Қурилиш объектлари прокуратура назоратида
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ҳамда аҳоли турар жойларида Президентимизнинг жорий йил 29 апрелдаги “Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан семинар бўлиб ўтди.
Вилоят прокуратураси ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда соҳанинг қурилиш бўйича масъул бўлган барча шаҳар ва туманлар прокурор ёрдамчилари, тумандаги “маҳалла еттилиги” ва штаб аъзолари ZOOM платформаси орқали Зарбдор туманида давлат дастурларидаги қурилишида прокурор назоратининг ҳолати ўрганилди.

Семинарда, Зарбдор туманидаги мамлакатимиз Мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши лозим бўлган мактабгача ва мактаб таълими муассасаларининг қурилишида амалга оширилган ишлар ҳолати кўздан кечирилди.

Шунингдек, кўп қаватли уйлар қурилишида назорат механизмини тўлиқ ишлатилишини таъминлаш учун қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекция ходимлари томонидан маҳсулотлар ва бажарилган ишларнинг сифатини текшириш жараёнлари кўрсатилиб, аниқланган ҳолатлар бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар, юзага келган муаммоларни бартараф этиш чоралари бўйича тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, тадбир давомида ҳудудлардаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларидаги қурилиш ишларининг бориши юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди.
А.Қаюмов, ЎзА.