Қува тарихан “Буюк ипак йўли”даги муҳим савдо марказларидан бири бўлган. Бу ерда Шарқдан ва Ғарбдан келган савдо карвонларининг бир қисми мол айирбошлаб яна ортга қайтганлари ҳақида ёзма манбааларда маълумотлар учрайди.
Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларда ҳам Қува шуҳрати оламга таралган.

90-йилларда Қувада бир неча йирик иншоотлар қурилиб фойдаланишга топширилди. Улар орасида Ўзбекистондаги энг йирик қандолатчилик корхонаси, ип йигирув мажмуаси, она ва болани даволаш маркази, Аҳмад ал-Фарғоний зиёратгоҳларидир. Лекин шундан кейин негадир Қувада бундай йирик иншоотлар қурилиши тўхтаб қолди. 2024 йилда эса у яна улкан қурилиш майдонига айланди.
Бу сайлгоҳ кўча янги очилди, деса ҳам бўлаверади. Негаки Қува марказидан Қубо тепалигигача бошқа айланма йўлдан борилар эди. Ҳозир эни 40 метрли сайлгоҳ кўчада қурилиш ишлари давом этяпти. Икки ёнда тадбиркорларнинг собиқ дўкон ёки хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрнида замонавий бинолар, ҳатто кўп қаватли турар жойлар қад ростлади.

– 68 та эски бир қаватли дўконлар ўрнига ҳозир икки қаватли замонавий лойиҳа асосида қурилган хизмат кўрсатувчи ошхона, савдо-сотиқ дўконлари қайтадан қурилмоқда, – дейди Қува тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Исломжон Абдумуталов.
Бу кўчага ҳозирданоқ аҳоли халқона ном қўйиб олибди: 24/7. Бунинг маъноси шуки, кўча бўйидаги хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқ иншоотлари ҳафтанинг етти кунида кечаю кундуз, яъни 24 соат очиқ бўлади. Хиёбон нафақат хизмат кўрсатувчи марказ, балки аҳолининг севимли дам олиш, ҳордиқ чиқариш кўчасига айланади. Биз суҳбатлашган бино эгалари бўлган тадбиркорларнинг қувончи чексиз.

– Канализация, ичимлик суви, электр тармоқлари тортилди. Бинолар олд қисми катта ойнали бўлиб, мижозларга қулай шароитлар яратилди. Илгари бу кўчадан юриб бўлмас эди. Ҳар ерда ёймачилар бўларди, – дейди тадбиркор Зафар Нуриддинов. –Мана, биноларимиз икки қаватли бўлиб, янги иш ўринлари яратилди. Масалан, менда илгари 6 киши ишлаган бўлса, энди ходимимиз 10 тадан ошади.
Бу ерда ҳаммаси янги. Янгича лойиҳа, янги хизмат турлари, ёшлар учун IT, компютер марказлари...

Лойиҳанинг йўлак қисмида кўзи ногиронлар учун алоҳида йўналтирувчи оқим қурилган.
Кўча бошидаги Хотира хиёбони атрофи очилиб кўркамлик касб этди. Яна бир томондаги Хўжапошшо ёдгорлиги қиёфаси ҳам янгиланди.

Хуллас, Қува янги қиёфага кирмоқда, десак тўғри бўлар. Аммо бу ҳаммаси эмас.
– Туман марказидаги буюм ва деҳқон бозорлари ҳам қайтадан қуриладиган бўлди ва унинг лойиҳаси тасдиқланди, – дейди Исломжон Абдумуталов. –Ҳозир Қува атроф ҳудудидаги жойлар ўрганилмоқда. Лойиҳа жойи маъқуллангач, қурилиш ва кўчириш ишлари амалга оширилади.


<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4zNm7PU9-zY" title="Quva yangilanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео,сурат), ЎзА мухбирлари