Хабарингиз бор, бир неча кун аввал Ислом оламининг йирик алломаларидан бири бўлмиш Алихонтўра Соғуний ҳақида унинг кенжа ўғли Қутлуғхонтўра Соғуний билан суҳбат эълон қилган эдик.
Айни вақтда мазкур суҳбатнинг давомини эътиборингизга ҳавола этамиз.
– «Тарихи Муҳаммадий»да кўплаб иқтибослар келтирилган. Мисол учун, Имом Бухорий, Халабий, Ал-Жавзийядан. Қўлларида манба жуда оз бўлган ҳолда шунчалик кўп маълумотларни қандай эслаб қолганлар? Кейинроқ сиз кутубхонада ҳазратнинг китобларида у киши томонидан ёддан ёзилган иқтибосларни текширган экансиз. Шу ҳақида фикрларингизни айтсангиз.
– «Тарихи Муҳаммадий» асарини отамиз ижодининг чўққиси деб айтиш мумкин, – дейди Қутлуқхонтўра Соғуний. – Бу асар халқимиз орасида маълум ва машҳур. Менга ушбу асарга тегишли саволлар кўп берилади. Шу боис 60 ёшда ошганимдан кейин шу саволларга жавоб топишга бел боғладим. Тадқиқотлар ўтказдим. Қисқа қилиб айтганда, бу ишларни «Ҳаётимни лойиҳаси» деб атадим. Зеро, ўтган умрим давомида бундан аҳамиятли иш қилган эмасман.
«Ҳаётим лойиҳаси»да амалга оширилган изланишлар туфайли – «Тарихи Муҳаммадий»нинг бошқа асарлардан фарқини англадим. Унда сийратга эътибор бор. Бу соҳа ҳанузгача давом этмоқда, ривожланмоқда. Яъни пайғамбаримиз ҳаётига аталган китоблар ҳануз тайёрланмоқда. Энди бу асарлардан отамиз қаламига мансуб китобнинг нима фарқи бор, дейдиган бўлсак, унинг фарқи шундаки Соғуний бу асарни ёзишда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётини Ўрта Осиё мусулмонларига ўрнак қилиб кўрсатиб, ҳаётимиздаги турли муаммоларни ҳал қилишда пайғамбаримизнинг тажрибасидан фойдаланиш борасида тавсиялар ёзганлар.
Яъни, фақатгина пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётини ифода қилиш билан чегараланмай, балки бу ҳаётдан қандай ўрнак олиш керак ва кундалик ҳаётда бу намунани қандай қўллаш кераклигини ёзганлар. Китобнинг сўзбошида ҳам мақсадим пайғамбаримиз ҳақида ҳикоя ёзиш эмас, балки ислом динини пайғамбар ҳаёти мисолида тушунтириш эди. Аслида ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳадис бўлса, отамиз ёзганлари билан ҳадисни шарҳлаш деган йўналишга асос солганлари маълум бўлди.
Иқтибосларга келадиган бўлсак, аслида бу вақтда отамизинниг қўлида адабиётлар бўлмаган, десак хато бўлади. Янгилашган бўламиз. Чунки, «Тарихи Муҳаммадий»ни ёзаётганларида қўлларида айрим адабиётлар бор эди. Сийрати Халавия, Шифо ул- шариф, «Саҳиҳий Бухорий» каби олти дона асар бўлган.
Иқтибосларни бирма-бир текшириб чиқишим натижасида маълум бўлдики, раҳматли отамиз келтирган маълумотлар ислом оламида машҳур бўлган 50 ортиқ мўътабар муаллифларнинг асарига таянар экан. Демак, бу асар кўпчиликка халққа ёзилган, илмий тадқиқот асар эмас, деб, камтарлик кўрсатган бўлсалар ҳам манбаларни аниқлаш жараёнида 50 ортиқ манбаларга таяниши маълум бўлди. Яъни бу муаллифнинг нақадар чуқур, кенг илм соҳиби эканини тасдиқлайди. «Ҳаётим лойиҳаси» деб атаган иш доирасида иқтибослар ҳадис китобларида учрайдими, йўқми текширдик. Бу асар оммабоп, чуқур илми ва ҳадис шарҳига бағишланган асар эканлиги ҳақидаги хулосага келдик. Отамнинг ўзбек халқига қолдирган энг катта хотира ва ёдгорлиги шу асар.
– Демак, иқтибосларнинг ҳаммаси тўғри ва аниқ. Уларнинг асл манбадан фарқи йўқ?
– Ҳар бир жумласи аниқ. Шундай катта китобдан 4 дона ҳадиснинг манбасини топа олмадим. Аммо 300 ортиқ ҳадислар ва оятлар манбаси, иқтибослари аниқланди. Албатта, буни бир ўзим эмас, Туркиядаги ҳадис олимлари жамиятининг тўғридан-тўғри, холис берган ёрдамларига асосланиб шу хулосага келдим. Қўлимда ушбу жамият олимларининг ёзиб берган хулосаси бор, архивга сақлаб қўйдим.
–1960 йилларда юртимизда оммавий равишда масжидлар бузилиши бошланганида, Алихонтўра Соғуний Москвага мактуб йўллаб, бу бинолар нафақат диний, балки маърифат маскани эканини изоҳлаб кўпгина масжидларни сақлаб қолган эканлар? Бу воқеалардан сиз қанчалик хабардорсиз? Аслида воқеалар қандай рўй берган?
– Бу борада маълумотлар бор. Яхши эслайман, масжид ва мадрасаларни ёппасига бузиш бошланганида 11-13 ёшларда эдим. Тошкент ва мамлакатда юз бераётган ҳар бир янгилик биринчи бўлиб, бизнинг уйимизга етиб келарди. Отамизга одамлар келиб айтар эди. Айтишдан мақсад эса чора кўришни исташ бўларди. 60 йилларда Сталин вафот этиб, Никита Хрущёв биринчи раҳбар эди. У атестик идеологияни кучайтириб, худосизлик ғояларини кенг ёйишга ҳаракат қилди. Шу орқали коммунизм қурмоқчи эди. Бунда эса динга ўрин йўқ эди. Шу боис черковлар, масжид ва мадрасаларнинг ҳаммасини бузиш бошланди.
Отамиз бу хабардан жуда хафа бўлдилар. Тошкентдаги Хўжа Аҳрор Вали масжиди бузилди. Эски жўва бозори ёнида яна бир тарихий масжид бор эди, у ҳам бузилди. У нега бузилди деганда, совет савдосининг принциплари бузилаяпти, одамлар масжидга кириб кетаяпти шунга бузяпмиз, деган жавоб беришди. Масала чуқурлигини билган отамиз, дўстлари билан маслаҳат қилишди. Уларнинг орасида Эркин Воҳидовнинг тоғаси Каримбой ака ҳам бор эди. Бу инсон ўз даврида Олий судда раҳбар ҳам бўлган, шоир ҳам эди. Улар маслаҳат қилиб, Москвага мактуб ёзишди. Каримбой ака инсон ҳуқуқларини яхши билардилар, меҳнатсевар ва ватансевар эдилар. Шунда улар ўтириб ҳуқуқий жиҳатдан оддий ва таъсир қиладиган кучли мактуб ёзишди. Бир қанча фаоллар қўл қўйгач, Москвага юборилди.
Хатда бузилган масжид, мадраса, ҳонақо ва бошқалар фақат диний вазифаларни бажармайди, балки маърифий ва маданий аҳамиятга эга, тарихий-меъморчилик объекти деб тушунтирилган эди. Кетма-кет бир нечта хат юборилди. Албатта, бунинг таъсири бўлди. Отамизга жавоб ёзишди. Булар эскириб қолган, ўрнига янгисини қурамиз, деган маънодаги тўғрилиги шубҳали бўлган жавоблар келди. Хуллас, шу хатлар туфайли буз-бузлар тўхтади. Отамиз ёдгорликларни сақлаб қолишда муйян ишларни амалга оширдилар.
ЭСЛАТМА: суҳбатнинг давомидан яқин кунларда баҳраманд бўлишингиз мумкин. Унда Туркияда охирги 10 йилда «Темур тузуклари» 7 марта нашр этилгани сабаблари? Ҳозирги кунда Соғуний ёзма меъросига муносабат қандай? У ҳақида нима учун «Исёнкор мулла» номли кино олишмоқчи бўлгани ҳақида кейинги суҳбатимизда давом этади.
<iframe width="1440" height="757" src="https://www.youtube.com/embed/P3I14vw4la0" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Сайёра Шоева,
Ёқуб Мелибоев, ЎзА