Қува анорларининг экспорт географияси кенгаймоқда (+видео)
Фарғона вилояти Қува туманида анорчилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби шаклланган. Айни пайтда қувалик миришкорлар анорнинг 70 дан ортиқ навини парваришлаб, мўл ва сифатли ҳосил етиштирмоқда.
Мамлакатимиз ҳудудларига етказиб берилаётган анор кўчатларининг асосий қисми ҳам Қува туманида етиштирилмоқда.
2018 йилда давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида «Фарғона анорзори» ихтисослаштирилган агрофирмаси фаолияти билан танишилиб, замонавий ёндашувлар асосида 2 минг гектар майдонда анорзорлар барпо этиш бўйича вазифалар белгиланган эди.
Бугунги кунда тумандаги 20 дан ортиқ маҳаллада 2 минг 500 дан зиёд хонадон анорчилик билан шуғулланиб, ушбу тармоқдан даромад олмоқда. Шунингдек, 373 та анорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги 2 минг 476 гектар майдонда фаолият юритмоқда.
— 3 гектар майдонда анорнинг 10 га яқин серҳосил ва экспортбоп навини парваришлаяпмиз. Жорий йилда ўртача 40 тонна ҳосил олишни режалаштирганмиз, - дейди «Толмозор анор боғи» фермер хўжалиги раҳбари Азамат Жалолов. — Айни пайтда йиғиб олинаётган ҳосилимиз Жанубий Корея, Болтиқбўйи мамлакатлари, Россия ва қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.
Қувалик боғбонлар анор етиштиришда замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланмоқда. Бунинг натижасида айрим навларда бир дона анорнинг вазни 1,8–2 килограммгача етиб, маҳсулотнинг экспортбоплиги ортиб бораяпти.
[gallery-31411]
Етиштирилган ҳосилнинг бир қисми махсус омборхоналарда табиий усулда сақланиб, қиш-баҳор мавсумида бозорга чиқарилмоқда. Бу маҳсулотни мавсумдан ташқари даврда ҳам сотиш ва даромадни ошириш имконини бермоқда.
Туманда йилига ўртача 40–50 минг тонна анор етиштирилиб, тармоқдан олинаётган даромад 500–550 миллиард сўмни ташкил этади. Маҳсулотлар Россия, Жанубий Корея, Араб давлатлари, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон бозорларига экспорт қилинмоқда. Жорий йилда 30 миллион долларлик анор маҳсулотини хорижга йўналтириш режалаштирилган.
Эътиборлиси, Қува анорларининг экспорт географияси йил сайин кенгаймоқда. Хусусан, маҳаллий боғбонлар етиштирган анорлар Жанубий Корея бозорида ҳам ўз ўрнини топмоқда. Халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этилаётган маҳсулотларга хорижлик харидорларнинг қизиқиши ортиб, қувалик тадбиркорлар учун янги экспорт имкониятлари яратилмоқда.
Хориж бозорларига чиқишда маҳсулот сифати ва хавфсизлиги, шунингдек, белгиланган фитосанитар талабларга риоя этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Фарғона вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси мутахассислари экспортёрлар ва боғбонларга амалий кўмак кўрсатмоқда.
Жумладан, экспорт учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, маҳсулотларни импорт қилувчи давлатлар талаблари асосида тайёрлаш, фитосанитар сертификатлар олиш ҳамда бошқа ташкилий масалаларда яқиндан ёрдам берилмоқда.
Бу эса Қувада етиштирилаётган анорларнинг ташқи бозорларга чиқишини кенгайтириш, экспортёрларнинг вақтини тежаш ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YnDMvjTELp0" title="Quva anorlarining eksport geografiyasi kengaymoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат, видео), ЎзА