Қурилиш сифати доимий эътиборда
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Фарғона вилоятида ҳам қурилиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, бу жараёнда унинг сифати доимий давлат назоратида.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари Сирожиддин Эшқувватов соҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ва уларни таҳлилий ўрганиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлди.

Инспекция раҳбари дастлаб Фарғона вилояти ҳудудий инспекцияси янги биноси билан танишди. Энг илғор ва замонавий стандартлар асосида қуриб битказилган ва жиҳозланган мазкур бинода инспекция ходимлари учун барча шароитлар яратилган. Вилоятда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, масъулларга вилоятдаги бу йилги кўрсаткичларни янада яхшилаш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, соҳада рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш юзасидан ўз тавсияларини билдирди.

Сўнг ҳудудий назорат қилиш инспекциясида ташкил этилган операторлар штаби ҳам кўздан кечирилди. Мазкур штаб инспекторлар фаолиятини доимий кузатиш ҳамда қурилиш объектида олиб борилаётган ишларни масофадан онлайн кузатиш имконини беради, хусусан, қурилишда шаффофликни ва сифат назоратини таъминлашга хизмат қилади.

Инспекция раҳбари вилоят масъуллари билан бирга ўрганиш ишларини олиб борди. Хусусан, Фарғона шаҳридаги реконструкция қилинаётган 6-мактаб биноси ҳамда Экошаҳар ҳудудида буюртмачи "Eko House" масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилаётган 12 қаватли турар жой объектини кўздан кечирди. Ўрганиш давомида мутасаддиларга қурилишга масъулият билан ёндашиш, уни белгиланган муддатда ниҳоясига етказиш, инфратузилма тармоқлари, сантехника ва коммунал хизмат линияларини сифатли битказиш каби масалалар бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, қурилиш материаллари сифати, ишчилар хавфсизлиги, қурилиш ишларининг лойиҳа талабларига мослиги бўйича ўз тавсия ва фикрларини билдирди.

– Бугун қурилаётган ёки фойдаланишга топширилаётган ҳар бир бино-иншоот ортида заҳматли меҳнат билан бирга, соҳага алоқадор барча тизим ходимларига халқимизнинг баҳоси ҳам ётади. Шунинг учун ҳам ҳар бир материал, ҳар бир майда деталларгача синчковлик, холислик билан ёндашиш талаб этилади, – деди С.Эшқувватов. – Фарғонада қурилиш кўлами кун сайин кенгайиб бормоқда. Уларнинг сифати, мустаҳкамлиги, узоқ йиллар хизмат қилишга алоҳида эътибор қаратилиши, бунда асло сусткашликка йўл қўймаслик зарур.

Фарғона шаҳри Илғор маҳалласидаги “Еko Sity” бошқарув сервис компанияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Бугунги кунда мазкур бошқарув сервис компанияси 75 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатиб келмоқда. Сирожиддин Эшқувватов ушбу компаниянинг масъул ходимлари билан суҳбатлашиб, улар дуч келаётган муаммолар ечими бўйича кўрсатмалар берди.


Инспекция раҳбари томонидан Фарғона вилоятида соҳада олиб борилаётган ишлар эътироф этилди. Тизим ходимлари учун яратилаётган қулай шарт-шароит, замонавий технологияларнинг татбиқ этилиши яхши йўлга қўйилаётгани юзасидан раҳбарлар ва масъулларга миннатдорчилик билдирди.
М.Сулаймонов, ЎзА