Рағбат муваффақиятларга ундайди
Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов жорий йилда Олимпия спорт турлари бўйича халқаро ва нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган спортчи ёшларни муносиб тақдирлади.
Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов жорий йилда Олимпия спорт турлари бўйича халқаро ва нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган спортчи ёшларни муносиб тақдирлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасидаги тайёргарлик жараёнлари ва эришилган натижалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар уларнинг улкан зафарларига қанот бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

Вилоят ҳокими спортчи ёшларни эришган зафарлари билан қутлаб, муносиб тақдирлади. Жорий йил Осиё ва жаҳон чемпионатларида ғалабага эришган спортчи ёшлар асосан Навоий ихтисослашган олимпия захиралари мактаб-интернати, якка кураш турларига ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли “Сўғдиёна” спорт мажмуаси тарбияланувчиларидир. Улар орасида маҳоратли оғир атлетикачи Кумушхон Файзуллаева ҳам бор.

– Кореянинг Пхеньян шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида 1-ўринни, Беларусь Республикасида ўтказилган жаҳон чемпионатида 2-ўринни қўлга киритдим, – дейди Кумушхон Файзуллаева. – Асосий мақсадим бўлажак мусобақаларда қимматли очколарни жамғариб, Токио Олимпиадаси учун лицензияни қўлга киритиш. Бунинг учун доимий машғулотлар олиб бориб, жисмоний имкониятимдан самарали фойдаланаман.

Спортчи ёшлар қаторида жорий йил Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган “Innoweek – 2019” инновацион ғоялар ҳафталигида “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони соҳиби бўлган Ҳумоюн Ҳайдаров ҳам муносиб тақдирланди. Кармана туманидаги 21-умумтаълим мактабининг 11-синфида таҳсил олаётган ёш ихтирочи жорий йил Жанубий Кореянинг Донхе шаҳрида бўлиб ўтган “Grand Donxe Challenge” робототехника олимпиадасида “Ақлли тиббиёт қутичаси” лойиҳаси билан иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 190 та давлат ўртасида бўлиб ўтган “First Global Challange” робототехника мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси сардори сифатида қатнашиб, “Энг мустаҳкам робот” номинацияси ғолиби бўлди.
