Маълумки, мамлакатимизда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш бўйича қатор қулайликлар, солиқ имтиёзлари яратилди.
Хусусан, Президентимизнинг қарорига асосан жорий йил 1 апрелдан “Қуёшли хонадон” дастури доирасида хонадонига қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт соати учун 1000 сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган эди.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, бугунги кунга қадар 967 нафар жисмоний шахсга апрель-июль ойлари учун қуёш панелида ишлаб чиқарилиб, ягона электр энергетика тизимига узатилган ҳамда тизимдан истеъмол қилинган электр энергияси ўртасидаги ижобий тафовут (348 минг кВт/соат)дан келиб чиқиб 348 миллион сўм субсидия ҳисобланди ҳамда тўлов учун тасдиқланди.
Субсидиянинг энг катта қисми қорақалпоғистонликлар учун ҳисобланган – 103,6 миллион сўм. Ундан кейинги ўринлардан Хоразм вилояти (70,5 млн сўм) Тошкент шаҳри (35,6 млн сўм), Жиззах (30,9 млн сўм) ҳамда Навоий (27,8 млн сўм) вилоятлари жой олган.
Субсидияни “Soliq” мобиль иловасининг “Кешбек” бўлимидаги “Картага пул ўтказиш” ойнаси орқали банк картасига ўтказиб олиш мумкин.
Яна бир маълумот. Қуёш панеллари фуқароларга 20-25 йил давомида хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, эҳтиёжидан ортган қисмини электр тармоқлари корхонасига сотиб даромад қилиш ҳам мумкин.
Бунда жисмоний шахслар томонидан ҳеч қандай солиқ тўловлари амалга оширилмайди.
Эътиборлиси, бундай қурилма ёрдамида хонадонини электр энергияси билан таъминлаган (ўрнатилган ер майдони учун) жисмоний шахслар 3 йил, тадбиркорлик субъектлари эса 10 йил давомида ер ва мулк солиғидан озод этилади. Ўз навбатида жисмоний шахслар қуёш панелларини 3 йил муддатга фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олишлари, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлардан фойдаланишлари мумкин. Бунда 5 киловаттгача бўлган қисмига бўлиб-бўлиб тўлаш имтиёзлари берилади.
Хонадон эгаси томонидан тўлиқ харид қилинганда қуёш панеллари харажатларининг 6 миллион сўмгача ва қуёш сув иситиш қурилмаларининг 2,1 миллион сўмгача бўлган қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Қурилмаларни ўрнатгандан кейин хонадон соҳиби электр таъминоти корхонаси билан электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаш ҳуқуқига эга.
Айтайлик, хонадон эгаси 1 кВт соат электр энергиясини давлатга 1000 сўмдан сотади. Агар хонадонга 5 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилса, қуёш станция ойига ўртача 750 кВт соат электр энергия ишлаб чиқаради. 4 кишилик хонадонда ойига ўртача 400 кВт соат электр энергия истеъмол қилинса, мазкур станция хонадон эгасига ойига 350 минг сўм миқдорда даромад келтиради.
Фуқаролар томонидан сотилган электр энергияси учун маблағлар давлат томонидан ҳар ой “Soliq” мобил иловаси орқали фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади. Ўрнатилган қуёш панеллари орқали олинган электр энергияси “ақлли” электр ҳисоблагичлар ёрдамида ҳар ой қанча сотилганини аниқ ҳисоблаб беради. Жараённи телефонда ўрнатилган махсус илова орқали онлайн кузатиб бориш имконияти мавжуд.
Шунингдек, қуввати 100 кВт ва ундан ортиқ бўлган қуёш панелларидан энергия ишлаб чиқарувчилар ушбу қурилмаларни ўрнатганлик учун мол-мулк ва ер солиғини тўлашда ўн йил муддатга имтиёз берилади. Қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатувчилар мол-мулк солиғи, ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан уч йил муддатга озод этилади.
Энг муҳим жиҳати шундаки, 2024 йил 1 январга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа материаллар божхона тўловларидан озод этилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА