“Қувасой” оромгоҳига кубок топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят кенгаши томонидан Қувасой шаҳридаги “Водий гавҳари” болалар оромгоҳида “Беш ташаббус – оромгоҳда” шиори остида Касаба уюшма кубоги учун кўрик-танлов ташкил этилди.
Мазкур танловда “Водий гавҳари”, “Ҳумо” ва “Қувасой” оромгоҳларида дам олаётган болалар расм чизиш, рақс, театрлаштирилган саҳна кўриниши, компьютер саводхонлиги, ёш китобхон, ҳунармандчилик, стол тенниси, шашка, сузиш бўйича беллашдилар.
Ғолибликни қўлга киритиш учун болажонлар бор куч ва ғайратини, истеъдодини намоён этишди. Айниқса, сузиш, стол тенниси, шашка мусобақалари шиддатли ўтди. Иштирокчи жамоалар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари барчанинг олқишига сазовор бўлди.
- Мен бу танловда иштирок этиб, сузиш бўйича 1-ўринни эгалладим, - дейди “Ҳумо” оромгоҳи дам олувчиси Эдим Ғаниев. - Мусобақа ғолиби бўлганимдан хурсандман. Касаба уюшмалари томонидан берилган 1-даражали диплом ва совғани ота-онамга олиб бораман.
[gallery-12777]
- Китоб мутолаа қилишни яхши кўраман. Оромгоҳимиз кутубхонасида бир-биридан қизиқарли китоблар бор. Уларни кўпининг ўқиб тугатдим. Бугунги танловнинг “Ёш китобхон” йўналишида ғолиб бўлишимда ана шу ўқиганларим асқатди. Бу ҳаётимдаги илк катта муваффақиятим бўлди, - дейди ғолиблардан яна бири Зебо Азизова.
Танловнинг қолган йўналишлари бўйича ҳам пешқадамлар аниқланиб, уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Касаба уюшма кубоги эса барча йўналишларда юқори натижаларни қўлга киритган “Қувасой” болалар оромгоҳи тарбияланувчиларига берилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА