Раҳбарлар депутатларга ахборот берди
21 август куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўн иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
21 август куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўн иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.
ZOOM дастури орқали онлайн тарзда ташкил этилган сессия ишида вилоят Кенгаши депутатлари билан бирга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари У.Иноятов ва Самарқанддан сайланган депутатлар, Сенат аъзолари қатнашди.
Сессияда дастлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзовнинг карантин тартиблари босқичма-босқич юмшатиб борилиши муносабати билан фуқаролар санитария талабларига қатъий риоя этишлари зарурлиги, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши юзасидан вилоят аҳлига мурожаати эшитилди.
– Республика махсус комиссиясининг июль - август ойларида жорий қилган карантин чекловлари натижасида ҳозирги кунда вилоятимизда коронавирус билан касалланиш анча камайди – деди Д.Жуманиёзов. – Натижада, Самарқанд шаҳридаги 3 та шифохонамиз коронавирус билан касалланган беморларни қабул қилишни тўхтатиб, ўз профили бўйича тиббий хизмат кўрсатишни бошлади. Самарқанд шаҳридаги олимпия заҳиралари спорт мажмуасида ташкил қилинган 1080 ўринли даволаш ва тақсимлаш маркази беморларимизга самарали хизмат кўрсатмоқда.
Бугунги кунга қадар соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан профилактика муассасаларига 20 миллиард 880 миллион сўмлик 50 турдаги 1598 дона замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ёрдами билан 1220 дона кислород баллонлари, 75 та кардиомонитор, 2000 та бобров аппарати, 1500 та пульсоксиметр олиб келинди. Вилоятдаги тиббий кислородга бўлган эҳтиёж ошиши эҳтимоли инобатга олиниб, Францияда ишлаб чиқарилган, қиймати 600 минг АҚШ долларига тенг, қуввати соатига 55 куб бўлган кислород заводи олиб келиб ўрнатилди. Тез тиббий ёрдам хизмати сифатини ошириш мақсадида 83 дона “Damas”, 10 дона “Volkswagen” ва 2 дона “Isuzu” русумли махсус автомашиналар харид қилинди.
Шундан сўнг, вилоят прокурори Ф.Зуфаровнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда 2020 йил 6 ойи давомида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.
Ахборотда қайд этилишича, ҳисобот даврида кўрилган чоралар, давлат органлари ҳуқуқий ҳужжатларининг доимий равишда ўрганилиши натижасида 6056 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 1343 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Прокурорларнинг қарор ва тақдимномалари асосида 2012 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Ноқонуний қарорларга 1349 та протест келтирилди ҳамда судларга 19 миллиард сўмлик 614 та даъво аризалари киритилди.
Ўтказилган текширувлар натижаси билан ҳамда жиноятларни тергов қилиш жараёнида 14 миллиард сўмлик ёки 96 фоиз зарарларнинг ундирилиши ва маҳаллий бюджетга туширилиши таъминланди. Фақатгина умумий назорат йўналиши бўйича қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 157 та жиноят иши қўзғатилди.
Учрашув, қабул ва назорат тадбирлари давомида 605 нафар тадбиркорларнинг турли муаммолари бартараф этилди. 59 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини поймол этган 19 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 3 та жиноят иши қўзғатилди.
Вилоятда йилнинг биринчи ярмида 1808 та жиноят ҳисобга олинди. Бу ўтган йилга нисбатан 484 та (36,6 фоиз)га кўпдир. Хусусан, Пахтачида 27 та, Булунғур ва Нарпайда 24 тадан, Иштихонда 20 та ҳамда Оқдарёда 18 та маҳаллада жиноятлар ошиб, криминоген вазият ёмонлашган.
Сессияда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевнинг 2020 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати юзасидан ахбороти ҳам тингланди.
Таъкидланишича, ҳисобот даврида вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлигининг 9 та, туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимликларининг 48 та норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, уларининг 51 тасига ижобий хулосалар берилган. 6 таси белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги учун қайтарилган. Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳамда вилоят адлия бошқармаси томонидан тасдиқланган иш режага мувофиқ Жомбой, Нуробод, Паст Дарғом, Булунғур, Самарқанд туманлари ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимликларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти ўрганилиб, ҳокимликлар томонидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича 6 та тақдимнома киритилди. Кўрилган чораларга асосан мазкур ҳокимликлар томонидан қабул қилинган 69 та қарор ва фармойишлар бекор қилиниб, 50 та қарорнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилиши таъминланди.
Депутатлар халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиясининг вилоятда қурилиш соҳасида амалдаги қоида ва меъёрларга нечоғлик амал қилинаётгани, бу борадаги қонунбузилиш ҳолатларига қарши курашиш юзасидан олиб борилаётган ишлар юзасидан 2020 йил 19 июнда юборилган Кенгаш сўрови юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуровнинг ахборотини ҳам тинглаб, ушбу масалани қизғин муҳокама қилдилар.
А.Шукуров Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 январдаги қарорига асосан 367,8 миллиард сўм маблағ эвазига вилоят бўйича 101 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилаётганини қайд этди. Уларни ўз вақтида, сифатли қурилиш материаллари билан таъминлаш, қурувчилар учун хавфсиз меҳнат шароити яратиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу билан бирга бугун вилоятда уй-жойлар ва якка тартибдаги қурилишлар кўлами кенгайиб бораётгани натижасида мазкур объектларда ҳам қурилиш меъёрлари ва қоидаларига риоя этилишида камчиликларга йўл қўйилмоқда. Ушбу йўналишда тегишли ташкилотлар томонидан назорат тадбирларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятимизда 2303 та қурилиш-пудрат ташкилоти рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 1090 таси тўлиқ қувватда фаолият кўрсатмоқда.
Сессияда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқовнинг камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи ҳам кўриб чиқилди.
Ҳисоботда вилоятда камбағаллликни қисқартириш бўйича сектор раҳбарлари, иқтисодий комплекс ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида йил бошидан буён “темир дафтар”га киритилган 47 770 та камбағал оиланинг 6857 таси доимий даромад манбаига эга бўлгани ва рўйхатдан чиқарилгани қайд этилган. Ўз навбкатида пандемия даврида доимий даромадини йўқотган 4522 та оила рўйхатга киритилган. Ҳар бир камбағал оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни камбағалликдан чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар “Saxovat.argos.uz” дастури орқали ҳисобга олиб борилмоқда. “Саховат ва кўмак” умумҳалқ ҳаракати тадбири доирасида жорий йилнинг 1 август ҳолатида камбағал оилаларга саховатпеша тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан жами 36,4 млрд.сўмлик кўмак кўрсатилди. Қурбон ҳайити байрами муносабати билан республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан 10 минг оилага 1 млн.сўмдан, Президентимизнинг 2020 йил 30 июлдаги фармонига асосан 37541 муҳтож оиланинг 167 422 нафар аъзосига 220 минг сўмдан, жами 36,8 миллиард сўм бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Сессияда депутат Юлдашев Шерали Мамараимович халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши котибияти мудири лавозимига тасдиқланди. Шунингдек, котибият бош ва етакчи мутахассислари ҳам маъқулланди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан вилоят Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.