Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Фарғона вилояти Қува тумани бўлими ва филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Илгарилари кадастр тизимидан кўпчилик норози бўларди. Бугун эса барчаси ўзгариб, соҳада хизмат кўрсатиш сифати ошмоқда. Одамлар истаган тезкор, шаффоф, рақамли хизмат кўрсатиш тизими шаклланиб боряпти. Натижада, соҳада мурожаатлар сони ҳам ортиб, уларга хизмат кўрсатиш имкониятлари бир неча баробарга кенгайди. Фарғона вилоятида ҳам кадастр тизимида рақамлаштириш жараёни жадал давом этмоқда.
Шу билан биргаликда ҳудудларда кадастр ходимларининг фаолият олиб боришлари учун қулай шароитлар яратиш эътиборда. Бугунга кадар Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси тизимида Ёзёвон, Тошлоқ, Қўштепа, Бағдод, Фурқат туманларининг бинолари янги қуриб фойдаланишга топширилди. Олтиариқ, Учкўприк, Риштон туманларининг бинолари реконструкция қилинди. Қува туманидаги мазкур бино ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир.
Тантанали очилиш маросимида Давлат кадастрлари палатаси раиси Моҳир Валиев ва бошқалар юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат идораларига бормасдан, масофадан туриб кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотлар, кадастр хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш муҳим мақсад эканлигини таъкидлади. Янги бинода яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар билан танишилди.
М.Сулаймонов, ЎзА