Рағбат – муваффақиятга кафолат
Қадимдан миллий ҳунармандлик санъатининг йирик марказларидан бўлиб келган Фарғона вилоятида ушбу соҳа мустақиллик йилларида янада ривожланиб, ҳунармандлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Қадимдан миллий ҳунармандлик санъатининг йирик марказларидан бўлиб келган Фарғона вилоятида ушбу соҳа мустақиллик йилларида янада ривожланиб, ҳунармандлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.
Риштон тумани Жалойир қишлоғида истиқомат қилувчи кулол-мусаввир Тоҳир Ҳайдаров моҳир усталардан. У нозик ва бетакрор нақшлари билан довруғ қозонган Риштон кулолчилик мактабини янги, ноёб асарлари билан янада бойитди.
– Ҳар бир ҳунармандлик буюми меҳр маҳсулидир, – дейди уста. – Баъзан биргина асар яратиш ойлаб вақт талаб этади. Ҳар бир асар ўзининг нафислиги, қаҳрамон табиатига уйғунлиги, воқеабанд характери билан ажралиб туриши керак. Ҳунарнинг мураккаблиги ҳам шунда. Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик анъаналарини ривожлантириш, ёшларга ўргатиш учун кенг шароит ва имкониятлар яратилган. Иш бошлайман, десангиз, банк кредити нақд, харидор тайин. Давлатимиз томонидан берилган имтиёзлардан фойдаланиб, Бешкапа шаҳарчасида янги музей ва устахона барпо этмоқдамиз. Кулолчилик мактабини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Уста ижодига мансуб сопол буюмларнинг игна билан чизилган бетакрор нақшу суратлари ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Тоҳир ака ўз асарларидан иборат уй музейи ташкил этган. Бу ердаги Алишер Навоий ва Бобур Мирзо асарларига нозик чизгилар билан ишланган миниатюралар, мураккаб ва нафис нақшлар, табиат манзаралари акс этган турли ҳажм ва кўринишдаги сержило идишлар киши қалбига завқ бағишлайди.
“Устоз-шогирд” анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган уста 30 га яқин шогирдига ушбу ҳунар сирларини ўргатмоқда. Айни пайтда у мамлакат ва халқаро миқёсдаги турли кўргазма ва кўрик-танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Давлатимиз томонидан яратилаётган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланаётган ҳунарманд ўз маҳсулотини экспорт қилиш орқали миллий меросимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ишига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Уста-кулол бой тарихимиз, миллий маданий қадриятларимиздан бўлган кулолчиликни янада ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 2011 йилда Президентимиз фармонига мувофиқ, “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда яратилаётган кенг шароит ва имкониятлар бобомерос бўлиб келаётган кўҳна ҳунар сирларини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.