Қурол савдосида қайси давлат етакчи?
Куни кеча Тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича Стокгольм халқаро институти жаҳон қурол бозоридаги 2017-2021 йиллар ҳолати бўйича янги маърузани эълон қилди.
Ҳужжатда қурол сотиш бўйича дунё бозори бироз сусайгани, асосий экспортчилар ҳамон АҚШ билан Россия бўлиб қолаётгани акс этган. Шунингдек, Россиянинг қурол сотиш кўрсаткичи аввалги беш йиллик давр билан солиштирганда 26 фоиз пасайгани ҳам айтилмоқда.
Ҳисоботда келтирилишича, жаҳон қурол бозорида 2017-2021 йилларда 2012-2016 йиллар билан солиштирилганда 4,6 фоиз пасайиш кузатилган. Шу билан бирга, экспертлар Европа, Шарқий Осиё ва Океанияда ҳарбий импорт кўлами ортганини таъкидлаяпти.
Ўтган беш йилликда АҚШ билан Франция қурол сотиш ҳажмини сезиларли даражада оширган. Европада қурол-яроғ импорти 19 фоиз, Шарқий Осиё минтақасида 20 фоиз, Океанияда эса 59 фоиз ортгани қайд этилган.

- Глобал бозорда қурол-яроғ савдоси нисбатан камайган эса-да, минтақалар бўйича бу борада катта тафовут юзага келган, - дейди институт катта илмий ходими Питер Веземан. - Ижобий тенденция ҳам бор. Масалан, 50 йил давомида Жанубий Америкада қурол-яроғ импорти энг қуйи даражани қайд этди, бироқ Европа, Шарқий Осиё, Океания ва Яқин Шарқ минтақалари ҳарбий импорт кўрсаткичи кескин ортгани хавотир уйғотади.
АҚШ ҳамон етакчи

Америка экспорти 2017-2021 йилларда аввалги беш йилликка қараганда 14 фоиз ошгани мамлакатнинг қурол сотиш бўйича етакчилик позициясини янада мустаҳкамлади. АҚШ жаҳон бўйича қурол-яроғ савдосида ўзига тегишли улушни 32 фоиздан 39 фоизга кўтаришга муваффақ бўлган. 2017-2021 йилларда Америка глобал қурол савдосида иккинчи ўринда бораётган Россиядан икки баробар кўп қурол сотгани маълум бўлди. Америка экспортининг 43 фоизи Яқин Шарқ минтақасига тўғри келиб, бу минтақада энг кўп қурол Саудия Арабистонига сотилган.
РФнинг халқаро қурол-яроғ бозоридаги улуши 2017-2021 йилларда 19 фоизни ташкил этган ва 2012-2016 йиллардаги айни кўрсаткич 26 фоиз қисқарган. Россия экспортининг пасайиши Ҳиндистон ва Вьетнамга маҳсулот етказиб бериш ҳажми қисқаргани билан изоҳланмоқда. Экспорт Хитойга 60 фоиз, Мисрга 73 фоиз ошгани ҳам Россия ҳарбий экспорти пастга шғнғишини тўхтата олмаган.

Яқин йилларда Россия Ҳиндистоннинг бир нечта йирик буюртмасини бажаради: Саккизта зенит мажмуаси, тўртта фрегат ва битта атом сув ости кемаси. Агар ушбу келишувлар амалга ошса, шубҳасиз, Россия ҳарбий экспорт бўйича мавқеини яна мустаҳкамлаб олиши мумкин.
2017-2021 йилларда Россия дунёнинг 45 мамлакатига қурол сотган. Экспортнинг асосий қисми Ҳиндистон, Хитой, Миср ва Жазоирга тўғри келган. Россия экспортининг 61 фоизи Осиё ва Океанияга, 20 фоизи Яқин Шарқ мамлакатларига, 14 фоизи Африка давлатларига тегишли. Шунингдек, ҳисоботда таъкидланишича, Россия ҳарбий экспорти, асосан (48 фоиз), жанговар самолётларга тўғри келган.

Қурол экспорти ҳажми бўйича учинчи поғонада Франция турибди. Бу мамлакатнинг 2017-2021 йиллардаги экспорт ҳажми дунё қурол бозорининг 11 фоизини ташкил этиб, аввалги беш йилликдагидан 59 фоиз кўпайгани таъкидланмоқда.
Рейтингда тўртинчи ўринни ХХР, бешинчи ўринни Германия эгаллади. Хитойнинг ҳарбий экспорти 2017-2021 йилларда аввалги беш йиллик давр билан таққослаганда 31 фоиз қисқарган. Немислар экспорти эса 19 фоиз камайган.

Ҳисоботда қурол импортига ҳам алоҳида эътибор қаратилган
Сўнгги беш йилда ҳарбий импорт бўйича энг катта ўсиш Европа мамлакатларида кузатилиб, жаҳон кўрсаткичининг 13 фоизи кўҳна қитъа мамлакатлари улушига тўғри келган. Тадқиқот натижалари Буюк Британия, Норвегия ва Нидерландия Европанинг энг йирик ҳарбий импортёрлари эканини кўрсатмоқда.
Осиё ва Океания минтақаси ҳамон қурол-яроғнинг йирик харидорлари бўлиб қолмоқда. 2017-2021 йилларда жаҳон қурол импортининг 43 фоизи ушбу минтақага тўғри келган. Австралия, Ҳиндистон, Хитой, Покистон, Жанубий Корея ва Япония жаҳоннинг йирик қурол харид қилувчи давлатлари кучли ўнлигига киритилди.
Таъкидлаш жоиз, Хитой билан Осиё ва Океаниядаги кўплаб мамлакатлар ўртасида кескинлик сақланиб қолиши минтақадаги ҳарбий импортнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида эътироф этилмоқда. Қолаверса, ушбу кескинлик АҚШнинг минтақага экспорт ҳажмини оширишида ҳам асосий омилга айланмоқда. Зеро, минтақага қурол экспорти Хитойга нисбатан АҚШ олиб бораётган ташқи сиёсатнинг муҳим элементи ҳисобланади, дейилади мақолада.
Дунё бўйича энг йирик қурол харид қилувчи Саудия Арабистони бу беш йилликда ҳам ҳарбий импорт кўрсаткичини 27 фоиз оширгани маълум бўлди. Юқори ўсиш даражасини қайд этган яна бир мамлакат - Қатар етакчи импортёрлар рейтингида 22-ўриндан олтинчи ўринга кўтарилиб олди.
Бирлашган Араб Амирликларининг импорт кўрсаткичи 2017-2021 йилларда 2012-2016 йиллар билан таққослаганда 41 фоиз камайди. Натижада амирликлар импорт кўрсаткичи бўйича учинчи ўриндан тўққизинчи ўринга тушиб кетди.
Мутахассислар сўнгги беш йилликда Шимолий ва Жанубий Америка (-36 фоиз), Африка (-34 фоиз) ҳамда Осиё ва Океанияда (-4,7 фоиз) ҳам қурол импорти камайганини таъкидлашмоқда. Масалан, Жанубий Америка мамлакатлари қурол импорти бўйича сўнгги 50 йилда энг паст кўрсаткични қайд этди.
2017-2021 йилларда Африкада қурол импорти бўйича кучли бешликка Ангола, Нигерия, Эфиопия, Мали ва Ботсвана кирган.
Тўғри, қурол сотиб олиш урушга тайёрланишни бевосита англатмайди, албатта. Зеро, ҳар бир мамлакат ўз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга ҳақли. Шундай бўлса-да, қуролланиш вайронагарчиликка, ўлимга, очарчилик ва қочқинлар кўпайишига, иқтисодий бўҳронга сабаб бўлиши мумкинлигини ҳам ҳеч ким инкор эта олмайди. Демак, қурол-яроғ савдоси йилдан-йилга ортаётгани дунё аҳли хавотирига сабаб бўлаётгани бор гап.
Интернет материаллари асосида
Саидмурод Раҳимов тайёрлади.