Қушлар билан тиллашаётган ҳунарманд
Марғилон шаҳридаги “Туягум” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Неъматжон Рустамов махси тикувчи ҳунармандлар сулоласининг бешинчи авлоди. Шу билан бирга ноёб ва нодир қушларни парваришлаш, кўпайтириш ҳадисини олган. Хонадонда бўлган киши шохдан шохга қўниб, сайраётган қимматбаҳо қушлар чиройидан баҳра олади. Бу ерда 12 турга мансуб, 100 га яқин қушлар парваришланяпти. Айтишларича, бу иш нафақат ҳузурбахш машғулот, балки яхши даромад манбаи ҳам ҳисобланади. Айрим қушларнинг нархи 1,5 минг долларгача баҳоланар экан.
Масалан, оддий ”Амадинка” қуши 13 кунда 6-7 тагача болалайди. Бир жуфт қуш 150 минг сўмдан сотиляпти. Жўжа олиш мавсуми эрта кўкламдан бошланиб, ноябрь ойига қадар давом этиши ҳисобига олинса, даромад салмоғини чамалаб олиш қийин эмас. Хонадон эгалари мавсумда 1000 жуфтдан ортиқ ноёб қушлар парваришлаб бозорга чиқаради.

– Бу иш одамга завқ-шавқ, куч-қувват бағишлайди,–дейди Неъматжон ака қушларига дон сочиш асносида.–Толиқиб қолган дамларда кушларнинг беозор хонишлари, шохдан шохга сакраб ўйнаши, турфа рангларда товланиб жиловланишларидан баҳра оламан, сув, дон сочиб парваришлайман. Қушлар билан тиллашиш осон эмас, албатта. Бу кишидан сабр-бардош, қалб гўзаллигини талаб қилади. Озгина эътиборсизлик, ноўрин ҳаракатлар билан уларга озор бериб қўйиш мумкин. Фарзанд ва набираларимни ҳам уларга яхши муносабатга бўлишга чорлайман.

Дастлаб, тўрт жуфт қушлар парваришидан бошлаган тадбиркор хонадонида бугунга келиб, 12 турда, юз бошдан ортиқ чиройли ва сайроқи қуш намуналари бор. Бу ерда улар учун мўъжаз уялар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган. Хонадонда бўлиб бир-бирига ошифта “куй чалаётган” қушларнинг бетакрор наволаридан бир дам баҳра олдик.

– Қушлар парвариши маҳалламизнинг ”драйвер” соҳасига айланиб бормоқда, –дейди фуқаролар йиғини раиси Шуҳратжон Холиқов. – Бугунга келиб 100 дан ортиқ хонадон бу ишлар билан шуғулланиб, даромад оляпти. “Уста шогирд” анъаналари бор. Қушлар парвариши учун ортиқча жой, харажат талаб этмайди. Аммо, маҳалламиздаги қушлар савдоси учун бозор йўқ. Аксарият қушлар пойтахт бозорларида иккиламчи мижозлар орқали сотиляпти. Бу ишни ўзимизда йўлга қўйиб, даромад ва экспорт қилиш салмоғини ошириш чораларини кўряпмиз. Бунинг учун етарли имкониятлар бор. Маҳалламиздаги Аҳмад Яссавий кўчаси “Туризм” кўчасига айланган. Бу ерда қушлар савдосига ихтисослашган махсус дўкон очиш, қушлар кўргазмасини ташкил қилиш юзасидан таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқдик. Нафақат қушлар, балки улар учун зарур бўлган озуқа, витамин, гигиена воситалари, қафаслар, керакли иш анжомлар сотиш кўзда тутилган. Натижада яна ўнлаб янги иш ўринлари яратилади.
М.Сулаймонов, ЎзА