Қуёш панеллари қўшимча даромад манбаи
Президент қарори амалда
Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғриси”даги қарорига мувофиқ ҳар бир ҳудудда ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида, иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга доир чора-тадбирлар дастури қабул қилинган.

Аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа иншоотлари билан бирга тадбиркорлик субъектлари ёки ишлаб чиқариш корхоналарига ўрнатилаётган қуёш панеллари электр энергиясига сарфланадиган йиллик харажатнинг 50 фоизини иқтисод қилиши кўзда тутилган. Шунингдек, масъулияти чекланган жамиятлар ёки кластерлар эҳтиёжидан ортиқ ишлаб чиқарилган электр энергиясининг “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига ўтказиш имконига ҳам эга.

Бухоро туманида “KLASTER EMIR PARRANDA” МЧЖнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини арзон ва узлуксиз таъминлаш мақсадида Қирғизистоннинг “New-Tek LLC” компанияси томонидан қиймати 1 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобига қуввати 1 МгВ соат бўлган қуёш электр станцияси қурилиш ишлари ниҳоясига етказилди.
Бугунги кунда “New-Tek LLC” компанияси томонидан туманда масъулияти чекланган жамият шаклидаги “MATRIX SUN ENERGY” МЧЖ хорижий корхонаси ташкил этилди. Корхона “KLASTER EMIR PARRANDA” МЧЖни 1 МгВт соат қувватга эга электр энергияси билан таъминлаш мақсадида ҳудудда қурилиш-монтаж ишлари бошланган.
Айни пайтда ўз имкониятларини ошираётган “New-Tek LLC” компанияси тумандаги бошқа корхоналарни шартнома асосида арзон ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири