Хабарингиз бор, 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида қурилиш индустрияси ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда соҳа олдида турган долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов қўйдагиларни маълум қилди.
– Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг декабрига қадар 13 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда 38 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини рўйхатдан ўтказиб, амалиётга жорий қилиш ишлари якунланади.
Ушбу норматив ҳужжатларда, умумий техник меъёрлар ва талаблардан ташқари, асослар ва пойдеворлар ва муҳандислик иншоотлари ва ташқи муҳандислик тармоқлари, транспорт иншоотлари, гидротехника, энергетика ва мелиорация иншоотлари ва тизимлари шунингдек, шаҳарсозлик, турар жой ва жамоат бинолари йўналишларида лойиҳалаш ва қуриш тартиботлари халқаро талабларга мослаштирилади. Шунингдек, йил якунига қадар 16 қаватдан юқори бўлган бинолар қуриш бўйича Тошкент архитектура-қурилиш университети қошида алоҳида Конструкторлик бюроси ташкил қилинади.
Келаси йилдан қурилишда “ресурс” усулидан воз кечилиб, “ҳажм” усулига ўтиш режалаштирилган. Янги “ҳажм“ усулнинг жорий этилиши нафақат келажакдаги қурилиш учун дастлабки бюджетни ва унинг самарадорлигини аниқлашга, балки ундан тўғридан-тўғри лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш босқичида фойдаланишга имкон беради. Бунинг натижасида лойиҳа-қидирув ташкилотларининг халқаро стандартлар асосида лойиҳалаштириш ишларини амалга ошириши, хизматлар кўламини кенгайтириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацион дастурий таъминотларни жорий этиш имконияти яратилади.
Ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларида лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш, лойиҳаларни кўриб чиқиш муддатлари оптималлаштирилади. Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарорига тегишли қўшимчалар киритилди. Унга кўра, Кенгаш аъзолари сўровнома келиб тушган кундан бошлаб ўн бир иш куни мобайнида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини келишади ёки салбий хулоса беради.
Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари, Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси Кенгашнинг ишчи органи сифатида сўровномани уч иш кунида лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини келишиб бериши зарур бўлган Кенгаш аъзоларига юборади. Кенгаш аъзолари ўз ваколати доирасида беш иш кунида лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини келишади ва унга эътирозлар бўлмаган ҳолатда QR-код қўйилган ижобий хулосани юборади ёки келишишни рад этади. Хулоса берувчиларнинг барчасидан ижобий хулосалар олингандан сўнг, бошқармалар уч иш кунида якуний хулосани аризачига юборади. Ариза берувчига электрон тизим орқали автоматик тарзда QR-код қўйилган хулоса берилади. Кенгаш аъзоларининг жавобларида кўрсатилган хато ва камчиликлар тўғриланиб, такрорий ариза юборилганда ҳудудий бошқарма аввал ижобий жавоб юборган кенгаш аъзосига аризани қайта юбормаслиги мумкин. Ушбу жараён билан ортиқча оворагарчиликнинг олди олинади, муддатлар қисқаради ва хизматлар кўрсатиш сифати яхшиланади.
Эндиликда, уй-жой сотиб олиш бўйича кафолатли эскроу тизими жорий қилинади. Бунда девелоперлар ўзлари қураётган уйлар сотувини ташкил қилиш бўйича банклар билан шартнома тузади. Бу уйларни олмоқчи бўлган одамлар пулини қурувчига эмас, тўғридан-тўғри банкка топширади. Банклар эса йиғилган пулни қурувчига ресурс сифатида беради. Шунда банклар қурувчи ва харидор ўртасида кўприк бўлиб, уй-жойни ўз вақтида ва сифатли қуриб, эгасига топширишга кафил бўлади. Янги тизим Самарқанд шаҳри, Янгиҳаёт ва Сергели туманларида бир йил давомида тажрибадан ўтказилиши белгиланди.
Албатта, амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар, аввало, одамларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда турмуш фаровонлигини янада яхшилаш каби мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ш.Маматуропова, ЎзА