Қуйи бўғин раҳбарлари малака оширмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиали ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида қуйи бўғин раҳбарлари, яъни туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари, бош мутахассислар учун ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Машғулотларга вилоятдаги соҳавий олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари, давлат органлари ва ташкилотлардан малакали амалиётчи мутахассислар жалб этилган.

Бухоро давлат университетида туман, шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари ҳамда инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича бош мутахассисларга 60 cоатга мўлжалланган ўқув машғулотлари бошланди.
Ўқув давомида соҳа бўйича янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларни жойларда татбиқ этиш, илм билан амалиётни бир-бирига интеграция қилиш, тингловчиларнинг ҳам касбий, ҳам шахсий компетенцияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

– Беш кунлик ўқув машғулотлари давомида ишларни "маҳаллабай" ташкил этиш, мутахассислик фанларини ўзлаштириш билан бир қаторда туманнинг ўсиш нуқталари бўйича ҳам зарур билим ва кўникмаларни ўзлаштирамиз, – дейди Вобкент тумани ҳокимининг молия иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масаласи бўйича биринчи ўринбосари бош мутахассиси Нилуфар Худаярова.
– Ўқув дастуридаги мавзуларда ҳар куни тўқнаш келадиган муаммоли масалаларга жавоблар ҳам изланди.

– Ўқув курсининг аҳамиятли жиҳатидан бири бу назарий ва амалий билимлар уйғунлашган ҳолда ўргатилиши, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиали бош инспектори Мурод Аминов. – Шунингдек, кадрларнинг бошқарув маҳорати ва кўникмасини ривожлантириш ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ўқув-семинарларга ажратилаётган давлат бюджетидан сарф-харажатларни минималлаштирган ҳолда эндиликда ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларни ҳудуднинг ўзида етакчи олий таълим муассасаларини жалб этган ҳолда ўқитишга эътибор қаратилмоқда. Бу каби малака ошириш курслари жорий йилнинг май ойи давомида барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги қуйи бўғин ходимлари учун ташкил этилиши режалаштирилган.

Зариф Комилов, ЎзА