомобилларга ўрнатиладиган радар мосламалари ҳам ишга туширилди. Улардан, айниқса магистрал йўлларда кенг фойдаланилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 370 – сонли қарорига асосан тезлик назоратга олинадиган барча ҳудудларда 5.43 белгиси бўлиши шарт. Аммо, айрим ҳолларда ушбу огоҳлантирувчи белгининг ўрнатилмаганига гувоҳ бўламиз.
Аслида белги бўлса-бўлмаса тезликни оширмаган маъқул. Юртимиздаги йўл транспорт ҳодисаларининг кўп қисми ҳам айнан юқори тезликда ҳаракатланиш сабабли содир бўлмоқда.
Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йилда содир этилган 9 минг 902 та ЙТҲда 2 минг 356 нафар инсон ҳалок бўлган ва 9 минг 606 нафар инсон тан жароҳати олган. 2023 йилнинг 10 ойи давомида эса 7 минг 616 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 1 минг 867 нафар инсон ҳалок бўлган ва 7 минг 62 нафар инсон тан жароҳати олган. 2024 йилда 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши оқибатида 2 минг 203 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8 минг 901 нафар инсон тан жароҳати олган.
Шу сабабли, сўнгги вақтларда йўл ҳаракати хавфсизлигига оид қонунчиликка кўплаб ўзгартиришлар киритилмоқда. Жорий йилнинг 20 февралида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Унга кўра, йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда бузган ҳайдовчиларга нисбатан жарима баллари тизими жорий этилди. Бир йил давомида 12 балл тўплаганлар суд қарори билан камида олти ойга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Ушбу тартиб ҳақида эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда турли муҳокамалар келиб чиқди. Кимдир буни оқлади, кимдир қарши чиқди.
Қонун билан “қип-қизил қоидабузар” ҳайдовчиларга кескин чоралар кўрилади. Йўлларда тартиб, қоидаларни бузадиган, инсонлар ҳаётини хавф остига қўядиган ҳайдовчилар бор. Буни ҳеч ким инкор қилмайди.
Жарима баллари асосан инсонлар ҳаётига хавф туғдирадиган ҳуқуқбузарликлар — ҳаракат тезлигини ошириш (0.5 баллдан 2 баллгача), светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмасдан ўтиш (2 балл), қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонга чиқиш (2 балл), транспорт воситасида қувиб ўтиш қоидасини бузиш (1.5 балл), ЙТҲ қатнашчиларининг ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши (2 балл) каби ҳолатларда ёзилади. Қолган ҳолатларда пастроқ баллар берилиши (масалан, тўхташ ёки тўхтаб туриш, одам ташиш қоидаларини бузиш каби ҳуқуқбузарликларга 0,5 балл) кўзда тутилган.
Мисол учун, ҳайдовчилар энг кўп тушадиган ҳолат — ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириш учун 0,5 жарима балли берилади. Ҳозирча бу фақат йўл-патруль хизмати инспектори томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённома асосида берилади. Яъни, ҳозирча камера ва радарларга тушганда ёзиладиган жарималар 12 баллик тизимга қўшиб ҳисобланмайди. Камера ва радарларни кейинчалик қўшиш режалаштирилган.
Шу ўринда жарималар миқдорига келадиган бўлсак, Кореяда бир марта тушган жаримага фуқаро ойлигининг юздан бирини тўлайди. Ўзбекистонда эса 2-3 марта йўл қоидасини бузган ҳайдовчи ойлик маошининг ярмини ёки ҳаммасини жаримага тўлаши керак бўлади.
Аслида жарималар нимага асосан белгиланади? Ўзбекистондаги жарималар миқдори адолатлими? Жарималардан тушган маблағлар қаерга сафланмоқда?
Бу саволларга кейинги мақоламизда жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА