Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида фаолият юритаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги “ТСТ CLUSTER” масъулияти чекланган жамият қошида уруғчиликни ривожлантириш маркази ташкил этиладиган бўлди.
Мазкур марказнинг асосий вазифаси қишлоқ хўжалиги экинларининг юқори авлодли уруғларини етиштириш, уруғчилик соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, селекция ва уруғчилик соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлашдан иборат бўлади.
Марказ ўз фаолияти давомида мутасадди олим ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари тайёрлашда талаб этиладиган меъёрлар ва тайёрлаш технологияларига қатъий риоя қилиб бориш билан шуғулланади. Маҳаллий ва хорижий селекция навлари ҳамда биотехнологик ва ноанъанавий экин турлари уруғчилиги ҳамда кўчатчилигини ташкил этиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Шу билан бирга, сабзавот ва полизчиликда маҳаллий селекция навларини тиклаш, F1 дурагай уруғчилигини йўлга қўйиш борасида тизимли ишларни олиб боради. Қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлигини сақлаган ҳолда сифатли уруғларни тайёрлаш ва амалда татбиқ этиш, уларини экспорт қилади.
Келгусида марказнинг юқори малакали мутахассислари томонидан илмий-инновация ютуқларни қўллаган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари касалликлари ва зараркунандаларига қарши кураш ишларини жадаллаштириш, уруғдорилагичлардан самарали фойдаланиш каби мақсадлар белгилаб олинди.