Қуролланиш пойгаси назоратдан чиқиб кетдими?
Кейинги йилларда дунё бўйича мудофаа харажати бунчалик кўпаймаганда эди, эҳтимол юқоридаги саволга ўрин бўлмасди. Ўтган йил тарихда илк бор қуролланишга қилинган харажат дунё бўйича 2 триллион доллардан ошди. Сайёрамизда тинчлик муаммосини ўрганувчи Стокгольм халқаро институти (SIPRI) яқинда мавзуга оид ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжатда дунё бўйича қуролланиш пойгаси яна авж олаётгани, мудофаа харажати илк бор икки триллион доллардан ошгани хавотир билан қайд этилган.
Қуролланиш пойгаси дунёдаги икки ёки бир неча қудратли давлатнинг сиёсий қарама-қаршилиги бўлиб, ҳарбий жиҳатдан устунликни қўлга киритиш мақсадида амалга оширилади. Бундай рақобат натижасида ҳар бир томон йирик қурол-яроғ захирасини ғамлаб боради, қуролланиш соҳасида қарши томон билан мувозанатни сақлаш ёки рақибдан ўзиб кетишга ҳаракат қилади.Қуролланиш пойгасига, одатда, совуқ уруш давридан қолган мерос сифатида қараларди. Ўшанда пойга иштирокчилари, икки сиёсий лагерь - Варшава шартномасига аъзо мамлакатлар ва НАТО аъзолари майдонга чиқди. Қуролланиш ҳаддан ташқари серхаражатлигига қарамай, ҳарбий соҳада технологик жиҳатдан сезиларли илмий кашфиётларга ҳам сабаб бўлади.

Пойга қарама-қарши томонлар ҳарбий қудрати нафақат эволюцион, балки революцион йўл билан ривожланишига олиб келди. Натижада қуролнинг бутунлай янги турлари яратилди. Соҳани инқилобий ривожлантириш, айниқса, ядро қуроли ва ракета техникасини яратишда яққол кузатилди. Бу ўз навбатида космосда ҳам қуролланиш пойгасини бошлаб берди.
Стратегик қитъалараро бомбардимончилар ва ракеталар, товушдан тез учувчи самолётлар, ракетага қарши қуроллар, учувчисиз бошқариладиган жосус самолётлар, жосус-йўлдошлар, электрон кузатув тизими, алоқа ва шунга ўхшаш кўплаб технологиялар Совуқ уруш давридаги қуролланиш пойгаси маҳсули ҳисобланади. Ҳарбий ишланмалар кўпчилиги тинч ҳаётимизда ҳам фойдаланилмоқда. Атом электр станциялари, алоқа йўлдошлари ва GPS, қитъалараро реактив йўловчи самолётлар, Интернет тармоғи ва бошқалар шулар жумласидан.
Қуролланиш пойгаси ҳар доим халқаро вазият кескинлашуви, беқарорлик, доимий сиёсий можаро, янги турдаги қуроллар синови, сиёсий масалалар ечими сифатида ҳарбий қудратни ишга солиш таҳдиди билан кузатиладиган жараён. Хайриятки, совуқ уруш турли инқироз, маҳаллий можароларга қарамай, ҳозирча “совуқ”лигича қолмоқда, қудратли давлатлар иштирокидаги алангага айлангани йўқ.

Қуролланиш пойгаси давом этяпти, нафақат давом этяпти, балки авжига чиқмоқда. “SIPRI” маълумотида келтирилишича, 2021 йил дунё бўйича мудофаа харажати 2,1 триллион долларни ташкил этган. Бу 2020 йил билан таққослаганда 0,7 фоиз кўп. Бир қарашда бир фоиз ҳам эмас-ку, деб ўйлаш мумкин. Бинобарин, икки триллионнинг 0,7 фоизини тасаввур қилсак, бу жуда кичкина рақам эмаслигини англаймиз.
Маълумки, ўтган икки йил дунё аҳли коронавирус пандемияси билан яшади. Пандемия минглаб оилага кулфат келтириш баробарида, дунё давлатлари иқтисодиётига ҳам жиддий таъсир қилди. Айрим мамлакатлар ғамлаб қўйган миллий захирасини пандемияга қарши курашга, касаллик оқибатини бартараф қилишга сарфлаб бўлганидан ташқари қарз олишга ҳам мажбур бўлди. Деярли, ҳамма соҳада тушкунлик ҳукм сурди. Шунга қарамай, ҳисоботда, ҳатто, COVID-19 пандемияси иқтисодий оқибатига қарамай, дунё бўйича ҳарбий сарф ошгани ва рекорд даражага етгани айтилмоқда.

Инфляция туфайли, бир қарашда, ўсиш суръати пасайгандек кўринади. Амалда эса ҳарбий харажат 6,1 фоиз ошган”, — дейди “SIPRI” катта илмий ходими Диего Лопес да Сильва.
Анъанавий равишда армияга харажат қилишда Америка Қўшма штатлари дунё етакчиси ҳисобланади. Пентагон ҳарбий харажати бошқа мамлакатларникидан сезиларли равишда кўп, яъни 801 миллиард доллар - дунёнинг барча давлатлари қуролланишга сарфлаган жами маблағнинг 38 фоизи.
Янаям тушунарлироқ айтадиган бўлсак, маълумотлар шундан гувоҳлик бермоқдаки, АҚШ 2021 йили мудофаага кейинги ўринларда бораётган тўққиз мамлакат мудофаа учун сарфлаган жами пулдан ҳам кўп маблағ сарфлаган бўлиб чиқади.

Ҳисоботда келтирилишича, 2021 йил армия бюджети учун АҚШдан кейинда бораётган Хитой 293, Ҳиндистон 76,6, Буюк Британия 68,4, Россия 65,9, Франция 56,6, Германия 56, Саудия Арабистони 55,6, Япония 54,1, Жанубий Корея 50,2 миллиард доллар ажратган.
Бу борада сўнгги бир неча йиллик ўсиш суръатини кузатсак, дунё мамлакатлари, гўё, Учинчи жаҳон урушига тайёрланаётгандек тасаввур уйғонади. Зеро, Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам пойга аввал кузатилмаган даражада тезлашган.
Америка дўстлари хизмати Қўмитаси мувофиқлаштирувчиси Тори Бейтман таъкидлаганидек, мудофаа харажатини кўпайтириш дунёда хавфсизлик даражасини оширмайди, аксинча кундалик муаммоларни ҳал қилиш учун ишлатилиши зарур бўлган ресурслар беҳуда сарфланишига олиб келади.
Дарҳақиқат, инсоният шундай ҳам иқлим ўзгаришидан, экология бузилишидан қаттиқ азият чекмоқда. Инсонларга ризқ улашувчи серҳосил ер яроқсиз аҳволга келмоқда. Музлар эриб, соҳилларни сув босмоқда. Инсоният беқиёс илмий кашфиётлар билан кечаётган технологик инқилобга гувоҳ бўлмоқда. Шунинг баробарида ҳали сайёрамизнинг кўп минтақаларида очарчиликка барҳам бера олгани йўқ. Шундай бир шароитда дунё ҳукуматлари ҳаддан ортиқ миқдорда қурол ишлаб чиқариб, ер юзида доимий беқарорлик келтириб чиқараётгани Тори Бейтмен айтганидак “ҳақиқий шармандаликдир”.
Саидмурод Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси