Рўйхатдан ўтиш янада такомиллашади
Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимлигида “Ягона дарча” маркази фаолияти йўлга қўйилди. Унинг тақдимотига бағишланган амалий семинарда ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.
Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимлигида “Ягона дарча” маркази фаолияти йўлга қўйилди. Унинг тақдимотига бағишланган амалий семинарда ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.Ўзбекистон Республикаси Адлия, Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора катта аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан ишлаб чиқилган манзилли дастурга мувофиқ, муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги 193 тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида яратилади. Мазкур инспекцияларда тегишли ўзгартиришлар жорий этилиб, уларга аниқ вазифа ва мажбуриятлар юклатилди. Улар учун электрон маълумот тизими асосида бошқа давлат идоралари билан ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ механизм ишлаб чиқилди. Марказларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида тегишли тартибда молиялаштирилди. 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб улар ўз фаолиятини бошлайди.
Айни пайтда “Ягона дарча” марказларининг аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, давлат органлари билан боғланиш бўйича тартибини изоҳлаб бериш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш ва бошқа тегишли масалалар бўйича вазифалар белгиланган тартибда бажарилди. Жумладан, 193 “Ягона дарча” маркази тегишли тартибда жиҳозланди, мутахассислар билан таъминланди. Эндиликда бир қатор давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилади.
– Марказда электрон навбат тизими жорий этилиши, оператор мижозни қабул қилиб, тегишли ҳужжатларни тўлдиришга ёрдам бериши, ариза автоматик тарзда тегишли давлат идораси, муассасага йўналтирилиши ва унга жавоб ҳам шу марказнинг ўзида тақдим этилиши биз, тадбиркорлар учун нур устига нур бўлди, – дейди “Master energy service” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алишер Ғофуров. – Юртбошимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан миннатдормиз.
Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.