Қурол сотиш БМТ қарорига зид...
Россия – Украина
АҚШ Президенти Жо Байден собиқ савдо вазири Пенни Притцкерни Украинани иқтисодий тиклаш масаласи бўйича махсус вакил лавозимига тайинлади. Оқ уй матбуот хизмати ёзишича, мулозим Украина ҳукуматига “мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳот ўтказишда кўмаклашади”.
Давлат департаменти маълумотига кўра, Притцкер аждоди АҚШга кўчиб келмасдан юз йил аввал Киев яқинида дон сотиш ширкати соҳиби эди.
Украина Президенти Владимир Зеленский 21 сентябрь куни Жо Байден билан Оқ уйда кўришиши мумкин, деб хабар берди “Associated Press” ўз манбаларига таяниб. Украина етакчисининг БМТ Бош ассамблеясида сўзга чиқиши ва АҚШ Конгрессига бориши ҳам айтилган.
Украина зиддиятида Россияни қўллаган ҳар қандай давлат Москва томонидан можаро давом эттирилишига ҳисса қўшишдан ташқари, украиналик беайб фуқаролар, ҳарбийлар жанг майдонида ҳалок бўлишига хайрихоҳ, дея қабул қилинади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх баёнот берди. Унинг қайд этишича, Россия Шимолий Кореядан қурол-аслаҳа сўраш даражасида оғир аҳволга тушиб қолган.
– Россияга ҳар қандай қурол-аслаҳа бериш БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини бузишдир, – қўшимча қилган Сингх. – Шунинг учун биз КХДРни келгусида Россия билан кескинликни кучайтирадиган турли қурол-яроқ етказиб бериш ҳақида шартнома имзоламасликка чақирамиз.
Жанубий Корея ва Украина Сеулдаги Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси орқали паст ставкада кредит бериш тўғрисидаги битимни кучга киритди. Бу ҳақда Корея Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди. Ҳужжатни Корея Республикасининг Киевдаги элчиси Ким Хён Тхэ ва Украина Бош вазири ўринбосари Юлия Свириденко имзолади.
Украина мудофаа вазири Рустем Умеров биринчи марта НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан телефон мулоқоти қилди.
“Вильнюс саммитида келишилган шартнома ва НАТО билан ҳамкорлик қилиш бўйича “Йўл харитаси” ижросини муҳокама қилдик”, деб ёзди вазир ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Украинадаги хорижлик ёлланма аскарлар ички можаро натижасида бир-бирини ўлдира бошлаган, деб хабар берди “The Daily Telegraph” нашри. Аввалроқ Москва Россия армиясига қарши жанговар ҳаракатда 71 мамлакатдан икки мингдан кўп ёлланма ҳарбий хизматчи қайд этилгани, улардан 234 нафари АҚШ фуқароси экани ҳақида маълумот тарқатган эди.
Украина бундан кейин ҳарбий ҳаракатга дош беролмайди, Киев оташкесинни тўхтатиш бўйича музокара бошламоғи лозим. Бундай фикрни Украина иккинчи президенти Леонид Кучманинг маслаҳатчиси Олег Соскин билдирди.
– Бунинг устига демография вазияти ёмон, аҳоли мамлакатни тарк этмоқда, –дея қўшимча қилди у. – Словакияда украиналик 300 минг қочоқ бор, Германияда камида 1 миллион 300 минг, Польшада 900 минг...
Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк “24-канал”га суҳбати чоғида тасдиқлаб айтишича, мамлакат Қуролли кучлари Қримга ҳужум уюштиришда фақат маҳаллий техника, қурол-яроқдан фойдаланмоқда. У айни мавзу бўйича “Sky News” телеканали тарқатган “Севастополга ҳужум чоғида Британия қанотли ракетаси – “Storm Shadow” ишлатилган” мазмунидаги хабар нотўғрилигини таъкидлаган.
Аброр ХОН,
ЎзА