Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг барча турлари ва кўринишларига қарши курашиш юзасидан самарали институционал ва ташкилий-ҳуқуқий чора тадбирлар олиб борилмоқда.
Шунга қарамасдан, юртимизда коррупцияни қабул қилиш индекси юқорилигича қолмоқда.
Жаҳонда коррупциядан энг кўп зарар кўрадиган соҳалардан бири капитал-қурилиш соҳасидир. Капитал-қурилиш соҳасига ажратилаётган маблағлар дунёда ҳам мамлакатимизда ҳам кўпайиб бормоқда. Дунё бўйлаб соҳага ажратиладиган маблағлар ҳажми 2025 йилга келиб 14 триллион АҚШ (бугунги кундагидан 70 фоизга кўп) долларига етиши прогнозлаштирилган. Ўзбекистонда ҳам ушбу соҳага ажратилган бюджет маблағлари 2019 йилда 69 триллион сўмни ташкил қилган.
Тизимни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқарувчи нормалар мавжудлиги, уларнинг халқаро стандартлар талабига жавоб
бермаслиги ҳамда шаффофлик ва жамоатчилик назорати етарли даражада таъминланмаганлиги соҳада коррупция хавф-хатарининг юқори бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, 2018-2019 йилларда республика бўйлаб, қурилиш билан боғлик ҳолатлар юзасидан 973 та жиноят иши қўзғатилиб, жами 1 минг 233 нафар шахслар жавобгарликка тортилган. 2019 йилда 4 нафар ҳоким, 15 нафар ҳоким ўринбосарлари, 30 нафар ҳокимликларнинг бошқа вакиллари, 3 нафар лойиҳа институтлари, 20 нафар Қурилиш вазирлиги, 43 нафар “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси, 63 нафар “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси, 119 нафар “Давергеодезкадастр” қўмитаси тизимида фаолият кўрсатган масъул ходимлар қурилишга оид қинғир ишлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Бундай жиноятлардан давлат иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва эгологик жиҳатдан зарар кўриши мумкин.
Иқтисодий жиҳатдан зарарни давлат бюджетининг талон-тарож қилинишида сифат жиҳатдан паст даражада бўлган объектлар қурилишида ҳамда потенциал энг самарали пудратчи томонидан қурилиши мумкин бўлган объектнинг бой берилишида кузатишимиз мумкин.
Сиёсий жиҳатдан келтириладиган зарар мавҳум кўриниши мумкин. Ҳар қандай коррупция аҳоли орасида давлатга бўлган ишончни пасайтиради ҳамда хорижий давлатлар орасида мамлакат нуфузи тушиб кетишига олиб келади.
Ижтимоий жиҳатдан соҳада коррупциянинг юқори даражада эканлиги инфраструктурага ҳам таъсир кўрсатади. Қолаверса, сифатли архитектура аҳолининг фаровонлиги, тинч-тотувлиги ва маданиятнинг ривожланишига хизмат қилади. Ўтган асрнинг 80-90-йилларида Нью-Йорк шаҳри полицияси томонидан юқори даражадаги жиноятчилик қайд этилган ҳудудларда жиноятчиликни камайтириш учун ўша ҳудудларнинг социал объектларини қайта реконструкция қилиш, инфратузилмаларни қайта тиклаш, бинолардаги “граффити”ларни тозалаш ва кўчаларни ёритиш тадбирлари қўлланилган ва ушбу стратегия 10 йил ичида жиноятчиликни 56 фоизга камайтирган.
Табиий жиҳатдан эса коррупциянинг қанчалик хавфли эканлигини билиш учун жорий йилда мамлакатимизда рўй берган Бухородаги кучли шамол натижалари ҳамда Сардоба сув омборининг ўпирилиши оқибатларини эслашнинг ўзи кифоя.
Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ўз баҳоларини бериб ўтган.
"Бухоронинг Қоракўл туманида 2020 йилда қуриб битказилган боғчаларнинг ярми қолган. Бу нима деган гап?! Мана, бизнинг қурилиш соҳасидаги сифатимиз. Ўзим бир эмас, бир неча марта юқоридан кўрдим. Қаерда сифат бўлган бўлса, натижаси кўриниб турибди. Қаерда сифат бўлмаган бўлса, коррупция, ўғрилик. Тендерларни «ура-ура» қилган ташкилотлар", – дея таъкидлаган эди.
Амалиётда, тендер ғолиблари томонидан объект устида бирор-бир иш бажармасдан, барча ишларни ёрдамчи пудратчиларга шартнома орқали топшириб, ўртада объект баҳосининг 5-7 фоизи миқдорида фойда олиш ҳолатлари учрайди.
Масалан, Тошкент вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК томонидан 2019 йил давомида “1-сонли трест Нурафшон қурилиш инвест” МЧЖга 7 та объектларда умумий қиймати 11,9 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш топширилган. Жамият томонидан эса, ушбу объектлар бўйича бирор-бир иш олиб борилмасдан, ёрдамчи пудратчилар жалб этилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиғича улар орқали бажарилган. Шу орқали бош пудратчи ўртача 5 фоиз ҳисобланганда 595 миллион сўм миқдорда фойда кўрган.
Ушбу ҳолатда дастлабки ғолибни аниқлаш учун ўтказилган тендер ўз мазмун-моҳиятини йўқотади. Чунки унда ютиб чиққан пудратчи ишни хоҳлаган суб-пудратчига топшираверади. Мазкур амалиётга чек қўйиш мақсадида пудратчилар танлов объектининг камида 25 фоизини ўз кучи билан бажаришини белгилаш таклиф этилади.
Амалдаги қонунчиликка асосан қурилиш соҳасида тендер савдоларини ютиб чиқиш учун талабгор охирги 3 йилда барқарор фаолият юритган бўлиши лозим. Янги ташкил этилган қурилиш компаниялари эса, тендерни ютиб чиқиш имкони йўқлиги сабабли, фақат суб-пудратчи сифатида фаолият олиб бормоқда. Шу боис, тендерларда талабгорларни баҳолаш тизимини қайта кўриб чиқиб, янги ташкил этилган компанияларга имконият берувчи нормалар киритиш таклиф этилади.
Танлов савдолари мажлис шаклида ўтказилади. Мажлис протокол шаклида расмийлаштирилади. Танлов савдолари ёпиқ мажлисда ўтказилади ва фақат талабгорлар пудратчиларнинг раҳбарлари, бош бухгалтерлари ёки ишончнома асосида бошқа шахслар қатнашиши мумкин.
Бу борада Корея Республикаси ўзининг илғор ва синалган тажрибасига эга. 2002 йилдан бошлаб Корея Республикасида давлат харидлари онлайн тарзда ўтказилмоқда. Давлат харидлари Кореянинг Давлат харидлари марказий агентлиги томонидан амалга оширилади. “KONEPS” (Korean online electronic procurement system) тизими ўзида давлат харидини амалга оширишнинг барча босқичларини қамраб олган бўлиб, тендер ўтказиш, шартнома тузиш, солиқ тўловларини амалга ошириш ҳамда ҳужжатлар айланмаси тўлиқ дастур доирасида бажаради.
Қурилиш соҳасида жиноят содир этган шахсларга инвестиция дастурлари яна топширилиши уларнинг жазодан қўрқмаслик ҳолатини келтириб чиқариши мумкин. Жорий йилнинг март ойи ҳолатида инвестиция дастурлари доирасида 143 миллиард сўмлик 83 та объектлар муқаддам қурилиш соҳасида талон-тарожликлари учун жавобгарликка тортилган шахсларга топширилган.
Россия қонунчилигига асосан давлат хариди учун талабгор жисмоний шахс ёки юридик шахснинг раҳбари, коллегиал ёки якка ижро органи директори ёки бош бухгалтери муқаддам пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш жиноятларини содир этганлиги учун судланмаган бўлиши лозим.
Шу боис, Ўзбекистон Республикасининг “Далат харидлари тўғрисида”ги қонуни 17-моддаси, 1-қисмига харид қилиш тартиб-таомилларида давлат харидларини ижро этиш учун талабгор жисмоний шахс, юридик шахс раҳбари, коллегиал бошқарув органи раҳбари ёки аъзоси, бош бухгалтери ва асосий бенефициари муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167, 183, 211-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун судланмаган ёки танлов кунига қадар 2 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этмаган бўлиши лозимлиги тўғрисида норма киритиш таклиф этилади.
Ғарбий Европа, АҚШ ва бошқа ривожланган хорижий давлатларда капитал-қурилиш соҳасининг асосий иштирокчилари нодавлат сектор вакиллари ҳисобланади. Шу боис, коррупцияга қарши курашиш бўйича хорижий экспертларнинг таклиф ва тавсиялари ҳам асосан хусусий сектордаги коррупцияни олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олади. Шунга қарамасдан, капитал-қурилиш соҳасида давлат харидларини амалга оширишда коррупцияни олдини олишга қаратилган бир қатор хорижий давлатлар ҳамда халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг тажриба ва тавсияларини кўриб ўтишимиз мумкин.
Капитал-қурилиш соҳасида коррупциянинг олдини олиш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилиш юзасидан муайян бир расмий халқаро ҳужжат мавжуд эмас. Шунга қарамасдан, БМТ, Жаҳон банки, “Transparency international” ва бир қатор бошқа халқаро нотижорат ташкилотлари томонидан соҳада коррупцияни камайтиришга қаратилган таҳлилий ҳужжатлар тузиб чиқилган.
Жумладан, БМТнинг 2030 йилга қадар барқарор ривожлантириш дастури (UNDP) ўзи ичига 17 та мақсадни киритган бўлиб, улардан 16-мақсад тинч, адолатли ва таъминланган жамият қуришни ўз ичига олади. Бунда 2030 йилга қадар барқарор ривожлантириш дастурини рўёбга чиқариш учун бугунги кунда ҳар йили бир неча триллион долларлаб маблағларни “ўғирлаётган” жаҳон капитал-қурилиш тизимидаги коррупция, бартараф этилиши лозим бўлган энг муҳим муаммолар сирасига киритилган.
Жаҳон банки эса капитал-қурилиш соҳасининг энг биринчи босқичи ҳисобланган ер ажратиш ва ер майдонларидан фойдаланиш юзасидан тўғри давлат бошқарувини баҳолаш тизимини ишлаб чиққан.
2013 йилдан буён иш олиб бораётган мазкур платформа доирасида давлатларнинг ер ажратиш, ерга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштириш, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва аҳоли пунктлари ерларидан унумли фойдаланиш тизимини 9 та йўналишда баҳолайди. Бугунги кунга қадар ушбу дастур доирасида жаҳоннинг 40 дан ортиқ мамлакатларида ер ажратиш тизимининг ҳуқуқий ва институционал асослари, ер ажратишда режалаштириш, бошқарув ва солиқ тизими, давлат эгалигидаги ерлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда ерга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштиришга доир фаолият баҳоланган.
Соҳада коррупцияни бартараф этиш ҳамда шаффофликни тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни муваффақиятли олиб бораётган халқаро ташкилотлардан бири сифатида “CoST” халқаро шаффоф қурилиш дастурини олишимиз мумкин. Мазкур дастур 2012 йилдан бери фаолият олиб бораётган бўлиб, бугунги кунда 15 та мамлакат билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиб келмоқда. Тадбирлар давомида қуйидагилар соҳада коррупцияни бартараф этиш учун тавсия қилинган.
– буюртмачи томонидан давлат харидларини амалга ошириш юзасидан олиб борилган барча маълумотларни ошкор қилиш;
– ҳар бир объект учун бўлиб ўтган тендер (танлов) жараёнида давлат органи мутасадди ходимлари, хусусий сектор ва жамоатчилик вакиллари қатнашишлари ҳамда тендер (танлов) жараёни ва натижалари барча учун очиқ бўлиши;
– жамоатчилик мониторинг гуруҳларини ташкил этиш орқали жамоатчиликнинг ижтимоий фаоллигини ошириш.
Мазкур ташкилот томонидан унга аъзо бўлмаган давлатлардаги фуқаролар учун қурилиш тизимида коррупцияни олдини олишга қаратилган алоҳида қўлланмалар ишлаб чиқилган. Ташкилотга аъзо давлатларга эса, ташкилот доим йирик қурилиш объектларида ўзининг қўшимча анти-коррупцион экспертизасини таклиф қилади. Бундай амалий тадбирлар айрим давлатлар учун бюджет маблағларини сақлаб қолишга сабаб бўлган.
Соҳада шаффофликни тарғиб қилувчи халқаро дастурлардан яна бири сифатида 2012 йилда Жаҳон банкидан алоҳида дастур сифатида ажралиб чиққан “Open contracting partnership” дастурини олиш мумкин. Мазкур ташкилот давлат органлари, ташкилот, идора ва муассасалар ҳамда давлат эгалигидаги корхоналар томонидан ўтказилган ҳар қандай давлат харидларини интернет тармоғига очиқ равишда эълон қилиб боришни тарғиб қилади. Бугунги кунга қадар, ушбу ташкилот дастурини 30 дан ортиқ давлатлар имплементация қилган бўлиб, мазкур давлатлар томонидан ушбу ташаббус юқори даражада баҳоланган.
Хорижий экспертлар томонидан соҳада коррупциянинг олдини олиш юзасидан берилган тавсияларда одоб-ахлоқ қоидаларига тааллуқли тавсияларни кўп учратамиз.
Юқоридагилардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, рақамли шаффоф технологиялар ҳамда жамоатчилик назорати ниститутлари воситасида капитал-қурилиш тизимида учраётган коррупциявий хавф-хатарларни камайтиришимиз мумкин бўлади. Бу борада юртимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги “Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ишга туширилди.
Миршод ХЎЖАЕВ,
Бош прокуратура Академияси мустақил изланувчиси.